Шамсиддин Садоий (1958)

Шамсиддин Садоий 1958 йилда Бухоро вилоятида туғилган. “Мени кутган эдингиз”, “Давлатинг борида”, “Дунёни муҳаббат олади”, “Сени менга яратган” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган.

БАҒИШЛОВ

Отам кўкрак кериб ўтган тоғу тошим,
Онам райҳон эккан далам, қароқошим.
Тўқсон икки уруғ, жоним қариндошим,
Айвонлари офтоб Ватан, жонга жоним.
Авлодлари озод Ватан, онажоним!

Адашмасдан келавергин, шунда беҳишт,
Садо берар ҳар регистон, ҳар девор-ғишт.
Минорларинг соясида қолар Париж,
Айвонлари офтоб Ватан, жонга жоним.
Авлодлари озод Ватан, онажоним!

Боболарим изин ҳеч ким боса олмас,
Улуғбеклар ё Синолар бўла олмас,
Темурдайин етмиш давлат туза олмас,
Айвонлари офтоб Ватан, жонга жоним.
Авлодлари озод Ватан, онажоним!

Бир карвонинг йўлга чиқса, бири қайтар,
Чўлларингда ҳатто янтоқ сано айтар.
Бешигингда Алпомишлар, беклар ётар,
Айвонлари офтоб Ватан, жонга жоним.
Авлодлари озод Ватан, онажоним!

Бахтни қучиб аллалаган суюгимсан,
Жондан азиз, келажаги буюгимсан.
Шош, Самарқанд, Бухородай улуғимсан,
Садоийга офтоб Ватан, жонга жоним.
Авлодлари озод Ватан, онажоним!

ЗИЁРАТ

Бухорои Шариф тожим, гавҳарим,
Балогардон айвонларинг бор бунда.
Етти пирлар салтанати, шуъласи —
Етти юлдуз достонларинг бор бунда.

Иста Мағриб, иста Машриқ, Чин-мочин,
Еру кўкдан меҳмонларинг бор бунда.
Лабиҳовуз, чинорларинг мозийдан,
Тилсиз, тирик забонларинг бор бунда.

Халқинг жондай, истарали, олтин халқ,
Ал-Бухорий осмонларинг бор бунда.
Садоийга покиза бир шеър берган,
Ул Хўжаи жаҳонларинг бор бунда!

МУҲАББАТ

Дунё сеникидир, сенга бағишладим,
Бахт, омад сенгадир, сенга тоабад.
Мен гоҳо куйласам ишқни куйладим,
Куйсам, аро йўлда куйдим, муҳаббат.

Даврон сеникидир, сенга бағишладим,
Тоълеинг кулгани рост бўлсин фақат.
Қирқ йил тақдир билан бир кулишмадим,
Ёнсам, оловингда ёндим, муҳаббат.

Осмон сеникидир, сенга бағишладим,
Юлдузлар бағримга қурса ҳам пойтахт.
Кўз ёшимдай бир-бир ювиб ташладим,
Тўйсам, бевафодан тўйдим, муҳаббат.

Ҳижрон сеникидир, сенга бағишладим,
Висолинг шарпасин пойладим не вақт.
Фақат, бир сирингни еча билмадим,
Кўнгил узолмадим сендан, муҳаббат!..

ЗУЛФИЗАР

Юзта сулув бир ён, бу қиз бир ёна,
Ўзи кийик, ўзи оҳу жайрона.
Зулфи зари товланади маржона,
Зулфизаржон, девонаман, Зулфизар.

Шамол бўлиб сочидан бир тутмадим,
Ўртамизда бир дарё бор, ўтмадим.
Шу қизни деб Бухородан кетмадим,
Зулфизаржон, мастонаман, Зулфизар.

Кокилингни кел бўйнимга айла дор,
Бу дунёда иккимиз бор, фақат ёр.
Сен бўлмасанг бу тириклик менга ор,
Зулфизаржон, ҳайронаман, Зулфизар.

Ошиқманам, ошиққа йўл керакдир,
Жонга-жонон, дилимга дил керакдир.
Садоийга сендай бир гул керакдир,
Зулфизаржон, девонаман, Зулфизар.

МИНОРАИ КАЛОН

Бошингда самои азим ярашгай,
Пойингда минг бора таъзим ярашгай.
Мағрур оқ лайлаклар ярашгай сенга,
Боболар битган байт — назм ярашгай.

Сенга минг бир кеча эртаги эмас,
Сенга минг асрлик тарих ярашгай.
Сенга Қоҳира ё Париж ярашмас,
Сенга Бухорои Шариф ярашгай!..