1975 йилда туғилган. Филология фанлари номзоди. Бухоро Давлат университети ўзбек филологияси факультетини тугатган. “Хосиятли кун”, “Куз хаёли”, “Туғилган кун” каби шеърий ва насрий тўпламлари; “Қайноқ қум кенгликларида”, “Шеърий санъатлар сеҳри”, “Адабиёт назариясига оид тушунчалар”, “Адабиётшунослик атамаларининг қисқача изоҳли луғати”, “Мутолаа шукуҳи” сингари илмий рисолалари нашр этилган.
Чин сўз
Замин сирларидан очар экан сўз,
Ҳақни англаб етди Беруний бобом.
Улкан харитага ташлар экан кўз:
“Ер айланар, – деди, – мангу, бардавом”.
Сўнгра, бирлаштирди харита четин,
Бир-бирига улаб уммон, кўлларни.
Икки ёққа кетган, аслида, яқин,
Гўё бир-биридан олис йўлларни.
“Қутб – икки томон, иккита қирғоқ,
Бири ёруғ, – деди, – бирида зулмат.
Бирида зимистон нафаси уйғоқ,
Бири ёруғ нурга тўяр беминнат.
Кун, тун алмашинар, фасллар – меҳмон,
Шу боис, ранго-ранг заминнинг куйи.
Ким қуёшга яқин – тўкин, фаровон,
Ким қуёшдан узоқ – мудрар йил бўйи…”
Шу тахлит яралди мўъжиза – копток,
Мағриб шовқин солди: “Топдим! Глобус!”
Начора, туркий эл ёққанда чироқ,
Ўшал олис юртда йўқ эди фонус.
Ҳақ – ғолиб, мойилми ёки йўқ таъби,
Ҳарчанд уринмасин ёпмоққа изин.
Экватор чизиғи айланган каби
Тағин Берунийга улагай сўзин.
Хуллас, олисдами, яқинми йўлинг,
Умр боғин айлай десанг чароғон.
Ҳар томон чалкашмай хаёлинг, ўйинг,
Бобонг “коптоги”га назар сол шу он.
Ялтироқ тошга ўч кимсадек бўлмай,
Кўксингдан қидиргин доим Ватанни.
Сахий қуёш кулган, мунаввар эл бу,
Қуёшдек бағрингга бос бу чаманни.
Изҳор
Жоним, дардларимни тошларга ёрдим,
Жоним, туйғуларим қилмади шафқат.
Кўксимга урилди айрилиқ гарди,
Жоним, кўзларимни чўқиди фурсат.
Жоним, шикоятлар қилмайман энди,
Жоним, балки, жоним титраётгандир.
Хазонрез боғимга шабнамлар инди,
Жоним, айтдинг: “Булар шунчаки ёмғир”.
Жоним, ишқ ҳақдаги эртакка ишон,
Жоним, қалбим аро, жоним аросан.
Биз битта пайконмиз, пайваста нишон,
Мен ёлғиз бораман, сен ёлғиз юрасан.
Жоним, чиқиб келдим талотўплардан,
Жоним, кўҳна дунё бунчалар қайсар.
Кузги япроқ мисол титраб турибман,
Жоним, ўзинг мени ҳаётга қайтар.
Катта танаффус
Аудитория. Йигирма уч қиз –
Йигирма уч кўзлари мунчоқ.
Шеърнинг ўтлиғ тўфонларига
Ҳайрат ила очади қучоқ.
Аудитория. Йигирма уч қиз –
Ён-атрофга боқади сергак.
Далли шоир муаллим дарси
Туюлади мисоли эртак.
Аудитория. Йигирма уч қиз –
Табиатнинг асира насли.
Юрагига нақшлаб қўймиш
Йигирма уч ботирнинг расмин.
Аудитория. Йигирма уч қиз –
Шеър тинглайди хаёлга толиб.
Ўтиб кетар катта танаффус –
Шеър ҳар қандай ҳавасдан ғолиб.
Аудитория. Йигирма уч қиз –
Кўклам бўлиб унган тонгларим.
Ғазаб, нафрат, ишқни ўргатдим,
Рози бўлинг, сингилжонларим.
Аудитория. Йигирма уч қиз –
Йигирма уч қисмат домида.
Ашъор сўраб йўқлармикинсиз
Мангу танаффуслар шомида?!.
Мувашшаҳ
Кўзда ёш уйғондим ҳар наҳор,
Кўксимда музлаган япроқлар.
Қайларда юрибсан, гулбаҳор,
Олисми сен кетган қирғоқлар?
Қай кунда келганман тентираб,
Кўксимга сиғмади бу олам.
Кимсасиз уммонда адашдим,
Кўнглингдан жой бергил, муҳаррам!
Ғудрандим, тилимда кишанлар,
Тўзонлар еб кетди сасимни.
Кўксимни иситгил, мунаввар,
Шивирла қадрдон исмингни!
Сўзларинг бунчалар ёқимли,
Нигоҳинг бунчалар мулойим?
Бўронлар музлатган ёдимни:
Уйғотгил, уйғотгил, гулойим!
Ниҳоят, очибди гул чирой,
Келдингми бешафқат йил оша?
Мен сени севаман, ҳойнаҳой,
Йиғлагим келяпти, бинафша!
Кўзларинг чақнади сасимдан,
Ҳорибсан, толиқдим ўзим ҳам.
Изн бер, зимистон мавсумда
Қалбингда жон сақлай, азизам!..