КУЗ
Ланг очиб эшикни хазон ойига,
Хайрга қўл чўзар қизарган Август.
Туфлисин ботириб ёмғир лойига,
Қўлида соябон, шошиб келар куз.
Ёмғир мудроқ йўлнинг юзини ювар,
Дарахтлар бағрига босар япроқни.
Булутлар осмонда қора – изқувар,
Календар йиртади ёзги варақни…
Куз…
Заминнинг кўйлагин ювади узоқ,
Октябр фалакдан қидирар юлдуз.
Дарахтлар кўйлагин ечди ниҳоят,
Сап-сариқ рўмолин қуритмагач куз.
Ноябр пальтосин кияди эрта,
Қишга бериб қўяр уйнинг тўрини.
Ва ўзи йўл олар мозий қатига,
Аёзга қолдириб ёзги сўрини…
ДАРАХТЛАР
Деворга чўкиб борар тобора сурат,
Нигоҳин яшириб кўзгудан – мендан.
Яна бўй чўзишга уринар журъат,
Яна югурмоқда ўтмиш изимдан.
Хонада ҳайқирар хотира дафтар,
Қуриган гулларга қабристон – гулдон.
Кўнгилда мавж уриб маҳзун мисралар,
Сенинг гул исмингни такрорлар, ишон.
Нечун унутмайди
Мени соғинчлар?
Шивирлар кечаги кунлар ёдимда.
Ўша бир суратни чизар ўтинчлар,
Сен пайдо бўласан яна олдимда.
Мени ишғол қилар
йиллар чангида,
Мудом бу йўллардан бахт кутган хатлар.
Ҳовлида
жон ҳовучлар иккимиз эккан,
Кесилиб кетмай деб кекса дарахтлар…
* * *
Ё Тангрим…
Яримта кўксим ҳам бўлиниб кетди,
Нотинч бекатларда кечмоқда умрим.
Ғамлар кўзларимда сарғайиб битди,
Энди бу хазонлар – туғишган синглим…
Дардлар томчиланиб кузни йиғлатар,
Юлдуздан милтиллаб сизмоқда кўз ёш.
Тўртбурчак дунёдан овозим қайтиб,
Юрагим ўймоқда безовта наққош.
Билмайман, ҳали ҳам теграмда нелар,
Билганим…
кўксимда қадимий бир шам.
Ёниб,
ёндирмоғим,
ёнмоғим келар…
Мен ёнсам, оловлар бўлишар мулзам.
Мени қийнайверар ўша сирли ғам,
Сиз юрган йўллардан келмоқда ўтгим.
Кўзимга қарайсиз,
байтларингиз нам,
Нечун йиғлаяпсиз, Нодирабегим?