Ориф Ҳожи (1966)

Ориф Ҳожи 1966 йилнинг 22 мартида таваллуд топган. Ўн етти ёшдан бугунги кунгача Самарқанд шаҳрида  яшайди. Унинг “Банди руҳ” (1994й.), “Озод руҳ” (1994й.), “Янги оҳанглар” (2001й.), “Самарқанд сайқали” (2007й.), “Қирқ ҳадис ва бир ривоят” (2008й.),  “Оналар оёғи остида жаннат” (2011й.),  “Ишқ йўли” (2012 й.) номли шеърий, “Оппоққина қушгинам” (2009й.), “Оқ тулпор” (2010й.) номли  ҳикоялар тўпламлари чоп этилган.
“Белый скакун” номли ҳикоялар тўплами, “Что оставим другим” номли шеърий тўплами рус тилида нашрга тайёрланмоқда.
Ориф Ҳожи бадиий таржима билан ҳам  шуғулланади. Теодор Драйзер, Луи Вилкенс Фримен, Александр Бондар каби жаҳон адабиётининг таниқли намояндалари ҳикояларини рус тилидан, Болта Ортиқзоданинг “Самарқанд Юсуфи”  қиссасини,  Асадулло Шукуровнинг “Тақдир тегирмони” ҳикоялар тўпламини тожик тилидан, Кенесбой Каримовнинг бир қатор шеърларини қорақалпоқ тилидан таржима қилиб,  нашр эттирди.

ЎЗБЕК

Ўзбекча сўйлаш билан ўзбек бўлмайди одам,
Ўзбекка бағрикенглик мерос Одам Атодан.

Ўзбекнинг ўзбеклиги адлу адолатдадир,
Ўзбекнинг ўзбеклиги хайру саховатдадир.

Меҳру оқибат билан ўзбек ўзбек бўлади,
Урф билан, одат билан ўзбек ўзбек бўлади.

Ўзбек орини сотмас, сотса, сотар отини,
Беш бармоғидай билар ўзбек етти зотини.

Ардоқлар аждодини, пирим дер устодини,
Қордай мусаффо бўлар асл ўзбек ботини.

Нон деб яшамас ўзбек, ўзбек шон деб яшайди,
Етти яшар ўғлини хон-султон деб яшайди.

Камситмайди бир-бирин улуғлайди ҳамиша,
Ўзбек яхши билади: кишининг кўнгли шиша.

Ардоқлар Наврўзини, аямас, нон-тузини,
Отасининг сўзини фармон деб яшар ўзбек.

Ўзбек ёт-ёғийга ҳам яхшилик соғинади,
Заминни  онам, дейди, Худога сиғинади.

Ўзига тиламасдан, эл-юртга тилар ўзбек,
Қўшнисидан қарз олиб, худойи қилар ўзбек.

Бунёдкорлик қонида, мисолдир Соҳибқирон,
Қўлидан обод бўлди, арабу ҳинду эрон.

Ишонмасанг, Аграга бориб кўр Тожмаҳални,
Бинолардан халқига қўйиб кетган ҳайкални.

Шоҳруҳ эрон-туронни қирқ йил обод айлади,
Улуғбек осимонни «Зич»лаб маҳкам бойлади.

Хайру ҳасанот қилган ўзбекнинг боболари,
Ҳиротни Ҳирот қилган, ўзбекнинг боболари.

Навоийнинг ҳиммати бир давлатдан бой эди,
Ўнгида Хуросону сўлида Хитой эди.

Еру кўк орасида  нек ниятдир ўзбегим,
Ёмонликни ўйламоқ айб-уят, дер ўзбегим.

Қанча ёмонлик кўрса, ўзбек ичга ютади,
Ҳаттоки душмандан ҳам бир эзгулик кутади.

Санаб бир-бир барчасин вақтингизни олмайман,
Ўзбек бунёдкор бўлар, деган сўздан қолмайман.

Кимки бузмакор бўлса, ўзбек эмасдир мутлоқ,
Ўзбекман, деб алдаган Ултонтоздай бесиёқ.

Ўзбекнинг ўнг қўлида саховат кафгири бор,
Унинг Ялонғоч ота – назаркарда пири бор.

