Салим Ашур 1964 йил, 16 декабрда Тожикистон Республикасининг Кўрғонтепа вилояти, Қўрғонтепа туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1989). Дастлабки шеърлар тўплами — «Яшил гиёҳ» (1994). Шундан сўнг шоирнинг «Атиргул» (1994), «Сиз эртага келасиз» (1999), «Кечиккан тонг» (2002), «Аталган кунлар» (2004), «Дарз» (2006) каби шеърий китоблари нашр этилган. А. Блок, И. Бунин, А. Фет шеърларидан намуналар ҳамда Ж. П. Сартр, К. Паустовскийнинг қисса ва баъзи ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.
* * *
Қўзиларим ирғишлаган сайҳонлар,
Юраккача ифор сочган райҳонлар,
Манглайига қуёш қўнган айвонлар,
Уфқлардан зарлар терган йўлларим,
Сизга соғинч деган мактуб йўлладим.
Қишлоқ чети, сопол синган тепалик,
Саҳарларда шудринг инган тепалик,
Болалигим эшак минган тепалик,
Бойчечакка нурлар тутган қўлларим,
Тепаликлар отам каби қўллади.
Гулларида гулхан тутган янтоқлар,
Чўл қушига соя солган шувоқлар,
Кафтларимда қаваргансиз, ўроқлар,
Юрагимга олов берган чўлларим,
Болаликда қўй боққандек чўлладим.
Таърифласам эриб кетар қаламлар:
Манглайи кенг, кўзи қадоқ одамлар,
Сочи қора, юраги оқ одамлар,
Томингизга етармикан бўйларим,
Дардингизга дардларимни бўйладим.
Қамишлари шамоллардек шовуллар,
Шамоллари оловлардек ловуллар,
Саксовуллар кириб келган овуллар,
Юлғунлардек би-ир гуллаган ўйларим,
Ортга боқиб шул ерларни ўйладим.
Сувга иссиқ нон ботириб еганмиз,
Она, сизни мен боқаман, деганмиз,
Ўшанда биз чин бахтиёр эканмиз,
Тўрғайларга кулги бўлди куйларим,
Кўрганимча, билганимча куйладим…
* * *
Бу ерлар юрагим мулкидир,
Кўзларим мулкидир дала, қир.
Бу ерлар жаннатдан улгидир,
Ҳар тошда ўтирар битта пир.
Бу ерлар ёпинган кўрпамдир,
Думалаб-думалаб ўсганман.
Бу ерлар жигарим, ўпкамдир,
Совуқдан, иссиқдан тўсганман.
Иссиғи… ай, уни айтмайман,
Биласиз, қайнайди қумда чой.
Борсам-чи, куймасам қайтмайман,
Қалбимдан кетмайди оппоқ ой.
Ай… азиз офтобда килкиллаб,
Денгиздек тўшалган қумим шу.
Бошимни ҳар қадоқ кафт силаб,
Меҳнатсиз ўтмаган куним шу.
Йўлимга кўз тиккан онамдек,
Эшикка суянган йўлларим.
Ўзини таниган боламдек,
Илк бора титради қўлларим.
Кетаман, ортимдан эмаклаб,
Онамдек эргашган шамоллар.
Рўмоли четини тишлаган
Опам, холам, аммам… Аёллар…
Кўзлари оғрийди куракда,
Ухласам юракка ботади.
Кўз очсам туғилган тўшакда,
Умримда мовий тонг отади.
* * *
Оқ кунлар имиллаб чўзилар,
Капалак соясин қувади.
Далада туғилган қўзилар
Ҳидини ёмғирлар ювади.
Шалоббо бўлади уст-бошим,
Атирдан гуркирар ҳамма жой.
Мен билан тортишиб, талашиб,
Уйгача киради сақич лой.
Бу ёмғир, бу лойлар меники,
Меники атирли қиёқлар.
Ястанган бу жойлар меники,
Меники кўкарган байроқлар!..
* * *
Қалбимга ҳаволар киради,
Кўзимда порлайди наволар.
Кўксимда одимлар юради,
Изимга эргашар маъволар.
Мен кимман, не учун бу тупроқ,
Бу осмон бунчалар суюмли,
Бу қозон бунчалар ярқироқ,
Бу косов бунчалар кўримли.
Юлдуздек терилган гилослар.
