Рустам Мирвоҳид (1987)

1987 йилда туғилган. Тошкент Давлат шарқшунослик институтининг 2-босқич магистранти. “Келажак овози” танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиби. “Дил қуши”, “Бу – ошиқ сўзим” шеърий тўпламлари муаллифи.

Соҳир тун

Кеч тушди…
Қайдадир қурбақа сайраб,
Атрофга таратар ажиб овозин.
Қайсидир бурчакда чигиртка яйраб,
Чертиб-чертиб қўяр қадимий созин.

Қайдадир сарин ел кўзи илинган
Дарахтлар баргини шовиллатади.
Тўлин ой – дирижёр, юраги тўлган
Итларни қайдадир увиллатади.

Қайдадир мушуклар оёқ учида
Томнинг қовурғасин қитиғлаб ўтар.
Қайсидир жўмракдан оққан томчилар
Чинни ёстиқларга сингишиб кетар.

Бу жозиб, бу турфа, фусункор саслар –
Соҳир тун қизининг тақинчоғидир.
Ё кўкка син солиб ётган йигитнинг
Субҳи содиққача овунчоғидир.

Ажаб! Тун – шовқинли сукунатмикин
Ва ё сукунатли шовқин, билолмам?..

Cен…

Заррот аро ҳар зарраки — зикрингга зокир,
Амтор аро ҳар қатраки — ҳамдингга гўё.
Алишер Навоий

Ҳар бўёқда сенинг рангинг бор,
Ҳар товушдан келади сасинг.
Ҳар учқунда ялтирайдурсан,
Ҳар томчида,оҳ, сенинг аксинг.

Муҳринг бордир ҳар бир заррада,
Ҳар қаричда намоёндирсан.
Сен – ҳар недан кўҳнасан буткул,
Ва ҳар недан навқирондирсан!

Қаён боқмай дуч келдим сенга,
Борлиқ сендан иборатми ё ?
Бу дунё ҳам сенинг ғиштингдан –
Бино бўлган иморатми ё ?!

Сендан қочиб қайга кетаман,
Қочган сари – сенга етаман!.

* * *

Шеърларим юракнинг чўққиларидан –
Қоғознинг қаърига ўзин ташлайди.
Қизиғи, чилпарчин бўлгандан кейин
Одамдай ўлмайди. Яшай бошлайди…

Ғазал

Эшит, эй, ёр, дилим сози
Чаман бўйлаб жаранглайдур,
Қўшилди булбул овози
Ҳамоҳангликда янграйдур.
Неча йиллар югурмай мен
Висолингга етолмасман,
Десам: боис надур? Айдинг:
Сабаб ёзуғи манглайдур.
Баҳор абри каби тўкдим
Кўзимдан жолалар чексиз,
Пўлатдек тоқатим ҳатто
Анинг остида занглайдур.
Очиб эрдим дилим, дўстим –
Тушунмай кулди ҳолимга,
Нетай, девона кўнглимни
Фақат девона англайдур.
Нигорим деб шаҳид бўлсам
менинг-чун бу саодатдур,
Фалак ўз уфқини ҳар кеч
Менинг қоним-ла ранглайдур.
Висол они келур, Рустам,
Умид-ла дилни пок тутгил,
Умидсизлик ғуборидан
Дилинг кўзгуси чанглайдур.

Дунёларга бергисизим менинг!

Кўнглим сарҳадига сарҳадинг туташ,
Осмонинг тажаллий этар кўзимда.
Қуёшинг жонимга пуркаган оташ,
Ҳилолинг ўпичи қолган юзимда.

Бошингда парвона юлдузларми ё
Тангри тақиб қўйган бежирим мунчоқ?
Мушкин ўтлоқларинг болишдир гўё
Мен ором олгали ёнбошлаган чоғ.

Қара, кўзим юмсам муштоқ киприклар
Бир-бирин васлига етар энтикиб.
Зум ўтмай кўз очсам, қошим устида –
Капалак турарди қанот силкитиб…

У илкис қочдию мен-да ортидан
Нафис гулзорларинг бағрига кирдим.
О, бошим айланди бу ер атридан,
Шунда ҳам бир этак гулингдан тердим.

Меҳрим кокилидан бир тола узиб,
Гулдаста ясадим сен учун, Ватан!
Не тонг, буни кўриб, самодан сизиб
Севинч ёмғирлари тўкилса бирдан…

Халқим, “ўзбек” деган шу оддий исминг
Руҳимга азондай солади титроқ.
Асли, сени мақташ, куйлашдан олдин
Лозимдир ҳар кимга покланиб олмоқ!

Сен-ку, мақом тутдинг муқаддасликда
Аллоҳдан кейину она билан тенг.
Эҳтимол, тархингни чизган наққош ҳам
Астойдил, бел боғлаб, шимаргандир енг?!

Ишон, сенга лойиқ сўзни – гавҳарни
Дилим уммонидан тера олмадим.
Ҳали у мўъжизий, нақшин китобни
Умрим токчасидан топа қолмадим…

Валекин, кун келиб беҳад музайян
Шеърий тахтим узра ўтқазсам сени
Ҳам мумтоз ташбеҳлар қадалган тожни
Бошингга кийдирсам…
Кечиргил, мени!

Кечиргил, нединки, сен бундан ортиқ
Мукофотни кутган, кўзи қаромсан .
Гарчи сен дунёга доҳилсан, аммо
Дунёга бергисиз, азиз маъвомсан!
Интиқом!

Ҳижроннинг юзига шапалоқ тортиб,
Бўғзидан оламан аччиқ азобнинг.
Андуҳ елкасига қувончни ортиб,
Оёғдан чаламан жами саробнинг.

Жонимнинг қадоқли бармоқлари-ла,
Эзгин хаёлларнинг сочин юламан.
Кўнглимнинг кўкарган дудоқлари-ла,
Жафолар устидан бот-бот куламан.

Юракдан қаламнинг тиғин суғуриб,
Санчаман юраклар қоқ ўртасига.
Сўнг… Силқиб оққан у қонларни кўриб,
Меҳрим – туз,сепаман. Ҳа, жўрттасига!

То, мажруҳ орзулар қанотин ёзиб,
Самога ўрласин ел ардоғида.
Токи, ҳаво тўлган армонлар озиб,
Тазарру айласин ишқ сиртмоғида…