Қўчқор Норқобил (1968)

Қўчқор Норқобил 1968 йил 5 мартда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги Мўминкўл қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (2001). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1992). «Дарё ортидаги йиғи» (1994), «Ўн саккизга кирмаган мен бор» (2002), «Кулиб тур, азизим» (2005), «Қуёшни ким уйғотади?» сингари насрий ҳамда «Хосиятли дунё» (1992), «Кафтимдаги қизғалдоқ» (1993) шеърий тўпламлари нашр этилган.
А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, С. Есенин, Е. Евтушенко каби шоирларнинг насрий асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

ДАЛА

Саратоннинг олов селида,
Қилт этмайди шабада — бетоб…
Тушиб ерга осмон кўлидан,
Миниб олар елкамга офтоб.

Мавж уради ям-яшил дала —
Соҳилида салқинлар осмон.
Бир пиёла чой тутиб чайла
Ана, ёзни қилади меҳмон!

Қоқ тушдан то оқшомга қолиб,
Кенг даладай яшнадим — ҳузур!
Елкамдаги офтобни олиб,
Пешонамни силади Хизр!

ҲАЁТ

Гоҳ тоғдай қайғуси мисқолдан майда,
Гоҳ лаҳза шодлиги мангуга татир…
Тақдир саҳнасида чопаман қайга,
Наҳот ҳаётимнинг ўзи театр?

Очилиб-ёпилар тўрт фасл — парда!
Тонг ҳали уйғонмай эшик чертар тун…
Тақдир — муаллифга қиламан зарда
Вақт бергин, ўзимни ўнглашим учун…

Вақт — машҳур режиссёр! Саҳнада ғолиб!
Кунларни ўйнатар битта-битталаб.
Сўнгра тўрт фаслни елкамга олиб,
Жилмайиб яшашни қилади талаб…

ЧАЙЛА

Чайла. Бир пиёла чой. Қиём.
Тилимланган тарвуз ҳамда бурда нон.
Хотиржам мизғийди бобомиз гўё,
Жаҳонни қўлида ўйнатган султон.

Офтоб ҳам оғриниб оғар. Пешинни
Полизда сув тараб қаршилайди чол.
Фалакка ўт қўйган жавзо қўшини,
Чолнинг оёғига йиқилар беҳол.

Тун чўкди. Чайлада чол чарчоқ ёзди,
Шамол қилт этмоққа топмас ҳафсала.
Кўкка учмоқ истар кўтариб ёзни,
Ариқларга боғлаб қўйилган дала.

ЁЗ

Мевазорда бўлди тантана,
Олмаларни термоқдалар — Соз!
Қизларини узатган Она,
Каби енгил нафас олди Ёз…

Оқшом чўкди… Тун чодирига,
Шамлар осди… Осмон — чироқчи.
Ой шуъласи чўмган боғларни
Қўриқлайди “Етти қароқчи”.

КЎЛДА

Ой яп-яқин. Ёз бағри ёниқ,
Фалак сонсиз юлдузлар таққан.
Шамол ҳоврин босган тип-тиниқ
Кўлда сузиб юрибда осмон.

Сўнг Сен келдинг. Сиймтан чирой,
Тушдинг — сувда юзди нур излар…
Эси оғиб чайқалади ой,
Кўлдан чиқиб кетди юлдузлар.

ИСТАК

Бир кун қулар ичимдаги тоғ,
Дарёларим келар топиниб.
Ҳозирча ёз. Сукутда чорбоғ
Ухлаяпти тунни ёпиниб.

Юрагимда ингроқли бир сас —
Чўкиб ётар кўнглимда хитоб.
Елкаларим оларди нафас,
Мен ўзимни қилолсам китоб.

Ҳозирча ёз. Сокинлик инди,
Тунни бедор этмоқ осонми?
Қандай ташлаб юборай энди,
Икки қўлим тутган осмонни?

ҚОРЁҒДИГУЛ

Қорёғдигул ўсар чайла четида —
Жавзода қор тушган каби мўъжиза.
Титроқ баргчалари қуёш ўтида
Қировга кўмилиб титрар
Топ-тоза!

Бу қандай синоат?
Бу қандайин куч?
Қорнинг заррасига ўхшайди дедим…
Ёзда қоргул ўсиб чиқишини ҳеч,
Умрим бино бўлиб кўрмаган эдим.

Ажиб ижодингдан айланай, Ҳаёт,
Измингда чулғанур ҳар самовий ранг.
Буюксану,
Бироқ кибру ҳаво ёт,
Гулласанг офтобни куйдирар чеҳранг.

Мен ҳам шоирман деб юрибман. Энди,
Ўйласам баланддир ўзимдан виқор.
Бугун уялтирдинг — ҳайратим инди,
Отам чайласида гуллаётган қор…

АСРГА ХИТОБ

XXI аср —
Инсониятнинг
Қуёшга қўл чўзиб яшаган даври…
Ердаги ҳар майса тожи ҳаётнинг,
Тириклик бошида ваҳмни кўрдим.

XXI аср…
Бир ёним гулзор,
Бир ёним тутайди қиёмат каби.
Заминни қизғониб кўтариб турар,
Тинчлик, деб ҳайқирган одамзот қалби…

XXI аср…
Бу — менинг болам.
Ишонч-умидларим, баҳри зиёдам!
Шу ўғлон кўзида томчи ёш кўрсам,
Оҳларим ўт бўлиб сачрар дунёга.

XXI аср…
Мана, даста гул!
Улоқтир қуролу бомбаларингни.
Бари ўтмиш бўлсин… майли, ҳартугул
Келажакка ортма ғовғаларингни.

XXI аср…
Бу — менинг ўзим!
Урушингни кўрдим… Кўрдим ўлимни.
Ёруғ тонглар учун ёшланди кўзим,
Омон асрайсанми менинг ўғлимни?!