Гар Искандар бўлса ҳам ҳеч пирсиз юрмас ўзбек,
Йиқилганни тепмайди, етимни  урмас ўзбек.

Уч юз олтмиш томири ҳақ деб урар ўзбекнинг,
Ўғлонлари кундузи юлдуз кўрар ўзбекнинг.


САМАРҚАНД

Фалакка тиргагингдурлар минорлар,
Қадимдан-да қадим бунда чинорлар,

Шифобахш сувларингга ташналаблар,
Етишсам, деб кезар қанча диёрлар.

Азизлар хокидин бунёд замининг,
Кўзига тўтиё айлар беморлар.

Тикарлар молу ҳолу жисму жонин,
Санга туфроқ бўлай деб шаҳриёрлар.

Самарқандим, самар, қандим, Самар, Қанд –
Вафога жонфидо вафоли ёрлар.

ҲАЙКАЛ

Хивада Ферузга ҳайкал қўймишлар,
Оёқ-йўқ, қўл йўғ-у елка – бор, бош – бор.
Тўртбурчак пақирга солиб қўймишдай,
Ночор хаёл суриб турар ҳукмдор.

Узоқ қараб турсанг раҳминг келади,
Гўёки чирпанар йўргакда гўдак.
Муҳаммад Раҳимнинг шахти бор эди,
Дунёни йўргакка ўраб қўйгудай.

Вақтнинг ҳукми билан буни қарангки,
Тўртбурчак тош ичра қўли оёғи.
Авлиёдай ерга ёнбош қарайди,
Кўкларни кўзлаган шоир сиёғи.

Нечундир жойи ҳам ўз кўшкидамас,
Саройида турар Нурулла бойнинг
Ўлим бир қиларми, охир қийматин
Замонлар ўтказиб шоҳнинг гадойнинг.

Эй, замон қўл келиб унинг зайлида,
Кичик бир мансабга илашган жўра
Шоҳларнинг хокини зиёрат қилгин,
Осмонларни шохлаб юргандан кўра.

***

Самарқанднинг оппоқ оқшомларида,
Сайр этсам, улуғлар тушар ёдимга.
Соҳибқирон, етти пир ёнларида,
Тирикдай уйғонар хотиротимда.

Тирик шоҳ даҳмаси – Шоҳизиндада,
Кезинар жаннати азизлар руҳи.
Нилий кошинларда жилоланади,
Ўтмишу бугуннинг олий шукуҳи.

Кўк сарой майдони – ишқ маъвосида,
Дур сочар биллурий фавворалари.
Ҳовучлаб сув тутар ўз лайлосига,
Бугуннинг Мажнуну овворалари.

Бунда ҳазил-ҳузул авжига чиқар,
Дунёнинг барча хил лаҳжаларида.
Етти ёт ҳам дилга яқин туюлар,
Умрнинг сўлим бу лаҳзаларида.

Регистонда гилам қалпоқ кийганча,
Хорижлик бир сайёҳ анграйиб тутар,
Афтидан минорлар кунгурасида,
Улуғ боболарнинг қудратин кўрар.

Неон чироқларда дурдай ялтирар,
Комиллик рамзидан томган томчилар.
Уч ойда яралган яшил майдонча,
Сайёҳлар дидини имтиҳон қилар.

СамДУ хиёбони – болалигимнинг
Сеҳрли онлари кечган сўлим боғ.
Жуфтланган ёшларнинг шивирлашидан,
Бу жойлар туюлар яна сирлироқ.

Самарқанднинг оппоқ оқшомларида,
Сайр этсам, улуғлар тушар ёдимга…

ТИЛИМ

Менинг она тилим,музаййан тилим,
Мақоми мангуга муаййан тилим.
Сенда Навоийнинг даҳо нафаси,
Озар булбулининг хушилхон саси.
Сен боис юртимнинг заки ўғлони,
Таржимасиз ўқир Юнус Эмрони.
“Девони луғат”нинг сарчашмасидан,
Сув ичган порс-араблар чашмасидан.
“Қутадғу билик”дан қут олган бу тил,
Бобур юрагидан ўт олган бу тил.
Бунда Машраб пок ишқ майин симурди,
Дилларни маст қилди Турдининг дурди.
Бу тилда куйлади Сўфи, Ҳувайдо,
Мунису Огоҳлар бўлдилар пайдо.
Ҳар неки санъатга имкони бор тил,
Амирий, Феруз бор султонивор тил.
Бугун чин тантана муборак бўлгай,
Муқаддас анъана муборак бўлгай.

