Cаъдулла Ҳаким 1951 йил 25 мартда Жиззах вилояти, Фориш туманидаги Гараша қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2002). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1977). «Ҳамал тонглари» (1981), «Сен кутган баҳор» (1986), «Ёз оқшоми» (1996), «Она сўз» (2000), «Сайланма» (2001), «Кўнгил юзи» (2006) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Публицистик асарлари ҳам бор («Эсимда қолган кунлар», «Атом қаърига саёҳат»). А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, С. Есенин, Гёте каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2020 йил 11 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
ВАТАНГА МАНСУБЛИК
Баногоҳ чўққидан қуласа бир тош
Тоғ пойига тушар, тогни тарк этмас.
Эт билан тирнокдек бир жону бир тан
Ватандан яралган Ватандан кетмас.
Қуёшга интилган ҳавойи буғлар
Баланд парвозларни қилса ҳам ҳавас
Бир кун қайтиб келар ўкириб-йиғлаб,
Ватандан яралган Ватандан кетмас.
Шашмақом – минг йиллик наво муаттар,
Очсам кўкайимни янграр қадим сас.
Авлодлар туғилар, аждодлар ўтар,
Ватандан яралган Ватандан кетмас.
Улуғлар юксалар ер остида ҳам,
Ҳайкал бўлиб ўсар, эли унутмас.
Шаҳидлар боғидан куйлаб ўтаман:
Ватандан яралган Ватандан кетмас.
Тошдан учган учқун ялт этиб ўчар,
Ўчган чўғ қайта ўз ҳолига келмас.
Чопонинг силкисанг ғубори кўчар,
Ватандан тўқилган Ватандан эмас!
ЭЙ, КЎНГИЛ
Нописанд босма хазон япроғини,
Бошинг узра эсла соя чоғини.
Танфи ҳукмига азал бир чора йўқ,
Бандаси билмас келиб-кетмоғини.
Истаса бергай шифо беморига,
Дард бериб солғай синовга соғини.
Умр ўтар дарё каби қалқиб-оқиб,
Айлагил тақдир насиб қирғоғини.
Раббано қодир ўзи, ғофир ўзи,
Ҳар нафас тортиб турар қармоғини.
Боқ, қуёшни қон этиб ҳар рўзи шом
На учун кўз-кўз этар ўроғини?
Билмаса меъёрини офтоб ҳам
Қувратар боғи чаман ҳар ёғини.
Эй кўнгал, бу ҳодисот ибрат сенга,
Эл аро фасона эт келмоғини.
Олмоқ эрсанг, бир ғариб кўнглини ол,
Айро этсанг, айро эт дил доғини.
Саъди оллога етар қирмочи ҳам,
Ёри жонга туҳфа қил қаймоғини.
Шон деса, йўл олди деб Тошканни айт,
Шаън деса, кўрсат Нурота тоғини!
ИЗЛАР
Икки чети ораста,
Ёлғизоёқ чамбил йўл.
Кетиб бораман аста,
Ҳар ёнда гиёҳлар мўл.
Қуриб қорайган янтоқ,
Чўкир шувоқ. Кўк барра.
Узокда кунгура тоғ,
Осмонга тортар арра.
Шу биргина сўқмоқда
От изи, қулон изи.
Эшак изи, ит изи,
Куш изи, илон изи.
Шу биргина сўқмоқда
Дон изи, буғдой изи.
Юзиб ўтар оҳиста
Қуёш изи, ой изи.
Балки бунда бир чоғлар
Озод қўйиб чавкарин,
Елиб ўтган қуюндай
Амир Темур навкари.
Балки… Машраб сўзона
Наволар қилиб ўтган.
Тушганча йўл узала
Оёқларини ўпган.
Шу йўлда бобом изи,
Отам излари пойдор.
Қор ўтган, ёмғир ўтган,
Шамол ўтган неча бор.
Шу сўқмоқда менинг ҳам
Изим қолар экилиб.
Буғдой донаси каби
Сўзим қолар тўкилиб.
…Қай бир замон, бегона
Йўловчи қўйса қадам,
Маъюс бир соғинч ила
Эслармикан мени ҳам?
ЧОШТЕПАДА ЁЗ
Йўлим тушиб, ёз чоғи
Чоштепада тўхтадим.
Осмон сариқ, ер сариқ,
Сап-сариқ қиру адир.
Салқин жой қидириб сув
Қочмиш қудуқ тубига.
Ҳар ерда тўп-тўп сурув,
Чашма кирар тушига.
Эсади илиқ-илиқ
Ялқов шаббода овуш.
Тумшуғин чўмич қилиб
Ҳансираб нур ичар қуш.
Лойсувоқ иморатлар
Боғ ичига бош суқиб
Сокин соялаб ётар,
Сукутга чўмган сукут.
Кўланка қуюқ, қалин,
Бахмал кўрпача монанд.
Соясининг сояси
Каби рангсиз дов-дарахт.
Зардоли танасида
Мудраб ётган ўт-оташ
Шохларда ёнар сачраб,
Бамисли каҳрабо тош.
Ишком ости супада
Кўзга чалинар хиёл.
Кўкрак тутиб, бешикка
Суянган сўлим аёл.
Бари юракка яқин,
Келмас одам кеткиси.
Нур қанотида оқиб,
Маст қилар шувоқ иси.
…Бўлиқ тупроқ – этигим,
Қуёш қалпоғим менинг, –
Ўтиб кетар ёнимдан
Болалик чоғим менинг!
НАЙ
– Оҳангларинг мунглар наҳрими,
Най, бунчалар маъюссан нега?
– Айтолмаган ҳасратларини
Сўзлашади одамлар менга!
ЎРМОНЧИЛАР
Ўрмончилар ҳақида ҳангомага бу бир гап,
Кўрган-эшитган ҳайрон: ўрмончилар нетдилар?
Эгри-бугри қайрағоч соясида соялаб,
Тўғри ўсган теракни шартта кесиб кетдилар…
АЛДАРКЎСА
– Алдаркўса, нега алдайсан?
– Алдамасам яшай олмайман.
– Алдаркўса, нега ўлмайсан?
– Яшамасам алдай олмайман…
БЕДИЛОНА
Баҳодиржонга
Ҳавойи сўз эмас сукут, андиша,
Тойса тилдан тояр одам ҳамиша.
Бўшатиб бир четга отмас эдилар
Оғзини очмаса май тўла шиша.