Олқор Дамин (1947)

Олқор Дамин 1947 йили Иштихон туманида таваллуд топган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. СамДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Салом яхшилик”, “Сабр ҳайкали”, “Ассалом, Наврўз!”, “Ўлмас даҳолар”, “Афсона шаҳрим”, “Қирқ мухаммас”, “Қўш ирмоқ”, “Қучоқлайман баҳорни”, “Наво” номли шеърий, “Муаттар ўйлар” танланган асарлари нашр этилган.

ОҒАЙНИЛАР

Тол теракка қарайди,
Терак толга қарайди.
Гўёки бир-биридан
Ҳолу аҳвол сўрайди.

“Салом!” дейишмоқчийди,
Музлаб қопти “тиллари”.
Бироқ “кўришиб турар”
Қор шохлари – қўллари.

ҲОЙ, ҚУШЛАР

Қушлар, қушлар, ҳой қушлар,
Юртимга чирой қушлар.
Сайр этингиз боғларда,
Чарх уриб, тинмай, қушлар.

Қушлар, қушлар, ҳой қушлар,
Куй, қўшиққа бой, қушлар.
Шундай сайранг, лол бўлиб,
Тўхтаб қолсин сой, қушлар.

Учиб юринг шохма-шох,
Сайрашиб шўх: “Чаҳ-чаҳ-чаҳ!”
Сайрасангиз дилимиз
Бўлар яна хушчақчақ.

Қушлар, қушлар, ҳой қушлар,
Булбуллару бойқушлар
Учаверинг барингиз,
Сизга бўлсин олқишлар!

МЕВАЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Шафтоли:
– Шафтолиман, оҳ,
Худди музқаймоқ!

Узум:
– Узумман, узум,
Энг зўри ўзим!

Гилос:
– Гилосман, гилос,
Тушуринг паққос!

Ёнғоқ:
– Ёнғоқман, ёнғоқ,
Таъмим зўр, шундоқ!

Нок:
Олмурутман – нок,
Асал дейсиз нақ!

Олма:
Олмаман, олма,
Болми, мен болми?

БУВИЖОНИМ СЎЗЛАРИ

Бувижоним
меҳмон бўлиб
келдилар.
– Ўйнаб-кулиб
юрибсанми? –
дедилар.

Асал эди
бувижоним
сўзлари.
Яна асал
келтирибди
ўзлари.

БОЛАРИЖОН, БОЛАРИ

Боларижон, болари
Гулни кўрса лол, ари.
Кўзларингни яшнатар
Ўлкамизнинг боғлари.

Боларижон, болари,
Сибизғангни чал, ари.
Севинчингга тор жаҳон,
Айни баҳор чоғлари.

Боларижон, болари,
Менга қулоқ сол, ари.
Бол йиғавер, болистон –
Ўлкамиз қир-тоғлари.

НИҲОЛЖОН

Мен ниҳолни синдирмайман,
ниҳолжонни,
Синдирсамми оғрийди-да,
унинг жони.

Мен ниҳолни юмшатаман
тагларини,
Лабларимга суртадирман
баргларини.

Мен ниҳолни авайлайман
улоқлардан,
Кумуш сувлар келтираман
булоқлардан.

Мен ниҳолга: “Ниҳолжон”, деб,
ном қўяман,
Меҳмон келса мевасидан
бол қўяман.

ЮРТИМ ҚЎШИҒИ

Тоғлари гўзал юртим,
Боғлари асал юртим.
Япроқларинг мадҳингга
Тўқийди ғазал, юртим.
Қирларинг қизғалдоқзор,
Сойларингда қўшиқ бор.
Қайси дилни куйлатмас
Сендаги гўзал баҳор?!
Ёмғир ёғиб турганда
Осмонингда турланган
Камалакдир, камалак,
Кўриб қўйсин кўрмаган!

СУВ

Шилдир-шилдир этади сув,
Куйлаб ерни ўпади сув.
Гўё олтин рубобини
Тиним билмай чертади сув.

