Шавкат Раҳмон 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1996). Москвадаги Адабиёт институтини тугатган (1975). Дастлабки шеърий тўплами — «Рангин лаҳзалар» (1977). «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988), «Сайланма» (1997) сингари шеърий китоблари эълон қилинган. Ф. Г. Лорка («Сайланма», 1979), X. Р. Хименас, А. Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 1996 йил 2 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
ҚАСАМ
Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар –
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
Ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.
Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни
қолдириб кетаман энди барчага.
Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.
Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман, энди ҳар нарса –
эгилган нарсалар тегар ғашимга.
Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни қиличлар кессин.
ҚИЗИЛ ОЛМАГА ҚАСИДА
Йиқилдим кузакнинг қоралиғида,
Тун-да бир чайқалди,
аста тинчланди.
Борлиғу йўқликнинг оралиғида
кўзимга кўринди олам синчлари.
Ётардим тошдайин жимлик тубинда,
хаёлим – бемаҳал сўлган ғунчадир.
Вой, кўнглим, десамми
жимлик сувинда,
айт, кўнглим,
кимларга куйдинг бунчалик?
Вақт ҳам тун бўйи юлдуз қони-ла
уларкан кўнглимнинг синиқларини,
тирилди бир дилбар сабоҳ ёнида
толғин қуш галаси –
хўрсиниқларим.
Шунда димоғимга бўйинг урилди,
тағин юрилмаган йўл бўлди олам –
улкан бир сайёра каби кўриндинг,
мендай бир фақирга, олмажон, олма!
Маним кичик кўнглим,
Ай, шоир кўнглим,
нокаслар раъйига тушмаган кўнглим,
дунёнинг миллион хил ноз сувратидан
бир қизил олмани хушлаган кўнглим!
Олмажон,
Тушдингми осмон богидан,
Қайси бир дунёдан элчи бўп келдинг.
Кўнглим сўлар чоги тун қийноғидан,
наҳотки, фазода оловдай елдинг.
Маним кичик кўнглим,
ай, шоир кўнглим,
таган кундузларнинг ишқида бедор.
Олмани оламга отаман тўлиб,
бормисан,
бормисан бу дунёда, ёр…
УЧАЁТГАН ОДАМ
Тобора тушларим қизиқ тус олар,
тобора қисқарар қуш тушларидай.
Кўпинча учаман,
узоқ учаман
шундоқ теракларнинг уч-учларида.
Сезаман,
тигдайин шохлар жисмимни
ўзимнинг қонимга бўяр, алҳазар.
Юрагим қамалган қушдай потирлар,
Қувар қон ҳидини олган калхатлар.
Шундоқ бир шум ҳолат исканжасида
ернинг тортиш кучин енгмоқчи бўлиб,
силкийман қонталаш қанотларимни,
минг бор тириламан,
минг бора ўлиб.
Юксакда бир олам – мовий рангларда,
озод руҳлар учун бошпана берган.
Учиб кетолмасдим,
гўё жисмимни
кўринмас ришталар боглаган ерга.
Шундоқ бир шум ҳолат исканжасида
юрак ўйногадан совуқ тер босиб,
уйгонар эканман,
ойлаб ўйлайман
Ғаройиб тушларнинг таъбир, маъносин.
Нега мен учаман,
Қайга учаман,
нега такрорланар ғаройиб тушлар?
Демак, қачонлардир қанотим бўлган,
демак, аждодларим тўралган қушдан.
Ҳафталаб ўйлайман,
ойлаб ўйлайман,
не учун қушларга тортар қонларим?
Қачондир баҳайбат қуш эдим, десам,
нега сиз куласиз, оғажонларим!
Қуш эдим,
ўт билан ўйнашган бир қуш,
балки ўт куйдирган қанотларимни.
Шу холос, йилларча уриндим бекор
ўқийман деб, куйган ёдим хатини.
Мен қушман,
қачондир ерга қулаган,
кейинча заминга мослашган жисмим.
Ғаройиб тушларим эса, шубҳасиз,
ёдимнинг куймасдан қолган бир қисми…
Гоҳ эса ўнгимда
куймасдан қолган
хотирам парчаси сабаб бўларми,
гавжум шаҳарларнинг кўчаларида
қанотдай ёзилиб кетар қўлларим.
Қайга учиш керак,
билмайман, аммо
биларсиз бемалол ухлаётганлар –
қушдан тўралгансиз десам, устимдан
силкиниб-силкиниб кулаётганлар?!
Билсангиз,
шу тобда жисму жонимни
заҳарга айланиб, ёгар қонларим.
Қушдай бўзлаб учдим бошларингизда,
Қушлигин унутган, огажонларим!
Зора эслагансиз,
зора тилагим,
балки насиб бўлар сизлар-ла учмак.
Ҳозирча кечирдим, сақламадим кек,
чунки мен одаммас,
чунки мен қушман.
* * *
Титроқ сездингми ҳеч
бир шум лаҳзада –
хатар-ла юзма-юз турган чогингда.
Тубсиз жар лабида оний ларзадан
титраб келганмиди жонинг огзингга.
Нопоклар покларга қилганда туҳмат,
титрамай айтдингаи кескир сўзингаи.
Болангнинг ёдига не қилдинг туҳфа,
асраб қололдингми ўзинг ўзингни?!
Қалтис лаҳзалар бор –
дош бермак мушкул,
бироқ чидаганлар тирик хотирда,
гоҳо элитарлар – нафаси мушкин,
гоҳо кўринарлар кўзингга тиғдай.
Осмондан келганда тубан одамлар –
бири чиноркесар,
бири кесар тил.
Бутун қилмишларин қарасанг жамлаб,
намоён бўлади суврати қотил.
Қалтис лаҳзалар йўқ,
Қалтис умр бор,
мўр-малах ном аро ёлғиз номинг бор.
Лаҳзада титроққа айланиб турсанг,
демакки, ичингда битта хоин бор.
Ўлдир,
ичингдаги хоинни ўлдир,
волида кўзига боқишдан аввал,
маъшуқа қўйнида ётишдан аввал,
зулмат уммонига ботишдан аввал.
Йўлдир бу,
нафснинг ботқоғи эмас,
қиличнинг дамидай чақнаган йўлдир.
Бу йўлга юзингни буришдан аввал,
ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.
* * *
Чақин бўлма, бўлма гулдирак,
ердан кўпам узоқлаб кетма.
Овозингни йиртмагин бекор,
Ерни қучма – қулочинг етмас.
Ундан кўра бирор одамнинг
Макони бўл – ирмокли, сойли.
Шамолларни тўсган тоғи бўл,
Осмони бўл – юлдузли, ойли.
ХЎРСИНИҚ
Тоғ хўрсиниб юборди оғир –
Водийларга югурди шамол,
Юзларини яширди ҳилол.
Тоғ хўрсиниб юборди оғир,
Теран хобдан уйғонди юрак,
Тоғлар каби хўрсинмоқ керак.