Раззоқ Абдурашид (1936)

Раззоқ Абдурашид 1936 йилда туғилган. Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультети журналистика бўлимини тугатган. Шоирнинг “Йўл бошида”, “Кафтимда олам”, “Сукунат”, “Мусаффо осмон”, “Юлдузлар хаёли”, “Эҳтирос”, “Ёруғлик” сингари тўпламлари нашр этилган.

ТОНГ СУРУРИ

Борлиқ яна зеболашди,
Ажаб, қара, бойнагидан.
Унга қараб завқланаман
Муҳаббат кўзойнагидан.

Кўнгил ўсар ҳар дақиқа,
Ҳам кўзимда ортади нур.
Унга сингиб кетгим келар,
Мисли зиё, мисли сурур.

Борлиқ кўркам, ҳаёт ширин
Туюлади, айтинг, нега?
Бошинг осмон, осмонинг тинч,
Ўз эркингга бўлсанг эга.

Янги тонгнинг завқ, сурури
Сингиб борар тану жонга.
Мен шунақа қаршилайман
Тонгни ҳар кун ҳаяжонда.

Кўк чой эмас, нур ичаман,
Фалакнинг ол чойнагидан.
Тонгги палла кўкка боқиб
Муҳаббат кўзойнагидан.

МЕН ИСТАГАН ЮЛДУЗ

Ёз кечаси бир тиниқ, ёз кечаси бир ёруғ,
Осмон тўла юлдузу мен истаган юлдуз йўқ.

Дейман, ўзи бормиди ё орзу, фаразмиди,
Кўкдан уни излашим, кимдандир аразмиди?

Билмадим, ҳозирча лек, кўрганим йўқ нишонин,
Излаганим-излаган бир кўришга ишониб.

Кўкка қараб ётиб гоҳ, ўйланаман, ҳеч ўзи,
Борми дея, менинг ҳам толеимнинг юлдузи?

Бор дегандай, дилимда ишонч ила овоз бир,
Ул яратган сени ҳам беюлдуз қўймагандир.

Қайси бири экан у, қайда экан у, бироқ,
Хаёлимдан кетмас ҳеч: шундай ўй, шундай сўроқ.

Кўкда эса юлдузлар живир-живир қилгандек,
Бир-бирила сирлашиб, шивир-шивир қилгандек.

Гоҳи учиб қоларлар бир-бирини қувлашиб,
Давра тузиб ўйнарлар қизчалардек қувнашиб.

Авжланади шу тарзда юлдузларнинг ўйини,
Кўзни қамаштиради, ажиб, ёғду қуюни.

Мен кузатиб ётаман, ақлим шошиб қолади,
Ёзда осмон ғаройиб, ғуборингни олади.

Бўлса агар минг дардинг, зумда уни аритар,
Ҳам кўнглингни илоҳий зиё билан ёритар.

Ундан инъом, аслида, бахту толе нишони,
Юлдузим борлигига юришим ҳам ишониб…

Ёзда шудир одатим, кўкка боқиб толаман,
Завқ, сурурдан маст бўлиб, секин ухлаб қоламан.

Ёз кечаси бир тиниқ, ёз кечаси бир ёруғ,
Унда ғиж-ғиж юлдузу мен излаган юлдуз йўқ.

ШАФТОЛИ

Ҳовлимизнинг четида холи
Ўсган эди бир туп шафтоли.

Бу йил кириб ҳосилга, қаранг,
Кўтаради шохларин аранг.

Табиатнинг ҳар ҳазилига
Енгили ҳам ҳатто зилига

Минг хил дардга бериб келди тоб,
Ўсаверди йил сари шитоб.

Ҳар меваси мисли пиёла,
Барг остидан боқар қиёслаб.

Етилибди сержило, хол-хол,
Шафтолимас, воҳ-воҳ, мисли бол.

Бирин есам, қаранг, нетди-я,
Нақ, оғзимда эриб кетди-я.

Меваларнинг беғубори шу,
Минг бир дардга шифодори шу.

Қаддин букиб турар эмиш ул,
Қилинг дея, мендан тановул.

Боғингизга экинг, ярашар,
Қут-барака, ҳусн улашар.

Хизмат қилар беминнат, беғам,
Гарчи умри қисқа бўлса ҳам.

Ҳар тонг олиб пишганидан, рост,
Еймиз, унга ортади ихлос.

Еган сари егим келади,
Шунда элга дегим келади,

Истасангиз мевалар болин
Шафтоли енг, дўстлар, шафтоли.

ДАФТАР ҲОШИЯСИДАГИ ШЕЪР

Мен кўнглимнинг содиқ қулиман,
Кўнглим эса юртга фидодир.
Чиқмаганман асло изидан,
Умрим ўтар унинг измида,
Мен кўнглимнинг содиқ қулиман.

Балки, шундан ёруғ кунларим,
Дилгирлигим шундан, эҳтимол.
Барчасидан кечиб, эҳтимол,
Кетолмасим – дил тугунларим.

Шундан, балки, ҳақгўйга тиргак
Ноҳақликка қарши бўлишим.
Барчасига гоҳ силкиб этак
Шундан, балки, ёлғиз юришим.

Тўғри сўзни ҳар ерда дадил
Айтишим ҳам шундан, эҳтимол.
Кимга ёқмас ёки кимгадир
Ёқишим ҳам шундан, эҳтимол.

Кўрсатурман ҳурмату иззат
Дил амри-ла танишу ётга.
Бор эканман, қиламан хизмат
Ул буюрган эзгу муродга.

Ёруғ келажакнинг қасрига
Бир ғишт қўймоқ этса гар насиб,
Шунда дўстлар, кўнгил амрига
Ўтган умрим бўлар муносиб.

* * *

Қўшиқ айтиб оқар дарёлар,
Қўшиқ айтар тўлғаниб, жўшиб.
Ҳансираган чўлу саҳролар
Тушларига киргай бу қўшиқ.

Куйдек ёқар бу тонгги насим,
Роҳатингга минг роҳат қўшур.
Унинг эрка ҳам майин саси
Туюлади мисли бир қўшиқ.

Гоҳо ўтса кўкдан турналар
“Қурр-эй”лари қолар ҳавода.
Кўзим қувнар, қалбим тирналар
Бир дард туйиб ушбу навода.

Лолазорга ташласам назар,
Лолаларнинг кўкси тўла доғ.
Бу – ҳасратли қўшиқ, алҳазар,
Босиб келар мени мисли тоғ.

Кўкатларга ёнбошлаб бир дам
Ер кўксига солсам гар қулоқ,
Майин наво келар ундан ҳам,
Қўшиқ оқар мисли бир булоқ.

Кўнглинг бўлса ҳавасли, жўшиқ,
Кўринаркан рангин дунёлар.
Шундан, балки, ҳар куни қўшиқ
Куйлаб ўтса керак дарёлар.

* * *

Умрим ўтар оқар сувсимон,
Гоҳи сокин, долғали гоҳи.
Битта шу ер, битта шу осмон
Ҳамишалик эрур ҳамроҳим.

Умрим ўтар оқар сувсимон,
Кифтга ортиб савоб, гуноҳим.
Битта шу ер, битта шу осмон
Ҳар нафаснинг эрур гувоҳи.

Умрим ўтар оқар сувсимон,
Гоҳи шодмон, гоҳ дилда оҳим.
Фақат шу ер, фақат шу осмон
Эрур ёлғиз пушту паноҳим.

Умрим ўтар оқар сувсимон,
Қолар экан гулу гиёҳим.
Битта шу ер, битта шу осмон
Ўчирмасин изим, илоҳим!