Ориф Толиб (1987)

Ориф Толиб 1987 йилда Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги Қумбости қишлоғида туғилган.
2009 йилда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетини тугатган.
“Гулхан” журнали ва “Истеъмолчи” газеталарида ишлаган. Ҳозирда “Мовароуннаҳр” нашриётида бўлим муҳаррири лавозимида фаолият юритади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Учрашув” номли шеърий китобчаси чоп этилган.

ОҒРИҚ НУҚТА

Сувсиз саҳролардай ўртанар жоним,
Кўнглим ташна бўлиб, ёниб севаман.
Севгига ишониб, бахтга ишониб,
Майда туйғулардан тониб севаман.

Сен-чи, соғинтириб қийнайсан атай,
Мен эса аламим шеърдан оламан.
Дардимни бўлишмай, ҳеч кимга айтмай,
Куйган дил зорини куйга соламан.

Ўзинг айт, дард борми бундан зиёда –
Тилсиз балиқлардай сўзсиз оҳ урсам.
Сен баҳордай яшнаб юрган дунёда
Ҳижронга қофия излаб ўтирсам!..

Асли одат эмас менга шоирлик,
Барин унутаман сен келганинг чоқ.
Билсанг, малол келар ортиқча юкдек
Ошиқликни қўйиб шоирлик қилмоқ.

2009

ОСМОНИМДА КУЛМАСМИСАН

Ҳаволаб-ҳаволаб тиниқ тортган ой,
Олислаган сайин ҳусни ортган ой,
Ширин-ширин хаёл суриб ётган ой,
Менинг осмонимда кулмасмисан, айт?

Кўз юмдиму босдим тиконни шартта,
Жон-жаҳоним ёнди ишқ деган дардда,
Менга деса, куйсин яна минг марта,
Телба юрагимни билмасмисан, айт?

Йироқсан, ёмон-да ёрнинг фироғи,
Қўл чўзсам еткудай яқинсан гоҳи,
Йўлингга кўз тикиб кутганим чоғи
Нур сочиб, дил очиб келмасмисан, айт?

Ўн беш кун юксакдан жой берар фалак,
Ўн беш кун пойингда интизор, ҳалак,
Кўксимда бир умр қолгин, эй тилак,
Дилни излаётган дилмасмисан, айт?

2007

САВОЛ

Шаббода гул билан ўйнар эринчак,
Эгасиз чайқалар маъюс ҳалинчак…
Беланчак тебратган гулюз келинчак,
Унсиз йиғи сени бедор этдими?

Йўқотганим бир сен, топганим бисёр:
Бир дунё армону қанчалар озор,
Дардларим – ишқимнинг болалари бор,
Севинчим кўзимга ёшлар элтдими?

Нетай, қўшиқларим маҳзун тўқилди,
Сўзларим кўзёшдай бир-бир тўкилди,
Ҳасратимни тинглаб ҳилол букилди…
Оҳларим сенгаям бориб етдими?

Бугун мен кўнглини йўқотган одам,
Шууримда сўнгсиз изтироблар жам,
Айт, гулим, бизларга бахт улашган дам
Фақат хаёлларда қолиб кетдими?

2007


ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Хаёлларга эргашиб,
Тоғлар ошиб, қир ошиб,
Ҳижрон билан курашиб
Ёқавайрон бўлганман.

Гул бермадим, дил бердим,
Дилмас, содиқ қул бердим,
Шаҳар бердим, йўл бердим –
Мен сен томон бўлганман.

Ўйлар мени қийнади,
Тўйлар мени қийнади…
Алдов – қизлар зийнати,
Бошда ҳайрон бўлганман.

Шоирлик эмас илм,
Шунга овунар дилим,
Ишқ билан чиқди тилим,
Дарддан бийрон бўлганман.

Сўзларга ишонгандим,
Кўзларга ишонгандим,
Қизларга ишонгандим…
Роса нодон бўлганман.

Ишқнинг қўлига тушдим –
Гўё келига тушдим,
Билиб туриб адашдим,
Расвои жон бўлганман.

2007

ТАҚДИР

Айб мендамас, гулим,
ҳисларим ёнди,
Сизни чиндан севдим, гуноҳим йўқдир.
Бошимга тушганин кўз кўрар энди,
Кўзимни йўлларга боғлади тақдир.

Бунчалар гўзалсиз, бунчалар нафис,
Дод дейми, оҳ дейми, ёлворай – нетай?!
Кўнглимнинг тубида очилган наргис,
Сизга зилол сувдай қўшиқлар айтай.

Балки сезмассиз ҳам, бу мунис нигоҳ
Жонимга қанчалар лазизлигини.
Момогулдуракдай юрагим шу чоқ
Бир титроқ олдида ожизлигини.

Биламан, ўй кўп-у, йўқдир имконим,
Сизга етмоқ қайда, сиз ойдай олис.
Жоним, ўртанади энди бу жоним,
Жонимни майдалаб ёқиб борар ҳис.

Нетай, ўз кўнглимга етмайди кучим,
Ортга қайтай десам энди йўл йўқдир.
Умримни сиз билан боғламаса ҳам,
Кўзимни йўлларга боғлади тақдир.

2010

КЕЙИН…

Сен бахтингни – йўлни ўзинг танладинг,
Мен-чи, қўл силкидим дутор чалгандай.
Бир ёмон қийналдим, номус қилдим сўнг
Бундай қисмат фақат менга келгандай.

Аслида, ким севиб бахтига етган,
Қанча бирга бўлган севги ва висол?
Барча чин ошиқлар омадсиз ўтган,
Толенинг кулгани хаёлдир, хаёл.

Сенда ҳам, менда ҳам йўқ эди айб,
Шу сабаб дардимни ичга ютаман:
Олдин сени сўкиб оламан тўйиб,
Кейин… Кейин сени ўйлаб ётаман.

2011

ГАРЧИ

Баҳордай тез келиб-кетдинг сен,
Гарчи менга тутқаздинг армон.
Гарчи алам ғолиб келган кун
Кўзларимга кўриндинг ёмон.

Гарчи кўнглим зардобга тўлиб,
Сендан буткул юзим бурсам ҳам,
Сен барибир гўзалсан, гулим,
Сен барибир яхшисан, эркам.

2011

ОРЗУ

Дардли шеърлар меъдамга тегди,
Шодон-шодон қўшиқлар айтсам.
Учқур қанот боғлаб, қанийди,
Ўша ёруғ кунларга қайтсам.

Мени ортиқ эзмаса алам,
Кўтармасам айрилиқ юкин.
Бутун умр билмасдан ўтсам
Соғинч деган азоб борлигин.

Мен Ер каби бир издан юрсам,
Йўлларимиз ҳар кун туташса.
Ҳар кун ойдай юзингни кўрсам,
Кўзларингдан кўзим қамашса.

Ўнгга дўниб бу ширин эртак,
Сен билан соз-суҳбатлар қурсам.
Олдингидек дўсту ёр бўлсак,
Севишимни билмасанг сен ҳам.

2011