Раҳимжон Раҳмат 1961 йилда туғилган. Шоир, ёзувчи ва адабиётшунос. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Дала гуллари”, “Хасталик дафтари” адабий мақолалар, кузатишлар ва шеърий асарларни ўзида жам этган тўпламлар муаллифи.
Соғиндим
Бу ўткинчи дунёга
Келишимнинг сабаби –
Кўзларингни соғиндим.
Ойга боқиб: “Оҳ” тортиб,
Дард чекишим сабаби –
Юзларингни соғиндим.
Кеча-кундуз гунг бўлиб
Юришимнинг сабаби –
Сўзларингни соғиндим.
Ҳар кўчада ит каби
Дайдишимнинг сабаби –
Изларингни соғиндим.
Ошиқона
Ҳаридор бўл, ўзимни
Қул бозорда сотаман.
Ўпқон бўлсанг жонимни
Қучоғингга отаман.
Жаллод бўлгин, бошимни
Сенга қиламан тортиқ.
Ўткир бўлсин қиличинг,
Бахт борми бундан ортиқ?!.
Шамол бўлсанг, шам бўлай,
Бир лаҳзада ўчиргин.
Ёки нозик ниҳолман –
Илдизимдан кўчиргин.
Камон бўлсанг, нишонинг
Мана менинг юрагим.
Ўқ отарда мўлжалдан
Адашмагин, малагим.
Сендан келган жафолар
Жаннатдан минг аълодир.
Муҳаббатсиз бу ҳаёт
Бошга битган балодир.
Ўзингсан
Олов ёққан ўзингсан,
Энди сира ўчмайман.
Куйиб кул бўлсам, ҳатто,
Жонон, сендан кечмайман.
Олов ёққан ўзингсан,
Энди роса куяман.
Куйишимга куйинма,
Куйсам, қаттиқ суяман.
Қара, менга қўшилиб:
Юлдуз ёнар, ой ёнар.
Чин роҳатим ўзингсан,
Жаннат деган жой ёнар.
Олов ёққан ўзингсан,
Оловга бир тўяман.
Ҳеч кимга йўқ омонлик,
Дунёга ўт қўяман.
Ишқ олови офтобдир,
Баҳор бўлинг куз, қишлар.
Ишқ, асли, бир кимёдир,
Тилло бўлинг кумушлар.
Малика
Маликага ошиқ бўлибман,
Ол, Маликам, қалбим сеники.
Тупроққа тенг гадодирман, мен,
Жисминг эмас, исминг меники.
Шаҳзодангнинг ёнига боргин,
Ерда қолган изинг меники.
Шаҳзодалар бари бевафо,
Кўзёшларинг – кўзинг меники.
Сенга нисор айлайин десам,
Бойлигим йўқ жонимдан бошқа.
Ол, Маликам, жонимни олгин,
Арзийдими бир боқишингга.
Сочинг билан боғла бўйнимдан,
Сенинг содиқ итинг бўлайин.
Жаллод бўлиб жонимни олгин,
Фақат юзинг кўриб ўлайин.
Шаббодага айланиб хушбўй,
Сочларингни тарай оламан.
Юлдуз бўлиб, баланд осмондан
Ётоғингга қарай оламан.
Боғ айланиб кўнглинг шод бўлар,
Сочларингга қўнар капалак.
“Маликанинг бахти очилсин”,
Булбул сенга тилайди тилак.
Гуллар сени кўрибоқ, дейди:
“Маликамиз мунча ҳам кўркам?”
Бу боғ менинг қалбимдир, жоним,
Ишонмайсан, ўзим айтсам ҳам.
Маликага ошиқ бўлибман,
Ол, Маликам, қалбим сеники.
Тупроққа тенг гадодирман, мен,
Жисминг эмас, исминг меники.
Ишқ
Пойингга тиз чўкарман,
Бундан улуғ тавоб йўқ.
Жаннат эшик очади,
Бундан аъло савоб йўқ.
Висолингга етай, деб,
Ер остига кетяпман.
Жон берарда исмингни
Минг бор такрор айтяпман.
Қабрим ичин ёритган
Ойимсан, офтобимсан.
Машҳарда берилажак
Саволга жавобимсан.
Дунё менинг ичимда
Ўзга бир дунё кўрди,
Бўстонидан қувлади,
Саҳрони раво кўрди.
Дунё менинг ичимда
Ишқ деган бир гул кўрди,
Рашки келиб, аямай
Кўксимга ханжар урди.
Сен, деб, чеккан азобим
Бошга ёққан раҳматдир,
Борлигингни ҳис этиб,
Жоним сезган лаззатдир.
Бир гуноҳим ишқ эди,
Кўрдим минг тур жафони.
Жаннатда сийлагайсан
Мендек жони фидони.
Пойингга тиз чўкарман,
Бундан улуғ тавоб йўқ.
Изланг, икки дунёда
Ишқдан аъло офтоб йўқ.
Истасанг
Мени қўрмоқ истасанг, гулим,
Энди мени ўзингдан сўра.
Ухлаётиб ўзинг ҳам сезмай,
Айтган гапинг, сўзингдан сўра.
Мени кўрмоқ истасанг, гулим,
Ўтиб кетган йиллардан сўра.
Гала қумлар остида қолган
Чўллардаги йўллардан сўра.
Мени кўрмоқ истасанг, гулим,
Сув оқизган тупроқдан сўра.
Ернинг ўйиб олинган кўзи –
Қуриб қолган булоқдан сўра.
Мени кўрмоқ истасанг, гулим,
Томда ўсган майсадан сўра.
Қайдалигим кўриб турибди,
Кўзи ожиз кимсадан сўра.
Мен йўқдирман: на тупроқ, на сув,
На қуёшу на юлдуз, ойда.
Балки мени топиб оларсан
Ер ва осмон қўшилган жойда.
Жонимни ол
Жонимни ол, жонона, сенга ҳадя этаман,
Жононасиз жонларни итлар есин, нетаман.
Ноз қиласан минг турли, сўзларинг ширин, сирли,
Сенга берсам жонимни, мен ўзимга етаман.
Келгин, дейман, ёнимга, ором бергин жонимга,
Келмасанг ҳам майлига, келмайди, деб, кутаман.
Мендан нари тур, десанг, йироқларда юр, десанг,
Кетмон олиб, гўр ковлаб, ўша ерда ётаман.
Сенсиз дардга даво йўқ, бу шаҳарда маъно йўқ,
Мен ўзимни қул қилиб, лўлиларга сотаман.
Ўлдирса, ёр ўлдирсин, паймонимни тўлдирсин,
Лаҳаднинг деворига ишқий шеърлар битаман.
Маъно йўқ
Ҳаётимда маъно йўқ, кўнгил сира тўлмайди,
Юлдуз кулар, ой кулар, нега бахтим кулмайди?
Умр фақат айрилиқ, ҳижрон дилга урар тиғ,
Ёр висоли лаззатин кўнглим ҳали билмайди.
Ёрсиз ҳаёт кулфатдир, дунё қуриқ туҳматдир,
Ёрсиз зотни кесак денг, одам деса бўлмайди.
Дунё ҳаёти оздир, боқий дунё ҳўб создир,
Ишқсиз бўлсанг, у дунё писандига илмайди.
Бу дунёда камим кўп, катта-кичик ғамим кўп,
Энг катта камим ушбу, жонондан хат келмайди.