Рустам Ғани 1952 йили Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Бахмалсой қишлоғида туғилган. 1968 йили ўрта мактабни, 1977 йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факултетини тамомлаган. Шундан сўнг “Ўзбекистон” нашриётининг ишлаб чиқариш бўлимида, “Тошкент ҳақиқати” газетасининг Адабиёт ва санъат бўлимида, Ўзбекистон радиосининг Адабиёт ва радиотеатр муҳарририятида, Бош дирекциясида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телеканалларининг дирекцияларида масъул лавозимларда хизмат қилди.
Рустам Ғанининг қатор шеърлари мамлакатимизнинг кўпгина газета ва журналларида, “Ёшлик баёзи” (1977), “Ғаллаорол наволари” (1999) ва бошқа тўпламларда босилди. 1985 йили “Чавандоз умри” номли илк китоби Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилди. Булардан ташқари, унинг “Ўрик шохидаги қуёш” (1993), “Муҳаббат чечаклари” (2020) сингари китоблари ҳам ўқувчилар қўлига етиб борган. Шунингдек, рус ва қардош халқларга мансуб бир қатор таниқли ижодкорларнинг шеърий ва насрий асарлари шоир таржимасида мухлислар эътиборига тақдим этилган.
Рустам Ғани 1995 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюмаси аъзоси эди.
Рустам Ғани 2020 йилнинг 2 август куни оламдан ўтди.