Дилимни қитиқлар шафтоли.
Гулларда атласдай либослар.
Қизларнинг чиройли саволи…
Боболар чой ҳўплаб мудрайди,
Момолар қўлида урчуғи.
Набира тераклар титрайди,
Сандалда қишларнинг қўр – чўғи.
Чанқовуз дилимдек дириллар,
Кашталар ҳаётга чирмашган.
Қалдирғоч қабоқда пириллар,
Игналар ип билан сирлашган…
Хас-хашак, ҳар кесак, ҳар тошни
Танийман, улар ҳам танийди.
Юзимга ранг берган қуёшни,
Кўксимдан қўймасам қанийди.
Ана, кўр, зовурнинг бўйида
Бир сигир судрайди арқонни.
Болакай сўзларнинг кўйида,
Илк бора танийди армонни.
Эй, сен-эй, тилимга безавол,
Томчилар томизган шаршара.
Атрофда қанчалар кўрк, жамол,
Ҳаёт деб аталган манзара.
Мен нега бунчалар боғландим,
Тўхтамас кўзимда севгилар.
Қаёққа, қаёққа чоғландим,
Воҳ, бошим шу шўрга эгилар.
Отамни шу ердан топаман,
Онамни топаман шу ердан.
Шу ердан уйимга чопаман…
Шу ердан, шу ердан, шу ердан.
Шу ердан!..
* * *
Етишмайди баъзан олов,
Баъзан гугурт, баъзан ўтин.
Сув излайди баъзан биров,
Улов излар кимдир, лекин…
Баъзан йўллар ўйдим-чуқур,
Ўзгаради турмуш секин.
Ҳали кимдир қилмас ҳузур,
Кимдир камроқ кулар, лекин…
Тушунмайди баъзан ҳаво,
Баъзан тушунмайди экин.
Баъзан сувга оқар даво,
Кечикади дармон, лекин…
Лекин ҳали уфқларда
Жаннат каби кунлар кутар.
Гуллар кулар совуқларда,
Қушлар ҳали тилла ютар.
Фарзандларим бол ейдилар,
Гулда сузар қора ерлар.
Буни азиз юрт дейдилар,
Буни азиз Ватан дерлар.
ВАТАН
Онам каби суйкалсам сизга,
Ўғлим каби эркаласайдим.
Қизим каби суйсайдим сизни,
Отам каби суянсам сизга.
Жимжилоғим ёки қулоғим,
Гоҳ сирдошим, гоҳо ўртоғим.
Гулдан япроқ тўкилар, сиздан
Тўкилади хушбўй-хушбўй гул.
Жамолини битта кўрай деб
Юрагимни тешади булбул.
СИЗ ЭРТАГА КЕЛАСИЗ
Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Хабарини етказди симлар.
Бу хатарнок йўлда карвонни
ютган вабо –
оҳангдор қумлар. Сиз эртага келасиз –
Салимга ҳам гулоблар қуйди.
Кўзингиздан ўпдим.
Лабларим
Юлдузларга теккандай куйди.
Лабингизда – бешикда жаҳон,
Жаҳонларни суйдим мастона.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Янги ранглар кияр остона.
Сиз эртага келасиз
«1»дай, Одамларга номаълум сирдай.
Кўрасиз –
Севгимни илиб қўйибман –
Якшанбада ювиб
ёйилган кирдай.
Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Юрагимни қўйдим ўртага.
Агар тузлар ютиб олсалар,
Тополмайсиз мени эртага.
Сиз эртага келасиз, қочиб
Таъқиб этган фаранги куйдан.
Сиз келасиз шошиб, аммо мен
Чиқиб кетган бўламан уйдан.
Сиз эртага келасиз…
Боққа
Либосларни хазондай ташлаб.
Бугун менинг чўллик қишлоққа
Кетгам келар
кўзимни ёшлаб.
Сиз эртага келасиз,
Бироқ
Бугун тушуб қолдим мен асир.
Бу дунёда нима бўлсаям,
Менга ҳозир керакдир,
ҳозир.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Ой нурига лим-лим тўламан.
Сиз эртага келасиз,
Аммо
Эртага мен ўлган бўламан…
* * *
Ишонинг, бир умр содиқ қоламан,
Сизни авайлайман мен чўкаётиб.
