Рустам Мусурмон 1963 йил 26 августда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманига қарашли Яккатут қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1989). «Руҳимнинг товуши» (1995), «Хиргойи» (1997) шеърлар ва достонлар тўпламлари нашр этилган. А.Файнберг («Чиғир», 2007), Б.Генжамурод («Ўкуздарё битиклари», 2006) каби шоирларнинг шеърий тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).
ЮРАК
Юрак – менинг дулдулим,
Кўкрагимда қозиғи.
Беда эмас, ем эмас,
Меҳрдандир озиғи.
Пишқиради депсиниб,
Қон қуйилар кўзига.
Мендан бошқа одамнинг
Кўринмайди кўзига.
Ўзим берсам емайди,
Емишларнинг гулидан.
Озиқланиб ўрганган
Сулувларнинг кўлидан.
Кўзлар ою юлдузли
Арғамчининг дастидан.
Кўпчиб кетти кўкрагим
Туёқлари остида.
Охири бир парини
Олиб қочар югуриб.
Мени судраб кетади
Қозиғини суғуриб…
БОЗБАРАК
Инсон ер шарини кўтаролмасмиш,
Таянч нуқтасини топмасмиш…
Бироқ
менинг бир қўлимда замин чирпарак
Бармоғим учида айланар фалак –
Бозбарак, бозбарак, бозбарак…
Тугма қадаб бўлмас эмиш шамолга,
Қўлга тушмас эмиш ҳеч қачон…
Бироқ
Мен эса шамолнинг икки бетига
Тортиб юборгаиман икки шапалоқ –
Бозбарак, бозбарак, бозбарак…
Ҳеч ким учолмасмиш оёғи билан,
Парвоз қилолмасмиш осмонга…
Бироқ
Менинг оёғимда толмас қанот бор,
Менинг оёғимга жойланган юрак –
Бозбарак, бозбарак, бозбарак…
Умр дарёсидан кечди болалик,
Шул дарё гирдида қолган чархиалак,
Қамишдай бўйнимга қўнган ниначи,
Гулдай ҳаётимдан учган капалак –
Бозбарак, бозбарак, бозбарак…
ҚЎРИҚЧИ
Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа…
Каркас келди бир гала-ааа…
Менинг боғим кичкина-а,
Катта боғларни тала-ааа…
Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа…
Узумзор орасинда
Туну кун пойлаб ёттим.
Юракни палахмонга
Тош қилиб жойлаб оттим.
Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа…
Кийгиздим вужудимни
Тўрт таёқнинг устига.
Бойладим жон риштасин
Тўрт-т-а-ё-ғи – дастига.
Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа…
Чўп чайла – усти жонсиз,
Пасти жонли устунлар.
Олиб қочар чайлани
Бирин-бирин устунлар.
Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа…
Бир кафан сўнгакларим
Ишком остига илдим…
Ҳайдаш-чун каркасларни
Шақурр-шуққуррдоққ қилдим.
Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа…
Қалбимдан қақнус қуши
Учиб чиқар бир гала.
Боғ ичра минг кўнгилга
Тухум қўяр минг гала.
Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа…
Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа!!!
ОШИ ҲАЛОЛ
Пода қайтди,
Қирда ёнади гулхан.
Подачи гулханга ётиб бирёнбош
Хуржундан чиқарди битта кўпганнон –
Уфққа ёнбошлаб мудрайди қуёш…
Оши ҳалол,
Подачи,
Оши ҳалол!
Совлиқлар соғилди,
Қўзилар ётди.
Эшикларни ёпди қўраю қўрғон.
Овлоқ дараларнинг кўзлари ёнди –
Тошўчоқда қайнар бир қора қумғон.
Оши ҳалол,
Подачи,
Оши ҳалол!
Ризқу рўз беради булоқ, тоғу тош,
Одамнинг мол боқиб топган нони бол!
Осмонда порлайди юлдузлар бош-бош,
Кўкда пода боқиб юрибди ҳилол!
Оши ҳалол,
Подачи,
Оши ҳалол!
ЯНГИ УЙЛАР
Шаҳарга тенглашмоқда қишлоқ бўйлари билан,
Бугунги қишлоқларда ўзгача чирой, оҳор.
Замонавий бинолар, кўркам уйлари билан
Ораста қишлоқларга кўчиб чиққандай шаҳар.
Шинам, қулай, чиройли, пойдевори мустаҳкам
Янги иморатларга Европа боқади лол.
Ўзбекистон Ватаним — чаманим, гўзал ўлкам,
Қудратли давлатимнинг бунёдкори Истиқлол.
Қишлоқларни оралаб Хизр бобо кезмоқда,
Кўчаларда ажиб файз, қасрлар пайдо бўлди.
Юртбоши одамларнинг тилагини сезмоқда,
Қишлоқларда бетимсол шаҳарлар барпо бўлди.
ЭР ЙИГИТ
Эл эгаси эр йигит,
Ер эгаси шер йигит.
Эр қадрини эл билур,
Элим-юртим дер йигит.
Элнинг бахти эркакдир,
Эркак элга тиргакдир.
Эл-юрт учун эр йигит
Кеча-кундуз сергакдир.
Юрагида ёли бор,
Юрганда шамоли бор.
Арслоним, дея суйган
Ёри бор, аёли бор.
Насл жавҳари эркак,
Миллат гавҳари эркак.
Замона тинч, юрт обод,
Ҳаёт сарвари эркак.
ПОЛВОН
Чорлар давра, чорлар қур,
Полвон чиқар зўрдан зўр.
