Оллоёр Бегалиев (1961)

Оллоёр Бегалиев 1961 йилда туғилган. Тошкент давлат маданият институтини (ҳозирги ЎзСМ) тамомлаган. Унинг “Сеҳрли уйқу”, “Ёлғонга ишонган дарахт”, “Рангин қорлар”, “Бир булоқ бор”, “Жўнатилмаган мактуб”, “Бекободлик самурай” каби шеърий, насрий, адабий эртаклар тўпламлари нашр этилган.

БУЛОҚ

Бир булоқ бор, биров билмаган,
Балки шундан у менга азиз.
Уни излаб биров келмаган
Ва ўзанин қўймаган қазиб.

Ўзи қайнаб, ўзича оқар,
Балки, билмас дарё, уммонни.
Суви ҳам оз, юргизолмайди
Қўши тугул, бир тегирмонни.

Лекин, унда мусаффо сув бор,
Тўлқинлар бор бахмалдек майин.
Унда оқиб кетади кўп бор
Хаёлларим юкланган қайиқ.

Лекин, унда муҳаббат хасми
Муҳаббат бор ерга бенуқсон.
Тубсиз эмас бу булоқ, асли,
Тубсиз унда акс этган осмон.

ОТАМНИНГ УЙИ

Онамнинг уйи бу, отамнинг уйи,
Меҳру саховатда Ҳотамнинг уйи.
Мушку анбар эсар остонасидан,
Улар ризосидан беҳиштлар бўйи.

Икки дуогўйим, қўшша фариштам,
Фарзандлар бахтига қўша қаришган,
Улар огоҳ доим эзгу ҳар ишдан,
Улар бор хотиржам фарзандлар ўйи.

Дастурхони очиқ яхши-ёмонга,
Шукр этарлар тинчлик ҳоким замонга,
Меҳмон бўлинг, тушса йўл биз томонга,
Меҳмон ташрифи бу хонадон тўйи.

Бундай гўшаларга бўлсин шараф-шон,
Ҳар дам талпинади унга қараб жон,
Ўз уйингдир ўлан тўшагу дармон,
Озод Ўзбекистон – кўнглимнинг куйи,
Онамнинг уйи бу, отамнинг уйи.

ХОТИРА

Бешигида йиғлайди бола,
Овутолмай ҳалак онаси.
Унинг чарос кўзлари порлар,
Мисли бир жуфт гилос донаси.

Недир унинг тинчини бузган,
Топмаганми ё ҳали тинчин?
Тинмай йиғлар, қилмасдан парво
На пўписа ва на ўтинчни.

Нега йиғлар? Сўзсиз бу йиғи
Нималарга гинали, гизли?
Менимча, бу бир бурда жонни
Йиғлатади хотирасизлик.

Йўқса, нечун, бу сўнгсиз йиғи,
Кимга керак бу сўзсиз баёт?
Йиғлатади уни ўтмишсиз,
Келажакдан иборат ҳаёт.

Унинг мурғак жонига оғир
Ботар ўтмиш – ёддан форуғлик.
Ҳеч нарсани сўзламас унга
Кўз олувчи сунъий ёруғлик.

Бу ҳам ўчар, бироқ боланинг
Уни ўчмас. (Олсачи дамни.)
Шунда, она бешик бошига
Ёқиб қўяр қаламдек шамъни.

Шамъ липиллар экан, боланинг
Чек қўйилар тинсиз додига.
У ҳайрат-ла шамъга тикилар
Ва нелардир тушар ёдига.

БУ ДУНЁДА

Шоир Чори АВАЗни эслаб

Бу дунёда сендан ёдгор
Ўғлинг қолар, қизинг қолар.
Тош тупроқли кўчаларда
Муҳрланиб изинг қолар.

Тунларинг кетар сен билан,
Дунёда кундузинг қолар.
Менки деб танлаганинг
Осмонда юлдузинг қолар.

Баҳоринг қолар гул сочиб,
Хазон сочиб кузинг қолар.
Бошқага қилгуси насиб,
Ўйлама ризқ-рўзинг қолар.

Бу дунёга тўймайди кўз,
Ортга боқиб кўзинг қолар.
Бир умр бўз тўқиб ўтиб,
Ёлчимаган бўзинг қолар.

Яқинларинг хотирида
Нурдай ёруғ юзинг қолар.
Шеърларингдан макон топган
Васиятдек сўзинг қолар.

* * *

Чарчаган оталар ухласин,
Чарчаган оналар ухласин.
Ором онларида тушларин
Оппоқ фаришталар йўқласин.

Халал берманг уйқуларига,
Беҳуда баҳсларни бас қилинг.
Овозингиз тугул, илтижом,
Юрак урушларни паст қилинг.

Улар ухлар, ўчириб ёддан
Оғуми ё бол тотганларин.
Балки, топгандирлар туш аро
Дийдорини йўқотганларин.

Ўнгларида тутқич бермаган
Йиллар ортага қайтаётгандир.
Ё онаси олиб қучоққа
Унга алла айтаётгандир.

Шаррос ёмғирларнинг остида
Юргандир ё шаталоқ отиб.
Ё чанқовуз чалаётгандир
Олисларга термилаётиб.

Юзларида ўйнаган жилва
Шуъладан ё табассумидан.
Улар ухлар, бўлганча холи
Ташвишларнинг тажассумидан.

Чарчаган оталар ухласин,
Чарчаган оналар ухласин.
Ором онларида тушларин
Ишқнинг ёмғирлари йўқласин.

Уйғонганда тиндирмас ўзин,
Юзларига боқиб тўйинглар.
Ажин босган пешонасидан
Астагина ўпиб қўйинглар.

Ҳайрон бўлсин уйғонган чоғда
Қиров қўнган сочларин силаб.
Неча йиллар бўм-бўш қучоқда
Пайдо бўлган гулдаста билан.

Фарзандларга сарфлаб ўтувчи
Умри тўлсин қўшиқ, ўланга.
Меҳр тўла юз, кўзларига
Ҳеч солмасин қайғу кўланка…
…Ҳеч солмасин қайғу кўланка…

ТЎРТЛИК

Бунчалар қийиндир ишқ топишмоғи,
Осонроқ ёз билан қиш топишмоғи.
Хаёлингдан сира кетмовчи меҳмон,
Дард – қийин ариши, тез ёпишмоғи.