Мен сиздан оғушлар сотиб оламан,
Сизни қутқараман ўзимни отиб, –
Мен сизга бир умр содиқ қоламан.
Турсангаз – мен сизга паноҳ бўлгумдир.
Юрсангаз – мен сизга бўлгум посбон.
Сизни севиб ўлмоқ – гўзал удумдир,
Сизни севмай яшаш – ўлим бегумон, –
Мен сизга бир умр содиқ қоламан.
Аскарнинг дарғага садоқатидек,
Сиддиқлиги каби томчининг тошга,
Офтобнинг ҳар кунги саёҳатидек,
Тайёрлига каби кўзимни ёшга,
Нега бундоқ, нима, нечун демасдан,
Боғлиқлиги каби кийикнинг тоққа,
Мен сизни ҳар куни ёниб севаман,
Мен сизни ҳар куни севаман бошқа.
Фалак эгалари қилмасдан амр,
Фармонлар чиқармай ҳали подшоҳ,
Қалбим синиқларин этмасдан таъмир,
Ҳали тузалмасдан бузилган дунё,
Тўғри йўлга кирмай токи одамзот,
Токи тарқагунча ҳаётдан туман…
Бир умр, бир умр итингаз каби
Сизга хизмат қилай садоқат билан.
* * *
Ёдга солди ўпичларингиз
Сиздан олдин ўпган аёлни.
У ҳам сизга ўхшаб берарди
«Севасизми?» деган саволни.
Кеча уни севганлигим рост,
Бугун сизни севганим ҳам чин.
Унутаман сизни эртага,
Ўзга учун эртага севгим.
Сиз-да худди шундоқсиз,
бироқ Ўзгаларни эслайсиз.
Шундан Жонингизга киради титроқ.
Титроқ эмас, алдоқ бу, жоним,
Мен сиздан ишқ қилмайман талаб.
Кўпдан буён унутди меҳр –
Муҳаббатни мендаги бу қалб.
Бизни нима боғлайди, билмам,
Эҳтимолки, сиз-да билмайсиз.
Сизга фидо бўлолмам, сиз ҳам
Менга жонни фидо қилмайсиз.
Тунда икки ёкдан келдик ва
Қуйилдик бир олов уммонга.
Тонгда хайр деймиз шивирлаб
Ва кетамиз икки томонга.
Ёдга солди ўпичларингиз
Сиздан олдин ўпган аёлни.
У ҳам сизга ўхшаб берарди
«Севасизми?» деган саволни.
* * *
Мана гугурт, мана тош, мана
Битта зарб. Ва тугайди умр.
Фақат чақмоқ – чўғ ошиқона –
Фақат чақмоқ оловни эмар.
Фақат чақмоқ гапиради рост,
Фақат чақмоқ кесади тўгри.
Дил, ўзингни ўз дорингга ос,
Дил, хайр де тўлғониб, оғриб.
Дил, ўприлган қирғоқларингга
Изларини отди нилуфар.
Дил, чайқалган чарчоқларингдан
Бахтсизликнинг иси уфурар.
Дилдарахтнинг шохларидан
Бош кўтарар ҳуркович фироқ.
Дилни чақмоқ ёқаларида
Чақмоқ, чақмоқ ва яна чақмоқ.
Дил, нилуфар кафтлари бўйлаб
Анор каби тилгил, ситилгил.
Сочларининг ҳар торин куйлаб,
Қаро, қаро тўкилгил, эй дил.
Қоши – осмон. Осмон остида
Бир жуфт қарға. Қоп-қора, чақноқ.
Қарға қарғар. Қарғиш дастидан
Кипригида тирилар титроқ.
Мен ҳам қадим осмон тагида
Минг бир тошга уриб тўзимни,
Хайр деган қир этагида
Чинор янглиғ ёқдим ўзимни.
Бу дунёга бўлолмадим эн,
Дарё каби қуриди дийдам.
Сенга бўй ҳам бўлолмадим мен,
Ўқлар тегиб йиқилдим мен ҳам.
Мен ҳам кириб чикдим оламнинг
Бор кўчаси, хилватларига.
Юрагимни кесиб бердим мен
Юрагимнинг улфатларига.
Чақмоқ фақат гапиради рост,
Дил, данакдай чақилгил, чақна.
Дил, ўзингни ўз дорингга ос,
Мана гугурт, мана тош, мана…