Раҳматжон Қўрғон (1990)

1990 йилда туғилган. Сирдарё вилоятидаги Гулистон санъат коллежини тугатган. Шеърлари матбуотда эълон қилинган. “Кимгадир яхшиман” китоби муаллифи.

* * *

Юр, бизни боғларга чорлар муҳаббат,
Биз юрган йўлларга райҳонлар экиб.
Ҳижрон азобида қийнама фақат,
Чинордай қаддимни қўймагин букиб.

Юр, бизни тоғларга чорлар муҳаббат,
Дасталаб тутади қизғалдоқларин.
Келмасанг, дилимда дардим қатма-қат,
Армонлар чалмасин қўнғироқларин.

Юр, ўтли чоғларга чорлар муҳаббат,
Йўлимиз ёритар кўкдаги ҳилол.
Юрак ҳисларимиз боғлар муҳаббат,
Омаду бахтимиз кулар, эҳтимол?!

Юр, бизни соҳилга чорлар муҳаббат,
Анҳорнинг бўйида хаёл сурайлик.
Юракда яшасин севги тоабад,
Ерда ҳам, кўкда ҳам бирга бўлайлик.

* * *

Бу тун кирмоқчиман тушингизга, мен,
Йўқ деманг, ўтинчим қилманг эътироз.
Ҳеч йўқса, бўлайин бўйнингизда менг,
Илтимос ҳайдаманг,
Уйғонманг бироз.

Бу кун юрмоқчиман ҳушингизда мен,
Олиб ақлингизни, девона айлаб.
Наҳот, хаёлингиз бўлса шунча кенг,
Келинг, хаёлингиз қирғоғи бўйлаб?!

Мудом қолмоқчиман кўнглингизда мен,
Муҳаббат қасри ҳам нурга тўлади.
Қабул қилолсангиз дунёдаги энг
Бахтиёр бўлардим,
Бахтли бўлардим!

* * *

Кўзёшим санама, йўқдир адоғи,
Уйқусиз нигоҳим йиқилган азал.
Аслида ой доғи – юрагим доғи,
Сен соҳта гўзалсан, энг соҳта гўзал!..

Қалбингда нима бор, «орзу»дан бўлак,
Борингни қамраган соҳта туйғулар!
Сўрасанг менда бор чин ошиқ юрак,
Менда бор севгидан сармаст кулгулар!..

Йиғла!..
Йиғлавергин!..
Тўхтама!
Йиғла!
Йиғласанг ёшариб бораман асти.
Тўхтама!
Кундузга тунларни боғла,
Шунда мен оламан юрагим қасдин.

Қалбингни куйдириб «гармсел» елса
Улгургин кипригинг олгани тоблаб!
Сабру-бардошимни синагинг келса
Ойсиз тунларимни кўргин ҳисоблаб!..

* * *

ВАҚТ номли тулпорим бормоқда йўртиб,
Қанча довонлардан ошиб боряпмиз.
Кун сайин тезлиги бормоқда ортиб…
… олисларда оппоқ отни ўряпмиз!

Ҳали бор манзилга,
Манзил қиёмат,
Балки қолсаммикан бир дам тўхтатиб.
Бизга етолмаслик шамолга одат,
Узанги оёққа бомоқда ботиб.

Билмадим, қайларда …балки бир овлоқ,
Бўрон, довул, балки ёмғирдамикан?
Бироз тутқич бермас,
Бироз асовроқ
БАХТ номли тулпорим қайларда экан?!..

* * *

Қанийди… шамолга учсам қўшилиб,
Қанийди… денгиздек мавжланиб тўлсам.
Жонимни ташласам йўлимга юлиб,
Қанийди… пойингга йиқилиб ўлсам.

Қор бўлиб ёғсаму лаҳзада эриб,
Лаҳзалик меҳрингга гирифтор бўлсам.
Берган бир умрингга кўкариб… қуриб,
Қанийди… хазондек тўкилиб ўлсам.

Ҳар куни кўксингга бошимни уриб,
“Хўп” десанг кафтингга саждалар қилсам,
Муҳаммад кўрмаган юзингни кўриб,
Қанийди… кўзингга тикилиб ўлсам.

* * *

Дилимнинг тошқини кўзимга кўчди,
Қалбимнинг машъали мангуга ўчди.
Турналар: – «Азизим алвидо», дея
Қўл етмас, кўз кўрмас олисга учди.

Осмон ҳам қовоғин солди бутунлай,
Йиғлади булутлар, йиғлади тинмай.
Зулматга чўмилди кундуз мен учун,
Ҳар куним, ҳар лаҳзам, ўтмоқда йилдай.

Суратга термулиб ўтирганча жим,
Тасвирга кўчади жон ила руҳим.
Сўраманг азизлар, сўраманг мендан,
Мен хаёл суришга бўлганман маҳкум.

НЕТАРМАН

Гулзор-у, чаманзор армонда қолиб,
Дала-ю, даштларга кетсам бош олиб,
Бу ширин жонимни қийноққа солиб,
Саҳролар маконим бўлса нетарман.

Бевафо севгидан юрагим куйса,
Тақдирим балони бошимга уйса,
Сабримнинг косаси лиммо-лим тўлса,
Орзуларим доғда, қолса нетарман.

Томчи сувин бермай қизғонса денгиз,
Дунё аро ўзим қолсам ҳам ёлғиз,
Бармоғим барг бўлса бўлмаса илдиз,
Таним озиқланмай қўйса нетарман.

Жилмайиб менга тош отганда дўстим,
Душманга сирларим сотганда дўстим,
Ҳиёнат шаробин тотганда дўстим,
Дўстларим дўстликдан тонса нетарман.

Хаёлим дарёдай оқмаса агар,
Ёримга изҳорим ёқмаса агар,
Мен томон бир бора боқмаса агар,
Юрагим зардобга тўлса нетарман.

Кунларим, тунларим ўтса оҳ уриб,
Зулуклар тўймаса қонимни сўриб,
Ҳормасам қувончни андуҳга қориб,
Қалбимда армонлар кулса нетарман.