Қадам Саид Мурод 1951 йилда туғилган. Урганч Давлат педагогика институтини тамомлаган. Унинг “Олтин беланчак”, “Эшик”, “Бир тилда гаплашамиз” ва “Бойчечак” номли шеърий китоблари нашр этилган. Ижодкор 2013 йилда вафот этди.
КЕЛАДИ
Феврал кетар,
Март келади,
Қаро қишга банд келади.
Тун-кечалар қадр ўлибон,
Наврўзлар нўшҳанд келади.
Яхлаб ётган ниҳолларга,
Бир хушхабар ниҳонларга,
Висолларга, мисолларга
Шакар, асал, қанд келади.
Гоҳ лол қолар санамлар ҳам,
Титраб кетар қаламлар ҳам,
Алдамайди аламлар ҳам,
Дардлар доим мард келади.
Ол ранг келар лолаларга,
Тоғу-тош дурдоналарга,
Ҳатто кўнгли олаларга
Гирди бало гард келади.
Кимлар зулмат аро бўлса,
Дилларда доғ — яро бўлса,
Кимнинг бахти қаро бўлса,
Дард устига дард келади.
Қутилсанг қиш қафасидан,
Чечакларнинг нафасидан,
Қалдирғочлар орқасидан,
Шеър, қўшиқ ҳамдард келади.
ТАСКИН
Эй дил —
Дарди бедаво,
Бу дард даводан ўтган.
Момо Ҳаводан хато,
Одам Атодан ўтган.
Сабрдан сукут —
Жимлик,
Шайтондан ҳийла-шумлик
Кайфу сафо, беш кунлик,
Кибру ҳаводан ўтган.
Гуноҳми,
Савоб — сиринг,
Аён бўлгай охиринг,
Қарғиш дуодан, биринг
Олқиш дуодан ўтган.
Гоҳ олов,
Муз қонларда,
Қаро ер, осмонларда,
Неки ўтса жонлардан,
Жабру жафодан ўтган.
Қадам, ҳар кун,
Ҳар бир тун,
Бўлаверма жигар хун,
Бу дунёйи даҳри дун
Доим хатодан ўтган…
КЎРАМАН
Тун-кечалар, кундузлар ҳам
Бир дарё — суръат кўраман.
Бошлари хам,
дийдаси нам,
Сийнада сийрат кўраман.
Қора бошда қор гуноҳим,
Жисми жоним — дуди оҳим,
Дўсти ёрлар,
Сизда гоҳи
Шайтоний сурат кўраман.
Чироқ, ёғда ҳам пиликда,
Ҳар битта қўл, ҳар иликда,
Гоҳ салому
Гоҳ аликда
Бир дунё миннат кўраман.
Бандасига бандадир ким,
Гулшанмас, гулхандадир ким,
Замини жим,
Фалаги жим,
Ерларда иллат кўраман.
Эрта баҳор, турналарда,
Ҳурлар сурган сурмаларда,
Тавба, дуо,
Сураларда
Бир олам зийнат кўраман.
Лола, райҳон, гулларда ман,
Ё, Ҳақ деган дилларда ман,
Туркий забон —
Тилларда ман
Бир буюк миллат кўраман.
ТАВБА
На гуноҳ,
Надир савоб,
Ҳақни билмайсиз нега?
Тангани айлаб тавоф,
Тавба қилмайсиз нега?
Мард йигит майдон аро,
Найласин шайтон аро,
Бахтли ким,
Бахти қаро,
Тавба қилмайсиз нега.
Топсангиз давлат текин,
Бир умр ғафлат текин,
Йўқдир аммо,
Йўқ лекин,
Тавба қилмайсиз нега?
На тилингизда дуо,
На дилингизда Худо,
Сиз баковул,
Катхудо,
Тавба қилмайсиз нега?
Шоир айлади хитоб,
Бўлмасидан сарҳисоб,
Сизлар, эй,
Аҳли китоб,
Тавба қилмайсиз нега?
ЧАМАН ИЧРА, БОҒ ИЧРА
Тазмин
Кўнгил, кўрдинг кун, Ойда —
Доғ ичра, минг доғ ичра.
Сен қайдасан, ул қайда —
Чаман ичра,
боғ ичра.
Жоним дединг, жон ахир,
Кўз ичра — қароғ ичра.
Хас бўлғуси барибир
Чаман ичра,
Боғ ичра.
Ишқ асари — дарди йўқ
Соғлар ичра, соғ ичра.
Ўт найласин, нетар чўғ
Чаман ичра,
Боғ ичра.
Денгизлар-ку — ашки ер,
Дур нетар тош-тоғ ичра.
Қўшиқ қайда, қайда шеър
Чаман ичра,
Боғ ичра.
Қадам, холи хатардан
Тоза бир тупроқ ичра,
Шу кун, эрта ётарсан
Чаман ичра,
Боғ ичра…