Шеър ёзишни болалигидан бошлаган Рустам Назар (Жуманазаров) 1949 йилнинг 8 сентябрида Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманидаги Оталиқ қишлоғида ишчи оиласида туғилган. Отаси Жуманазар Аваз ўғли оддий касб эгаси бўлса ҳам адабиёт ва мусиқага ихлоси баланд, шоиртабиат одам эди. Ўрта мактабни тамомлагач, Рустам 1969-1974 йилларда Республика рус тили ва адабиёти институтида таҳсил олди. Кейин бир йил ўрта мактабда ўқитувчилик қилди. 1975 йилдан то шу кунгача „Ҳазораспнома“ туман газетаси таҳририятида ишлаб келмоқда.
Унинг „Яшасин қуёшли кун“, „Рангли фаввора“, „Мўъжиза“ номли шеърий тўпламлари босилиб чиққан. 1989 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎРИМДАН СЎНГ
Қуёш ботди, шом чўкиб
Буғдойзорни яширди.
— Уйга қайтинг! — деб отам
Бизни қистаб, шоширди.
Эшакда ким жўнайди? —
Боиса ҳамки у юввош —
Нимагадир хўмрайиб,
Акам кескин тортди бош.
Дарров миндим эшакка,
Йўқ уятли бир жойи.
Овул томон йўрттирдим
Қилганимча хиргойи.
Акам қолди орқада,
Қадамлари эди суст.
Яёв юргандан кўра,
Эшак минган ҳам дуруст!
ВАТАН ТУЙҒУСИ
Недир Ватан туйғуси? —
Эмас мавҳум тушунча.
Маъносини англаймиз,
Нўноқмасмиз биз унча!
Муаллимнинг қоиида
Газета-ю китоблар.
— Юртни севмоқ иймондан! —
Деб қилади хитоблар.
Мисолларни келтиргай
Гоҳ ҳадис, гоҳ Қуръондан.
Сўзлар буюк зотламинг
Дилидаги сурондан!
Ҳар ибора — ҳикматли,
Ҳар ибора — мураккаб.
Баъзан мағзин чақолмай
Ғулу тушар юракка.
Кимдир айтган машҳур гап
Дарсда келмас хотирга —
Ўхшамаймиз юртпарвар
Ва фидойи ботирга!
Муаллимга қараймиз
Жавдираган кўз билан.
Қониқмайди гапирсак
Ўзимизнинг сўз билан!
Недир Ватан туйғуси? —
Хаёлларга толармиз.
Ўзгаларнинг фикрини
Айтиб мақтов олармиз!…
ЕРДАГИ ҚУЁШ
Жингалак соч қизалоқ,
Дилда ортиб журъати —
Асфалт йўлка юзига
Чизди қуёш суратин!
Мамнун эди ишидан,
Кўзларида завқ, сурур,
Қандай яхши, ерда ҳам
Турса қуёш сочиб нур!
Шошилади қайгадир
Ола-була халойиқ.
Боқмас оёқ остига:
Юки оғир, вақти зиқ!
Ёмон экан лоқайдлик,
Содир бўлди аянч ҳол —
Унинг жажжи қуёшин
Топташмоқда бемалол!
Хафа эди қизалоқ,
Жим турарди бир ёнда.
Яхши ҳамки одамлар
Юришмайди осмонда!
Йўқса, шошиб бепарво,
Тўрхалта-ю қоп ташиб —
Ўтишарди ҳақиқий
Қуёшни ҳам топташиб!…
ГУЛЛАГАН ОЛЧА
Олча севар гуллашни,
Яшнаб эрта баҳорда —
Зийнатини оламга
Кўз-кўзлади наҳорда!
Шамол эса қасдлашиб,
Билгани йўқ ҳаддини —
Тўкди унинг гулларин,
Эгиб заиф қаддини!
Забун эди аҳволи,
Кўрган афсус этарди.
Ахир, асрай олмаса,
Олча гуллаб нетарди?!
ҚАЛТИС ЎЙИН
Бу дунёда энг ашаддий
Икки ранг бор — қора ва оқ.
Улар рақиб азалдан ҳам,
Орасида йўқ иттифоқ.
Жанг қилишар бемуроса
Таъқиб айлаб, раҳна солиб —
Бир-бирини аяшмайди
Чиқиш учун мутлақ ғоИиб.
