Рауф Парфи (1943-2005)

Рауф Парфи (Турсунали Парфиев) 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилоятининг Шўралисой қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1999). ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1960—65). Ижоди 60-йиллардан бошланган. Дастлабки шеърлар тўплами — «Карвон йўли» (1968). «Акс-садо» (1970), «Тасвир» (1973), «Хотирот» (1974), «Кўзлар» (1976), «Қайтиш» (1981), «Сабр дарахти» (1986), «Сукунат» (1991), «Тавба» (2001), «Сўнгги видо» (2006) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Байроннинг «Манфред», Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари», Карло Каладзенинг «Денгиз хаёли» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2005 йилда Тошкент шаҳрида вафот эттан.

АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЧЎЛПОН

Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?
Чўлпон

1. Она тилим, сен ручимнинг қаноти,
Абут-турк нафаси, Олтой чечаги.
Хун давридан омон келди Ғиротинг,
Қутлуг Энасойнинг эзгу эртаги.

Ўрхун бўйларида тошга айландинг,
Кўкларга санчилдинг, Турон бўлдинг Сен.
Мангулик сафарга қачон шайландинг,
Қачон бу аламга – кучга тўлдинг Сен.

Порлоқ осмонингда қузғунлар учди,
Эвоҳ, ёғийларинг солди яғмони.
Ёғийларинг жигар – қонингни ичди.

Жигар – қон жарангги тутди жаҳонни,
Онасен. Кечирдинг. Қонидан кечдинг,
Бироқ кечирмадинг асло ёлғонни.

2. Дунё оқ эмасдир, йўқ, қора бардош,
Куйиб ёдимиздан кечганлар айтсин.
Сўзларида заҳар, кўзларида тош,
Элидан, тилидан кечганлар айтсин.

Тунлар босиб келар дунё ҳасрати,
Кунлар гизли туғён, босиб келар шеър.
Нечук қисмат эрур шоир қисмати,
Тушларимни бузар ҳазрат Алишер.

Йиллар баҳоримни учирди чалқиб,
Музларга кўчирди ўтлуқ ёзимни.
Ахтардим муҳитда хас каби қалқиб –

Мен ўз Юлдузимни, ўз Қуёшимни.
Юлдуз сен. Қуёш сен. Сен она халқим,
Сен учун синдирдим синмас созимни.

3. Оҳ шоир қисмати ярқироқ, гулгун,
Завқларга тўлар у, Бир Сўзни излар,
Дунёда ҳеч бир зот билмас, не учун,
Айрича кулар у, айрича бўзлар.

Йўлсизлик йўлдоши, толеи нигун,
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу – халқ душмани, деб тутсалар бир кун,
Барибир, у халқнинг номидан сўзлар.

Бошида қора қиш, оппоқ баҳорлар,
Юраги яриму бутун иймони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.

Тани омонатдир, накд эрур жони,
Кўкрак қафасида ловуллаб порлар
Буюк муҳаббатнинг қонли нишони.

* * *

Мен биламан, вужудинг бўзлар,
Бағринг ёнар саёқ ўғлингга.
Сени ўртар бир оғир сўзлар,
Ахтариб чиқарсан йўлимга.

Кўчаларга қарайсан ҳар зум,
Кечаларни оқлайсан, она.
Гуноҳкорман ёлғиз мен ўзим,
Яна мени оқлайсан, она.

Очиқ ётар токчада китоб,
Очиқ ётир менинг дафтарим,
Унда кезар мангу изтироб.

Тубанликда ёсуман жари.
Шўрлик ўғлинг бир умр бетоб,
Синган сози, синган ханжари.

СЕНСИЗ

1.

Совуқ. Атроф темир. Қўлимни очдим,
Елкамда чатнади қайноқ қўрғошин…
Вайрона қаъридан кўкларга қочдим –
Арзонга олдилар Мажнуннинг бошин.

Раҳмсиз оломон, сизга не керак?
Англадим, жисмимни руҳимни боғлар.
Ваҳий келди менга, чирпанди юрак,
Акс-садо берди муқаддас тоғлар.

Фароғат зирваси. Олам – билгисиз,
Охири сен келдинг. Хаёлга толдинг.
Водий оғушида сўзсиз, белгисиз,
Аста од имлар-ла кўздан йўқолдинг.
Фақат к;айга кетдинг, қайларда қолдинг,
Оҳ, қандай яшайман сенсиз – севгисиз.