Алп йўлида ғов қолмас,
Зўр полвонлар тўкар қўр.
Шер савлати ёлида,
Эр давлати элида.
Полвонларнинг қуввати
Билагида, белида.
Қора туя нор бўлар,
Қора буқа шор бўлар.
Олишмаса ор учун,
Полвон зоти хор бўлар.
Чечан бўлса довга қўй,
Мерган бўлса овга қўй.
Йигитларнинг сараси
Полвон бўлса ёвга қўй.
Баланд тоғдан қор кетмас,
Бургут кетмас, сор кетмас.
Полвонларнинг кўксидан
Ғурур кетмас, ор кетмас.
Сири чиқмас сиртига,
Сира қайтмас ортига.
Қўрғон бўлар полвонлар
Миллатига, юртига.
ОНАМНИ ЭСЛАБ
Дарахт каби гуллаб-яшнайди одам,
Ота билан она бахш этур умр.
Униб-ўсиб фарзанд кўргай дарахт ҳам,
Одам ҳам тупроққа отгайдир томир.
Дарахтни йиқолмас шамол, сел, бўрон,
Шохлари бўй чўзиб юксалар кўкка.
Ер остига кирар томири теран,
Дарахтни илдизи ушлайди тикка.
Баҳорда дарахтим гуллар, кўнглим тўқ,
Ширин меваларим ўғлим ва қизим.
Фақат бир армоним – энди онам йўқ,
Тупроққа кўмилди менинг илдизим.
ХАЛҚАРО ҲАКАМ
ФИФА рефериси Равшан Эрматов,
Чемпион бўлишга даъвогарлар кўп.
Бироқ соврин битта, биттадир, ахир,
Ер шари мисоли юм-юмалоқ тўп.
ФИФА рефериси Равшан Эрматов,
Мухлислар гувиллар: “Гол ур, тўпни теп!”
Юртимиз байроғи ҳилпираганда
Ҳайқирамиз: “Олға, Ўзбекистон!” деб.
Бу футбол ўйини — бу холис майдон,
Ким кимга мухлису ким кимга рақиб.
Ғирромлик бўлганда бутун стадион
Адолат кутади ҳакамга боқиб.
ФИФА рефериси Равшан Эрматов,
Жазо тайинлайсиз бундай ҳолатда.
Акс-садо беради юрагингизда
Амир Темур сўзи: “Куч – адолатда!”
СЕВГИ
Ҳаётда очликка чидашим мумкин,
Чидашим мумкиндир сувсизликка ҳам.
Сенсизликка чидай олмайман лекин,
Асло сенсиз яшай олмайман, эркам.
Чидайман тунлари уйқусизликка,
Тинимсиз меҳнатга чидайман кундуз.
Бироқ чидолмайман туйғусизликка,
Жоним, сенсиз яшай олмайман ёлғиз.
Соябонсиз чидай оламан ёзда,
Ўтга ҳам, музга ҳам чидайман, ишон.
Кийимсиз яшашим мумкин аёзда,
Фақат яшолмайман сенсиз ҳеч қачон.
НИЛУФАР
Бир кўриб айрилдим ақлу ҳушимдан,
Гул чирой, гул рухсор, гул ифор –
Тунлари кетмайсан асло тушимдан,
Нилуфар!
Боладек хаёлим ойдек юзингдан
Гул узар, гул ҳидлар, гул ўпар –
Қарайман кўзимни узмай кўзингдан,
Нилуфар!
Сўз – сифат излайман гўзал ҳуснингга –
Гулжамол, гулчеҳра, гулбаҳор…
Муносиб яралган исминг жисмингга,
Нилуфар!
Баҳор, ёз, кузда ҳам, қишда ҳам кўнгил
Гул тилар, гул истар, гул севар.
Кўнглимни умрбод ром айлаган гул –
Нилуфар!
Меҳру муҳаббатнинг изҳори гоҳо –
Гулдаста, гулбаргак, гулчамбар.
Илоҳий муҳаббат тимсоли танҳо –
Нилуфар!
УСТОЗ АБДУЛЛА ОРИПОВНИНГ ҲАЗИЛИ
“– Отинг Рустам Мусурмон,
Бунча қон қилгайдирсан, –
Деди устоз: – айт, қачон
Мусурмон бўлгайдирсан?!”
ОДАМ
Нимани яратса одамнинг қўли,
Одамнинг ўзига ўхшайди феъли.
Қозоннинг оғзи бор, капгирнинг кафти,
Калитнинг тиши бор, қулфнинг тили.
ТОҲИР МИСОЛ
Жамолинг мунаввар кўкдаги кундан,
Висолинг мукаррам жондаги хундан.
Оқиб борсам Тоҳир мисол сандиқда,
Тутармисан сочинг билан Жайҳундан?
ГУЛ ВА БУЛБУЛ
Ошиқ-маъшуқ эмиш гул билан булбул,
Наҳотки, бизнинг ҳам тақдиримиз шул.
Ишқингда булбулдек сайрайвераман,
Ғунча лабларингни очмайсан, эй гул.
ҚИРМИЗИ ОЛМА
Куз олма боғига борганди бошлаб,
Боғ айтди: “Битта ҳам олма қолмади…”
Сен эса юксакда турардинг яшнаб,
Олтин барглар ичра қирмиз олмадек.
ИҚРОР
Сен учун қиличман, сен учун қалқон,
Бир умр аскарман, бир умр посбон,
Сенга жоним фидо, сенга жон қурбон,
Ватан ва озодлик, аёл, муҳаббат!