Бошқа ранглар — томошабин,
Қалтис ўйин ишқибози.
Гиж-гижлашар икковини
Дурангга ҳеч бўлмай рози!
ДАНГАСА
Мақсадига эришгай
Интилса ким, чопса ким.
Ҳатто қорни ёндирар,
Қаловини
Топса ким.
Жон койитмас дангаса,
Излаш тугул қаловни –
Ўчиради, эриниб,
Ёниб турган
Оловни!
ЧАҚАЛОҚ
Оилада энг кенжа
Укам ҳали чақалоқ.
Бешикда жим ётмайди,
Тинчимайди бақалоқ.
У нимадан безовта,
Нега ҳадеб йиғлайди?
Тушуниксиз ҳолати
Бағримизни тиғлайди.
Бу серғалва дунёда
Кўпдир тўсиқ ва ғовлар.
Чўчитарми уни ё
Олдидаги синовлар?
ДУНЁ ВА МЕН
Қолдим анча улғайиб,
Тўлдим саккиз ёшимга.
“Бурнингни арт!” деб энди
Тегинмайди ғашимга.
Қора нима? Оқ нима?
Фаҳмига тез етаман.
Боқиб рангин оламга
Сирларин кашф этаман.
Баъзилар-чи, қўл силтар,
Дунё жуда қаримиш.
Унинг ёши миллион
Йиллардан ҳам наримиш.
Кўзойнакли олимлар
Сўзлашади лоф бизга.
Дунё – менинг тенгдошим,
Энди кирди саккизга!
ВАРРАКЛАР
Парвоз этар варраклар
Осмон ишқи билан маст.
Қай бирининг авжи зўр,
Қай бирининг машқи паст.
Эй, ўғлон! Сен ҳавойи
Орзулардан ёнма ҳеч.
Қувон юрсанг ҳам ерда,
Ўзлигингдан тонма ҳеч.
Варракларнинг қисмати
Эрксизликдан доғлиқдир.
Парвоз умри ипидан
Тутганларга боғлиқдир.
ТАРБИЯ
Менинг отам ажойиб,
Тарбияси қизиқдир.
Ҳар тарафим – чегара,
Ҳар тарафим чизиқдир.
Бундан хафа эмасман,
Қилар ақлу ҳушим жам.
Улар борки, мақсаддан
Чалғимайман сира ҳам.
Отам белги қўйишни
Этганмикин фаромуш –
Учрар очиқ манзиллар,
Тўхтарман жим ва хомуш.
Ҳаётнинг зил юкини
Мен елкамга ортарман.
Чегара йўқ йўлимга,
Ўзим чизиқ тортарман!
ЖАСОРАТ
Жасоратдан баъзилар
Лоф уришар валдираб.
Аммо хатар туғилса,
Зир қочишар қалтираб.
Йўлашга ҳам чўчишар
Бирор йиртқич ёнига.
Қайси аҳмоқ қасд этгай,
Ахир, ширин жонига?
Аламзада мушт тугиб,
Шум хаёлга толгайлар.
Йўлбарсларнинг ўчини
Мушуклардан олгайлар.
БУВАМНИНГ НАҚЛИ
Ошса ҳамки етмишдан,
Бувам чаққон ва тетик.
Ишлар уззукун боғда,
Оёғида зил этик.
Меҳр бериб, яшнатиб,
Ардоқлар ҳар дарахтни.
Жини суймас ландовур,
Вужуди шол, карахтни.
Баъзан ҳориб-чарчаса,
Ёстиғини тузатиб –
Деймиз: “Энди ётинг-да
Сиз ҳам оёқ узатиб”.
Бувам кулар: “Тирик жон
Лозим меҳнат этмоғи.
Ўзи қариб, заминни
Яшартириб кетмоғи!..”
КЕКСА ЧАВАНДОЗ
Унга ҳариф йўқ эди
Бир замонлар улоқда.
Халойиқнинг олқиши
Янграр ҳамон қулоқда.
Қариликка эгди бош,
Танида йўқ куч, дармон.
Унга энди от тугул,
Эшак миниш ҳам армон.
Болалигин эслаб гоҳ,
Кўзида мунг зорланар.
Ҳассасини от қилиб,
Чопай деса… орланар!