2.

Соҳилда бир ўзим. Денгиз қоронғу,
Елкансиз кеманинг ичинда шубҳам.
Ваҳима шивири, бўғзимда оғу.
Ақлим бир фалокат сезади мубҳам.

Ранги ў~чган осмон хунук ғулдирар,
Аччиқ чирқиллайди номаълум бир қуш.
Ва ёнимда қонли булоқ чулдирар,
Атиргуллар, сенинг гулларинг беҳуш.

Феруза,. зумуррад гулларинг пайҳон.
Оҳ, тупдцинг кемадан. Карнай чалдилар,
Ва кўзга кўринмас қўллар шу замон
Ағдардилар мени, кишан солдилар.

Фарёдим ичимда, отма гулингни…
Отма, слғизликдан – бахтли қулингни.

3.

Сўлдирша гулингни, илоҳим, ёнсин,
Еру осмон кўрсин кўз юммай бедор.
Вақт – улуғ ҳакам. Руҳинг уйғонсин,
Асрий умидим – Сен. Сен борсан. Сен – бор.
Ровийлар не учун? Ҳақ ва Ҳақиқат!
Асирлик занжирин парчалаб ташла.

Вужудингни ёқсин аламли фикрат,
Аён ҳақиқатга, ҳақ йўлга бошла.
Фурсат ўтмақдадир. Вақт бу – беомон,
Омонат дунёда омонат одам –
Виждон шеваси бор, меҳроби иймон –
Асл инсонларин чорлайди бу дам.

Фалакка санчилиб қолган сўзим бор,
Оловлар, чаманлар ичра ўзим бор.

ТАВБА

1.

Додимни эшитгил, қодир Аллоҳим,
Ишқ сенсан, ошиқ ҳам сен, мен қулингман.
Лойиқман қаҳрингта, дўзахим-боғим,
Омонат деворман, ўтман, кулингаан.

Рубъи маскун ичра сайёд, ўзим сайд,
Ортиқ мадорим йўқ, воқифсан ахир.
Манглайда ёзилган фармонингни айт,
Даъват қил, гуноҳкор бандангни чақир.

Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга.
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шаъмини сўндирма, Аллоҳ.

2.

Мозийга урилиб синар овозим,
Умр ўтиб борар бенафъ, бенаво –
Наҳотки бу – қўлим? Бу менинг созим?
Аллоҳдан сўрайман – Нечун бу жафо?!

Жами жудоликлар жонимга етди,
Ол, дейман, Аллоҳим, омонатингни.
«Тавба» қил, – деди Ул, бир Китоб тутди –
Муродинг мустажоб, мингил отингни,
Уммонлар йўлингда, жангал йўлингда,
Номаълум ҳар жойда қурилган доринг.
Оламнинг калиди сенинг қўлингда,
Жафо ҳабибингдир, хиёнат – ёринг».

Аллоҳим, лаҳза – мен, сен эрса мангу,
Таскин берганингаи, шафқатингми, бу?!

3.

Семурғ қушим, подшо қушим, хуш келдинг,
Етти гумбаз, етти водий сарвари.
Васлинг неъматидан баҳравар қилдинг,
Интизор жонингман, йўлсиз, сарсари.

Нола айлаб Семурғ деди: – Эй, бедор,
Чорлар сени бир уборим. Бор. Ишон!
Сен фано водиси, Ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадир бенишон,
Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора, дея сўрдилар нажот…

Аллоҳим, билурсан қай сори кетдим,
Аллоҳим… мен ўлдим… Мен Сенга етдим…

* * *

Тонг отмоқда. Тонг ўқлар отар,
Тонг отмоқда, қуёш – замбарак.
Яраланган Ер шари ётар,
Бошларида яшил чамбарак.

Тонг отмоқда, мусаффо тонгга
Юрагини тутар одамлар,
Шу тонг учун келган жаҳонга,
Шу тонг дея ўтар одамлар.

