Қамбар Ота (Ўтаев) 1941 йили Каттақўрғон шаҳрида туғилган. 1961 йили Самарқанд гидромелиорация техникумини, кейин Самарқанд давлат университетининг филология факултетини тамомлаган. Қамбар Отанинг болалар ва катталар учун мўлжалланган “Китобча ва бузоқча” (1970), “Чинор” (1976), “Бизнинг коинот” (1980), “Ёшлик қувончи” (1974), “Ватан тупроғи” (1976), “Қиёфа” (1981) каби тўпламлари нашр этилган. 2016 йил 31 июль куни вафот этган.
САДОҚАТНИ ОДАТ ҚИЛДИМ
Дўст-ёронни ёниб севдим,
Дўст-ёронни ёниб севдим,
Юракдан ўртаниб севдим.
Садоқатни одат қилдим,
Ўзимга зўр мадад қилдим.
Ёмонлик баҳридин кечдим,
Нафратни ташладим, қочдим.
Омадга кенг эшик очдим,
Эзгулик шарбатин ичдим.
Башар аҳли азиз менга,
Уни севмоқ лазиз менга.
Ҳар бир она онам қадар.
Унутилмас устоз падар.
Меҳрлардан камол топдим.
Ишқдан соҳибжамол топдим.
Муҳаббатни одат қилдим,
Ўзимга зўр мадад қилдим.
ШEъРИЯТ
Шеърият — илоҳий калом жавҳари,
Камолотда танҳо,
Ҳикматда танҳо.
Адабий музаффар ҳақнинг сарвари,
Ҳукми зўр, енгилмас, қудратда танҳо.
Ҳалол лафз Аллоҳдан шоирга қисмат,
Умр насибаси гоҳ лаззат, гоҳ тиғ…
Ҳеч кимда учрамас бу каби хислат,
Куйчининг ҳаёти — ловуллаган чўғ.
Тошларнинг кўксида ўт бўлиб дўнган
Битиклар адабий умрингга асос.
Юрак гули мисол қалбларда óнган
Буюк муҳаббатсан — лутфи муқаддас.
Сенга сиғинганлар бўлмадилар кам,
Ҳар ошиқ сўзинг қалб тўрига битди.
Сен сабаб аталиб ҳақиқий одам
Севишни ўрганди — муродга етди.
Зўрларнинг ёнига кириб кетмадинг,
Ҳеч қачон ноҳақни қўлламагансан.
Йиғилганни асло босиб ўтмадинг,
Ҳеч кимга ёмонлик йўлламагансан.
Дунёни покиза кўрмоқ истадинг,
Халқнинг дил дардини ҳимоя қилдинг.
Энг тоза одамни ёниб изладинг,
Беаёв маккорлар бағрини тилдинг.
Жоҳилу золимлар бадтар тутақиб,
Ҳиссиз ўлик кўзи аланглайверди.
Сен эса уларни этганча таъқиб,
Ғолиб юрак билан жаранглайвердинг.
Минг йиллик шеърият, журъатинг кўриб,
Не қаттол жаллодлар мағлуб бўлдилар.
Сездилар ўзларин нобакор, ғариб,
Қонлари кўпириб, қақшаб сўлдилар.
Нажот истаганлар топишди чора,
Сендан шифо олди кўнгли яралар.
Қилмишидан бағри бўлиб юз пора,
Туб-тубидан синди ичи қоралар.
Илоҳий илҳомли кўнгил боғисан,
Мухлислар севарлар куйингда ёниб.
Эзгу юракларнинг суянч тоғисан,
Яшарлар тақдирин сенга ишониб.
Иймонли сатрлар — юракдан чўғлар
Ўтларда куймагай, сувларда чўкмас.
Етук шеър аталмиш бахти улуғлар,
Ҳар қачон тик сўзлар, қаддини букмас.
Сенга тенг келгувчи ҳақиқатпараст,
Сенга тенг келгувчи мангулик йўқдир.
Назаринг нишонга аниқ тегар, рост,
Сенинг ҳар бир сўзинг отилган ўқдир.
Сенга жўш уради ҳиммату шафқат,
Бағрингда жамул-жам покиза туйғу.
Ҳар неки истасанг бўлгай ижобат,
Хоҳишинг дунёнинг ишига уйғун.
Ёмонлар истагин айлароқ барбод
Тилак эт халқингга энг эзгу ҳаёт.
Дунёни ҳақиқат қилгайдир обод.
Мангулик тимсоли Ота шеърият.
ҚИЗНИНГ ИШИ ҚИЙИНЧОҚ
Қиз бола сирли бир тугунча мисол,
Гулшанда тенги йўқ гулғунча мисол.
Улғайгач, чиройин кўриб қувнарсан,
Туну кун эртасин, бахтин ўйларсан.
Ўғил бола иши мисли ўйинчоқ.
Қиз бола ташвиши жумбоқ-қийинчоқ,
Вақтида тенгига тўй бўлиб кетсин.
Қуёш бўлиб кетсин, ой бўлиб кетсин.
Гўшангдан учганда палаҳмон тоши,
Илоё тош бўлсин қизингнинг боши.
Мангуга тош қотсин тушган жойида,
Палак отиб, гул унсин қадам-пойида.
Қизинг ҳаётингда жондан куюнчак,
Тоғдан-да қудратли таянч-суянчиқ.
Бағрингдан чиққанда кўнглинг бузилиб,
Жонгинанг кетгандай бўлар узилиб.
Дилбандинг меҳрини соғинган дамлар,
Бошинг осмондадир, деса одамлар —
Кошонада бахти ҳалинчак экан.
Пешонаси кулган келинчак экан.