Рамз Бобожон (1921-2008)

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли драматург ва таржимон Рамз Бобожон 1921 йил Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топди. Дастлаб Таълим ва тарбия билим юртида, сўнгра Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Низомий номидаги педагогика университети)нинг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олди. Меҳнат фао¬лиятини ёшлар газетасида бошлаган ижодкор ке¬йинчалик радиокомитетда муҳаррир, Адабиёт ва санъат нашриётида директор бўлиб ишлади, кўп йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, “Ватан” жамияти раҳбари лавозимида хизмат қилди.
Рамз Бобожон сермазмун ижод йўлини босиб ўтди. Шоирнинг илк тўплами 1939 йили нашр этилган. Қарийб ярим асрлик ижодий фаолияти давомида Рамз Бобожоннинг ўттизга яқин шеърий китоблари, жумладан, “Ҳадя”, “Олтин камалак”, “Водий бўйлаб”, “Севги сирлари”, “Сенга, севгилим”, “Биринчи парвоз”, “Муҳаббатга таъзим”, “Сенинг меҳринг” сингари мажмуалари, “Сайланма асарлари” адабиёт мухлисларига тақдим этилди.
Замонавий ўзбек достончилигида Рамз Бобожон қаламига мансуб “Оби ҳаёт” асарининг алоҳида ўрни бор. Бу достонда атоқли шоир халқимизнинг ¬бунёдкорлик салоҳиятини, дўстлик туйғусини улуғлаган. Унинг шеър ва достонлари бир қатор хорижий тилларга таржима қилиниб, чоп этилган.
Рамз Бобожон драматург сифатида ҳам фаол ижод қилди. Унинг “Тоға ва жиянлар” комедияси, “Юсуф ва Зулайҳо” драмаси томошабинларнинг қизғин эътирофига сазовор бўлиб, театр санъатимиз тарихида ўзига хос ўрин тутади.
У жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини, жумладан, А.С. Пушкин, М.Ю. Лермонтов, Н.А. Нек¬расов, А.А. Твардовский, Н. Тихонов сингари рус шоирларининг шеър ва достонларини, Г. Ибсен, С. Михалков, Н. Ҳазрий драмаларини она тилимизга маҳорат билан таржима қилди.
Рамз Бобожон мустақиллик йилларида ҳозиржавоб публицист сифатида ўзининг бадиа ва мақолалари билан истиқлолимизни тараннум этишга муносиб ҳисса қўшди.
Рамз Бобожоннинг ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги катта хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

* * *

Севгилим!
Ёдимда ўша тун
Оқ-оппоқ олмадай оймома…
Юлдузлар йиғилса бир бутун,
Сочилса шоирга манзума…

Севгилим!
Ёдимда шалола
Дарёга қўшилиб оққани,
Уйқудан туролмай Камола
Уялиб,
Гўдакдай боққани…

Севгилим!
Ёдимда оққушлар
Тўш уриб дарёда сузгани,
Юлдуздан тўқилган кумушлар
Тўлқин-ла ўйнашиб ўзгани…

Севгилим!
Ёдимда илк бора
Севгини тилимга олганим,
Дардингни дилимга солганим,
На қилай, Ўзингга ҳавола!

НЕГА ИНДАМАЙСАН?

Кўзларим тубида ёнар юрагим,
Ёнган юрагимни яна ёқсанг, ёқ!
Сенсан саодатим, сенсан тилагим,
Севгилим,
дилбарим, кўзларимга боқ,
Кўзларим тубида ёнар юрагим…

Нега индамайсан, нега тилинг лол?
Ким айтиб беради севги эртагин?
Вафо деганинг, бу, ҳақми ё хаёл?..
Кўзларим тубида ёнар юрагим,
Нега индамайсан,
нега тилинг лол?

* * *

Кўкда ой, пастда сой –
ажаб манзара,
Дарахтлар учида йилтирарди нур.
Баъзан булут тошар, тиниқлик хира…
Баъзан гангитарди хаёлот қурғур!
Наздимда оймўма кичрайгандай,
Умри адо бўлиб қолгандай, кемтик…
Гўё видолашиб, пичирлагандай…
Мен эса ҳайратдан турар эдим тек…
Лекин, ўйланардим,
ўйга ботардим,
Умримни қилгандай ойга сарҳисоб.
Ҳолбуки, бу кунни бир вақт бир китоб –
Эҳтимол, ўша кун, ўша соатнинг
Қадрига унчалик етмагандирман.
Балки, болаликдай бахт-саодатни –
Ардоқлаб, кўз-кўз ҳам этмагандирман…
Энди, ортга боқсам, илон изи йўл,
Баланд-паст,
чағир тош, узоқдан-узоқ…
Баъзан соғинаман силкитгандай қўл,
Хотиралар йўлга ёқади чироқ.
Кексалик кеккайиб турар қошимда,
Фасллар умримга, балки, тарозу…
Бир ўй чақмоқ чақиб, дейди, бошимда: –
Адашма, бу кунинг эртанги орзу!

* * *

Хиёбон бағрига отилдинг гулдай
Ва ўзинг ногаҳон гул бўлиб қолдинг.
Баҳор сеҳрлаган ошиқ кўнгилдай
Энтикиб-энтикиб, чуқур тин олдинг.
Балки, бир қучоқсан, бир боғнинг ўзи…
Балки, ўхшаши йўқ илоҳий гулсан.
Сендадир, севгилим, қалбимнинг кўзи,
Мен сенга, сен эса севгига қулсан.