Тонг отмоқда…

* * *

I. Қор ҳиди димоққа урилди,
Ухлайди шамолнинг қўйнида
Баргларини тўкмаган райҳон.

II. Тонг-саҳардан ўлтирасан дарё бўйида,
Бир фикрга келмадингми? Айт. Айт.
Йўқса, кеч бўлади, қуёш сўнади ҳозир.

III. Ер ўз ўқидан айрилар, инон,
Инон, осмонидан айрилар қуёш,
Агар биз айрилсак.

1966

МУНОЖОТ

Бағримда ғилдирар темирчил ҳаёт,
Изғитқи чивғинда чидамдир бошим.
Фақат сен уйқучан томирин уйғот,
Қизимнинг қўлига куч бер, Қуёшим.
Бағрида лаққачўғ, айланади Ер,
Кулинчим, севинчим, куюк кўз ёшим.
Фақат сен қизғонма, бир кафт меҳр бер,
Илинжим, сиғинчим – буюк Қуёшим.

1982

АДАШГАН РУҲ

I. Қуёшнинг ёғдуси қорадир,
Юлдузлар музлардир тўкилган.
Бу дарё узанган ярадир,
Дарахтлар эгилган, букилган.
Юлдузлар музлардир тўкилган,
Тошлардек қотмишдир туманлар.
Ерларга тиканлар экилган,
Экилган ёлғонлар, гумонлар.
Бу дарё узанган ярадир,
Ҳасратдир тинмаган ҳеч қачон.
Жимирлаб қайларга борадир,
Борадир безабон, бемакон.
Дарахтлар эгилган, букилган,
Ер тишлаб ётибдир япроқлар.
Тошларга михланган, чекилган
Лочинлар, каптарлар, чорлоқлар.
Қуёшнинг ёғдуси қорадир,
Қуёшнинг сочини ўргайман.
Наҳотки, энг сўнгги чорадир,
Адашган Руҳни мен кўргайман.

II. Тошлардек қотмишдир туманлар,
Булутлар – фалакнинг оҳлари.
Кечмакда эронлар, туронлар,
Тубанда қоронғи чоҳлари.
Булутлар фалакнинг оҳлари,
Ингроғи, сингроғи учадир.
Тубанда мусибат тоғлари,
Қора ғор ичиндан кечадир.
Кечмакда эронлар, туронлар,
Судралиб, пайпаслаб, итариб.
Кечмакда бўронлар, суронлар,
Энг гўзал, энг бағал, энг ғариб.
Тубанда қоронғи чоҳлари,
Қаърига чақирар, ялтирар.
Итлари, отлари, зоғлари
Харсангга айланар, қалтирар.
Тошлардек қотмишдир туманлар,
Билгисиз очуннинг асари.
Тубанда гуноҳлар, иймонлар,
Адашган Руҳ кезар сарсари.

III. Ерларга тиканлар экилган,
Тошларга, харсангга санчилар.
Туркистон туғлари тикилган,
Бетлашган жонибор янчилар.
Тошларга, харсангга санчилар
Чеки йўқ йўқликнинг ноласи.
Дийдалар томчилар, қамчилар
Сабрнинг – Одамнинг боласи.
Туркистон туғлари тикилган,
Ватансиз касларнинг йўли берк.
Хўрланган, зўрланган, тўкилган,
Эркидан айрилган қутлуғ Эрк.
Бетлашган жонибор янчилар,
Туёқлар остинда бўзлайдир.
Жангчилар, пулчилар, танкчилар,
Ёғийлар ёлғонни сўзлайдир.
Ерларга тиканлар экилган
Дов учун, ов учун, ғов учун.
Туркистон туғлари тикилган
Ёв учун, ёв учун, ёв учун.

IV. Экилган ёлғонлар, гумонлар,
Тарихнинг темирдан девори.
Аққадлар, сумарлар, юнонлар,
Билингиз, бу Турон Диёри.
Тарихнинг темирдан девори,
Йилт этган бир зиё кўринмас.
Мозийнинг кўмилган мозори,
Атрофда тирик жон уринмас.
Аққадлар, сумарлар, юнонлар,
Туркийлар, наҳотки, кечмишдир,
Кетмишдир, йитмишдир жаҳонлар,
Йўқликнинг заҳрини ичмишдир.
Билингиз, бу – Турон Диёри,
Қонлари кўкларга сочилган.
Йўқ эрки, йўқ дўсти, Ҳақ ёри,
Боблари кенгликка очилган.
Экилган ёлғонлар, гумонлар
Бергайдир, албатта, мевасин.
Бу тунлар, бу кунлар, бу тонглар
Мен ва Сен, Мен ва Сен, Мен ва Сен.