Олисларга оқиб кетар,
Юзида барг қалқиб кетар.
Чанқаб ётган ғўзаларга
Оҳ-оҳ, қандай ёқиб кетар!

Сувдай яхши бўлсам қани,
Чаман бўлиб кулсам қани.
Сувдай ширин жон Халқимга
Тинмай хизмат қилсам қани!

Шилдир-шилдир этади сув,
Боғ оралаб ўтади сув.
Куйлаб ерни ўпади сув!

ТОҒ ЁНИДА – УЙИМИЗ!

Тоғ ёнида уйимиз,
Майса-гилам йўлимиз.
Лолазорга етади
Узатганда қўлимиз.
Тоғ ёнида уйимиз,
Жилға – майин куйимиз.
Тоғимизда сайр этиб,
Равочга бир тўйингиз.
Тоғ ёнида уйимиз,
Муздек булоқ сувимиз.
Биз ёқларга келсангиз,
Шу кун байрам, тўйимиз!

БУЛОҚЖОН

Тўғри сўздан тиниқсан,
Ширинликда иликсан,
Камтаринсан, синиқсан,
Булоқжон.
Барчага тенг сувинг бор,
Бирам ширин куйинг бор,
Тоғ бағрида «уйинг» бор,
Булоқжон.
Оқавер, ҳеч толмагин,
Селдан ўрнак олмагин,
Элга ташвиш солмагин,
Булоқжон!..

ҚУЁШНИНГ НУРИ

Биз – Қуёшнинг нуримиз,
Тонгда туриб кўрингиз.
Бизни қанча севсангиз,
Узун бўлар умрингиз.
Биз – Қуёшнинг нуримиз,
Дунёнинг суруримиз.
Ҳаёт деган лолани
Ўпибгина юрибмиз.
Биз – Қуёшнинг нуримиз,
Бизни яхши кўрингиз.
Кафтингизга тўлдириб
Мириқиб симирингиз.
Биз – Қуёшнинг нуримиз,
Беғубормиз, тўғримиз,
Сиз ҳам софсиз, болалар,
Узун бўлар умрингиз!

ОНАЖОНИМ

Туни бўйи алла айтиб
Ухламаган – ўзингиз.
Уйқуларга тўймаганми
Шу чиройли кўзингиз?
Ухласам ҳам, ухламасам,
Ширин бўлган сўзингиз.
Шунинг учун ажинларни
Тез туширган юзингиз.
Онажоним, гуллар билан
Тўлсин босган изингиз!
Энди сизга парвонадир
Ўғлингиз-у қизингиз.

МАКТАБДАН ҚАЙТИШ

Уч-тўртта «2» олиб,
Хотиржам келар Толиб.
Ҳеч нарса бўлмагандай
Қўлин чўнтакка солиб.
Қизиқ, аълочи Ғолиб
Биттагина «4» олиб,
Келар ютиб ёшини,
Бошини қуйи солиб…

ДУНЁ ВА БОЛАКАЙ

Уч-тўрт бола
Бир болани
Қўшмадилар ўйинга.
Бири бўлса:
– Бор, кетавер,–
деб юборди,– уйингга!
Изза бўлган
Болакайнинг
Кўзи жиққа ёш бўлди.
Бу дунёнинг –
Бағри унга
Биринчи бор тош бўлди…

ТУРОН ҚЎШИҒИ
(Биргаликда куйлаш учун)

Тингла, эй жаҳон,
Куйлайди Турон!
Мустақил бўлди
Гул Ўзбекистон.

Боғлари баҳор,
Муаттар наҳор.
Қардош элларга
Жилмайиб боқар!

Тингла, эй жаҳон,
Куйлайди Турон!
Ушалди неча
Юз йиллик армон.

Тошкентим – онам,
Пойтахтим чаман.
Қутлайман янгроқ
Қўшиғим билан!

Тингла, эй жаҳон,
Куйлайди Турон!
Энди йўлимиз
Ойдин ва равон.