ЙЎҚЛОВ

Оқтов билан Қоратовнинг дараси,
Яшаб ётир ўзбекларнинг сараси,
Тинмагайдир алпларининг наъраси.
Эргаш бобо, булбул бобо бормисиз,
Яхши кунда элига даркормисиз?

Сўз айтганда лол айлаган нечани,
Олов бўлиб ёққан қаро кечани,
Ўзи бийрон, изи Жайрон чечаннинг,
Бахши бобо, булбул бобо бормисиз,
Бу товларга ярашган шунқормисиз?

Гўрўғлидан қирқ достонни куйлаган,
Қўнғир ерни, кўк осмонни куйлаган,
Дину иймон, қирқ чилтонни куйлаган,
Эргаш бобо, булбул бобо бормисиз,
Эрксизга эрк, ори йўққа ормисиз,

Фақирларни мақтаб, чимдиб киборни,
Эл ичида топган зўр эътиборни,
Қоражондан ортиқ билган Чиборни,
Бахши бобо, булбул бобо бормисиз,
Чоҳларда ҳам эгилмаган ормисиз?

Ёмонини яхши қилган бир элни,
Айтиб-айтиб бахши қилган бир элни,
Бойчиборни Рахши қилган бир элнинг,
Эргаш бобо, булбул бобо бормисиз,
Зўр шоирлар қаторида нормисиз?

Топганини бўлиб берган очларга,
Терма айтган тошларга, оғочларга,
Оға бўлган мунгли қариндошларга,
Бахши бобо, булбул бобо бормисиз,
Қалдирғочни асраган тумормисиз?


ОНА ВАТАН

Она Ватан! Санжоғингни санчиб юрай жиғадай,
Кўнгил кўшкин ғайр етолмас, Кундек баланд тоқига.
Сен ҳақингда ёзган энг зўр шеърларимни кўчирай,
Дафтаргамас, кўнгил билан кўзларимнинг оқига.

Она Ватан! Сен мағрур бўл, сен обод бўл, баркамол,
Сенга тонглар пешвоз чиқсин пешкаш қилиб Қуёшни!
Фарзандларинг фидо қилсин, фидо қилсин бемалол,
Керак бўлса, сенинг учун ачинмай азиз бошни.

Она Ватан! Насиб этсин, мендек шоир ўғлингга,
Истиқлолинг куйлагандек истиқболинг куйламоқ.
Атрофини ўраганда бахтиёр набиралар,
Бу куннинг ташвишларин эртак каби сўйламоқ.

Она Ватан! Қомусинг бор – номусимиз китоби,
Бахтимизга кафолатдир унинг ҳар бир вароғи.
Абадий жаранглагай сенда тинчлик хитоби,
Марсга ҳам қадалгайдур Ўзбекистон байроғи!

Она Ватан! Адолат деб асрларки чекдинг жон,
Муҳрларга ўйдирган сен “Рости – русти” каломин.
Жалолиддин, Темурмалик, шавкатли Соҳибқирон,
Руҳлари йўллагайдур сенга қутлуғ саломин:

“Она Ватан! Сен мағрур бўл, сен обод бўл, баркамол,
Сенга тонглар пешвоз чиқсин пешкаш қилиб Қуёшни!”

***

Баҳор ҳиди уриб, қор эримоқда,
Мусофир юрибман юртдан йироқда.
Она диёримда кўклам барқурар,
Қалб қўмсар баҳорни ёниб фироқда.

Бойчечак тергани чиққан укажон,
Узмагин беаёв чечакни нимжон,
Авайла, ҳидла, ўп аканг учун ҳам,
Унда ҳам яшамоқ ишқи бир жаҳон

Иримни билмасман ундан йироқман,
Аммо она ерга жуда йироқдан,
Қарасанг, шу қадар муъжаз кўринар,
Ташвишга тушасан оан тупроқдан.