V. Ҳасратдир тинмаган ҳеч қачон,
Манглайга ёзилмиш бу оят.
Муҳаққақ ёзмишдан ким қочғон,
Ким кўрган? Ким билган, ниҳоят?
Манглайга ёзилмиш бу оят,
Ҳукмдир, муҳрдир, ўчмасдир.
Зулматда йўқ эрур ҳидоят,
Зимистон ранглари кўчмасдир.
Муҳаққақ ёзмишдан ким қочғон?
Барини амрига олажак.
Тириклик тилсимин ким очғон?!
Қулфига ким калит солажак?
Ким кўрган? Ким билган, ниҳоят?
Қорайиб ялтирар ложувард.
Шоирда бормидир риоят?
Кўзида, сўзида аччиқ дард.
Ҳасратдир тинмаган ҳеч қачон,
Йилт этган зиёдан йўқ асар.
Ул мавжуд, номавжуд, жон – бежон,
Адашган Руҳ кезар сарбасар.

1991

АБДУРАУФ ФИТРАТ

Нега сени чулғаб олди бунча тиконлар?
Нега чиқди юрагингдан юзга бу доғлар?
Абдурауф ФИТРАТ

I. Ажаб мудҳиш қаро тун кафан тутар,
Бир замон тинмайдир, изғирар шамол.
Дарё кўпирадир, одамни ютар,
Ул гўзалдир, ул ирганчдир, ул хаёл.
Риёзат қамчиси каби савайдир
Улкан ёмғир бузғун танизоримни…
Улуғ Туркистонни кимлар севмайдир?!
Фиръавнлар севмас менинг боримни.
Фироқнинг нағмасин чалар най синиқ,
Исрофнинг ичиндан силқир бу наво,
Таралар ҳув чўккан тоғлардан тиниқ.
Риёлар, ришватлар… Заҳарли ҳаво.
Азон товушини тинглайман оғир.
Туркистон. Қора тун. Шамол ва ёмғир.

II. Айтадир ой дардин булут қўйнида,
Булутлар ҳурпайган, на-да қорадир.
Дорлари муҳаққақ азлом бўйнида,
Унутилган, хўрланган халқ борадир.
Рақам қилди менга манфур жаҳолат,
Алам ортган карвон борар мунғайиб.
Уринадир, суринадир бу ҳолат,
Фақат пайдо бўлур ва бирдан ғойиб.
Фасиҳалар кўринар сочлари олов,
Ивирсир арвоҳлар кўзу қўли қон…
Туркистон, Туркистон, мукаррам ялов…
Рад этдимми сени, қолдимми бежон?
Аламим шамлари сўндими, она?
Тилагим юлдузи тўндими, она?

III. Айрилиқ шамшири бошимда синди,
Борлиғим чопилди, ичдим қонимни,
Дунё тарихини ўқиб юкиндим,
Уйқудан уйғотдим Туркистонимни.
Ризқимизни, ахир, кимларга бердик?
Ахир, одам эдик, муҳтож, нотавон.
Улар хирмон-хирмон, биз нишхўрд тердик,
Фарёдимиз етиб бормас ҳеч қачон.
Фалокат устига фалокат тутди,
Интиқом, интиқом дедим, югурдим…
Туркистон, Туркистон, Туркистон ўтди –
Разолат қабринда бош эгиб турдим.
Ай улуғ тоғларим, ай шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай қонли Турон?

1991

* * *

Хайрлашдик… ўйнар капалак…
Биз асир бўлмадик лаҳзага.
Хайрлашдик бесўз, беюрак,
Бу боғ, бу гул келди ларзага.

Шабнамнинг соф қадаҳи синди…
Кулимизни совурди фалак –
Сен мендан айрилдинг, мен сендан.
Ўйин тушар рангин капалак.

Ўйнар, ўйнар, ўйнар капалак.
Бир лаҳзанинг фармони қолди.
Хайрлашдик. Бесўз. Беюрак.
Буюк севги армони қолди…

Қандай гўзал, рангин капалак…