Омон бўл, Турон!
Бўстон бўл, Турон!
Жумла жаҳонга
Достон бўл, Турон!

ВАТАННИ АНГЛАШ

Ватан, сени англамоқ учун,
Тонг нашъасин англамоқ керак.
Ватан, сени англамоқ учун,
Гуллар сасин тингламоқ керак.

Ватан, сени англамоқ учун,
Ой нурига чўмилмоқ керак.
Юлдузларнинг чаманларига,
Тонгга қадар кўмилмоқ керак.

Ватан, сени англамоқ учун,
Англаш зарур ҳар бир хасингни.
Нафасим деб тушунмоқ керак,
Сенинг олган ҳар нафасингни.

Ватан, сени англамоқ учун,
Ҳали булар қилади камлик.
Тонгларингни ёритмоқ учун
Ёнмоқ керак мисоли шамдек!

НАВОИЙ

Навоий деганда қулоқларимга,
Узоқ асрлардан нидолар келур.
Навоий деганда гул боғларимга,
Қишда ҳам ажиб, хуш саболар келур.

Сени ёд этганда, эй даҳо шоир,
Ғурурдан шеърпарвар кўкрагим тоғдир.
Сени ёд этганда, ёдимга бир-бир —
Фарҳоду Ширин, Мулкоролар келур.

Эй, ашъор мулкининг буюк султони,
Эй, ўзбек ҳалқининг суюк ўғлони,
«Хамса»нг боз ёритмиш шеърий самони,
Лутфий шод: «Элга не наволар келур!»

Сен она тилимнинг шердек ҳомийси,
Сен бу тил биносин толмас Монийси,
Номингдан дилларга минг хил гул иси,
То абад атирли ҳаволар келур.

Тириксан, то тирик наволи диллар,
Номингга нур сочиб турар минг йиллар,
Сен учун таъзимда мудом бу қўллар,
Номингдан дилларга наволар келур!

ҚОР ВА БАҲОР

Ҳар кун кўравериб йўлида қорни,
Айтинг, соғинмаган борми баҳорни?

Айтинг, соғинмаган борми баҳорни,
Гулнафас, хушнафас ўшал оҳорни.
Қўлларига олиб тору дуторни,
Ким ҳам соғинмади фасли дилдорни?

Қўлларига олиб тору дуторни,
Ким ҳам куйлагиси келмас баҳорни?

Ким ҳам куйлагиси келмас баҳорни,
Ҳар кун кўравериб йўлида қорни?

САМИМИЙЛИК

Самимийлик қалдирғочга ўхшайди,
Дил уйига ин қуради тортинмай.
Самимийлик узун қилар умрни,
Ширин юзли, шаҳло кўзли хотиндай!

Самимийлик — саодатнинг қаймоғи,
У дунёни кўклам қилиб туради.
Самимийлик кулганини кўрсангиз:
Пари қиздек жонни ўртаб кулади.

Самимийлик — гул кулгуси каби соф,
Қоғозгулга ўхшаб совуқ кулмайди.
У кулганда Қуёш каби нур сочиб,
Дил боғида шабадалар куйлайди!

…Фитна яшар самимийлик йўқ жойда,
Носамимий бўлсангиз бир шайтонсиз.
Бу дунёни ўн тўртида қаритар
Кимки бўлса носамимий, виждонсиз!

ЭРКА ШАМОЛЛАР

Билмам Шамолдан ҳам яхши нима бор?!
Ундан эгилиблар турар лолазор.

Ундан эгилиблар ётар дарахтлар,
Ундан Еру осмон шовуллаб ётар!

Ундан сийпаланар қизларнинг зулфи,
Ундан очилади дилларнинг қулфи!

Ундан кулиб турар ғунчалар лаби,
Ёш бола эркалаб кулгани каби.

Ундан сийпаланар тоғларнинг сирти,
Ундан жаннатланар ўзбегим юрти!

Билмам шамолдан ҳам яхши нима бор!
Уни қиздек қучиб, қўйворма, Олқор!..