Қурбон Муҳаммадризо 1938 йилда туғилган. Хоразм Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Адибнинг икки жилддан иборат “Сайланма”си, “Махтумқули” тарихий романи нашр қилинган. “Тўй”, “Қасам ва виждон”, “Айбдорлар” каби пьесалари Республика телевидениеси ва радиоси орқали намойиш этилган.
БЎЛМАҒАЙ
Гул юзингга мендин ўзга мен каби зор бўлмағай,
Кўзларингга кўзларимдин ўзга хуммор бўлмағай.
Дилбарим, гулгун юзингни тенгладимми гулга мен,
Роҳати васлингдин ортиқ балки гулзор бўлмағай.
Бошласам бахт боғига ушлаб қўлингдин ёнма-ён,
Ўртамизда ўзга бир дил ишқи девор бўлмағай.
Дилгинангни бевафолиқ шевасидин қил йироқ,
Ажралиб сендин, кўзимга кенг жаҳон тор бўлмағай.
Гулюзим, рашку хусумат қилмагай қалбларни муз,
Ўртада иғво ташувчи балки ағёр бўлмағай.
Учрашиб қолганда кўзлар, кўз юмиб ўтсанг магар,
Ҳеч киши мендек на соғу ҳамки бемор бўлмағай.
Истаги Қурбоннинг, ишқи кезмагай ҳеч дарбадар,
Ўзгага сен дил бериб, бу ташна қалб хор бўлмағай.
МЕНДАН ҚОЧИБ
Кўргизиб худройлиғ, ёр кетдику мендан қочиб,
Эргашиб, воҳ, соясига кетди жон тандан қочиб.
Энди жоним ўзига жононни ром қилмас эса,
Кетмоғим афзал эмасму жону жонондан қочиб?
Йўл тўсиб жоним изимдадир чекдим афғон ва дер:
“Афсус, одам ҳам кетарми шаккаристондан қочиб?”
Бир умр дийдорига мафтунлигинг етмасмиди,
Топғайсен бахтни бу янглиғ қайда, сен ондан қочиб?
Сенчи, ушшоқлар амри Қайсни кўр, Фарҳодни кўр,
Ёрга етмоқлик доғи бўлғонми ҳижрондан қочиб?
Англагил, малҳамдурур азоби ёр дил дардига,
Сен – ошиқ, сабр эту кетма роҳатижондан қочиб.
Воҳки, Қурбон, кетмоғинг мумкин, вале, жондан кечиб,
Лек, бошни қайга урарсан офатижондан қочиб?
МАШРАБ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Тинглангиз сўзим, бўлиб чин севгига иқрор сиз,
Қай ошиқ айлар бардош кўзлари хумморсиз,
Сайрамас танбур, ахир, булбул бўлиб, гар ёрсиз,
Мен нечук юргум бу ғурбатхонада дилдорсиз,
Умр эрмасдур ошиқинг бир лаҳза бўлса ёрсиз.
Сувсиз ул жилға қақраб қолғуси, тоққа қаранг,
Офтобсиз бўлмағай ул боғи фирдавс лоларанг,
Иштиёқи бўлмағон одами гўё гунг-гаранг,
Меҳнату роҳатга ҳў қилган кишилардин сўранг,
Ҳам илме сийнага жо бўлмади такрорсиз.
Бир тасодиф бирла тош кўнгилга дилни боғладим,
Ишқдин қалбим қатига меҳригиёҳ жойладим,
Бошима ёғди жафо, лек ондин “вой-вой”ладим,
Дарбадар бўлдим жаҳонни кўп томоша айладим,
Ҳеч гулни кўрмадим оламда бўлғай хорсиз.
Севдиму билмай, дўстлар, энди қолдим не куна,
Ишқ келиб ўз ханжарини босди, найлай, кўксима,
Қайғуриб бул ҳолатимға, ошнолар дер, ўксима,
Кўнгил олдирғон кишилардин саволотим муна,
Деди ҳар ким кўнгил олди, ул эмас озорсиз.
Ишқ ўти тағи оловланди десам, бир кун ўтар,
Кун сори гирдоби оташ бор вужудимни қучар,
Оҳ, Оллоҳ, қалбдаги бул муддаони ким ечар,
Кимёни толиби бўлган киши жондан кечар,
Ҳеч ганже кўрмадим оламда бўлғай морсиз.
Боғима келмасмикин меҳрин сочиб ул гул, десам,
Ҳажр ўтиға бор ниҳоя, йиғлама булбул, десам,
Зор этиб қўймас сени ул сочлари сунбул, десам,
Учрамай кетди ўшал маҳвашга рози дил, десам,
Топмадим дилдорими ёлғуз даме ағёрсиз.
Ёр азобига сабр-бардош бергувчи тош сар қани,
Меҳрингга меҳри билан берган жавоб дилдор қани,
Бир куни ўлдирғуси бул жаврлар, Қурбон сани,
Машрабо, вақти надоматдур, биродарлар қани,
Истиқомат қилма дунёда пари рухсорсиз.
КОМИЛ ХОРАЗМИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Ашк эмас ул тўккани ишқ ҳажрида дурдона шамъ,
Бўлмади ҳушёр даме, ким бор ҳаёт мастона шамъ,
Ўт олиб оқмишки ерга бағри дона-дона шамъ,
Бўлмаса гар бир парининг ишқида девона шамъ,
Нега ҳар тун ўртанур то субҳ ёна-ёна шамъ?
Кимга айтсин дардин, излаб топмаса сирдошини,
Лол туриб, ёнган тили бирла ялар кўзёшини,
Оғалар, фаҳм айлангизким, сиз онинг бардошини,
Баски, ишқ ичра эрур собитқадамким, бошини –
Кессалар ҳар неча тебранмай турар мардона шамъ.
Минг хаёллар бирла бедор ахтарурмен кулбасин,
Гўиё маъшуқ бўлиб моҳ, айланар ер теграсин,
Аммо ул сангдил назар илмас ёниқ бул телбасин,
Кўрса ҳар маҳфил аро кўнглим жамоли шуъласин,
Айланур парвоз этиб кўрган каби парвона шамъ.
Аҳли ишққа яхшиликни ихтиёр этмоқ учун,
Биз каби мастонани бир бор хумор этмоқ учун,
Хизматин айлаб кўнгилни бахтиёр этмоқ учун,
Келса гар мажлисға, бошиға нисор этмоқ учун,
Оқизур ҳар тун дури ашкини дона-дона шамъ.
Майли, ёнсин жисмим ўтқа, майли, ишқ зор айласин,
Майли, аҳбоб айласин ор, майли, ағёр сўйласин,
Майли, Қурбон бу жаҳонни этсин инкор, кўрмасин,
Равшани этмас машъали хуршид Комил кулбасин,
Топмаса гар оразингдин бу қаро вайрона шамъ.