Олима Набизода (1974)

1974 йилда туғилган. ЎзМУнинг филология факултетини тамомлаган.
Шоиранинг “Нигоҳ садоси” номли тўплами нашр қилинган. Шунингдек, шеърлари инглиз, француз ва олмон тилларида ҳам чоп этилган.

* * *

Мусофир
илдизлари чуқур,
шохлари ҳаволарда
адашган дарахт…

* * *

Ярим тун.
Қитирлаган овоздан чўчидим.
Қулоқ тутдим:
тирикчилигим
сичқоннинг тилида куйларди…

* * *

Қоронғи ҳовли.
Сиз билан кечган
ҳаётдан
бир овоз келди:
калтакесак нағмаси экан.

* * *

Ойнада
кўзёшим рақсга тушарди.
Деразамни
кўкламнинг
ваҳимаси босди.

* * *

У кунлар ҳам ўтди.
Хотирада
шохдаги гилосдек
дона-дона ёдлар қолди.
Кўзларда
намозшомгулларнинг
тонгги чарчоғидек
фарёдлар қолди.
У кунлар ҳам ўтди…
Худога шукр.

* * *

Бу шаҳарнинг
балки
деворлари тош,
йўллари шағал.
Бу шаҳарда
балки
чинорлар талош,
одамлар дағал.
Бу шаҳарнинг
балки
тунлари сирли,
қўллари кирли.
Эҳтимол,
кўзлари ёшли,
кўнгли талошлидир…
Ҳа,
бир эҳтимол яна бор:
бу шаҳарда
бир шаҳарни
соғиниб ўлмоқ
мумкин.

* * *

Йилларки,
ой эринмай
сочларимни кумушга бўяр,
доғларин эса аллалар
юрагимда тунлаган қуёш.
Офтобшувоқ ҳовлига
ой нурларин
сувдек сепмоқ,
деворларга
қуёшли юракларни
чизмоқ истайман.
Aслида,
аслида,
давримдан қочмоқ истайман.

* * *

Сен менга замондош,
даврдош,
даврадошсан балки.
Шукрки,
тупроқдош эмассан…

* * *

Юзи заъфарон,
гулқулоқлари қирмизи
қишки атиргул
менга
нозик ватандош.

* * *

Яна қор ёғди.
Қайларгадир кетгим келди.
Қорни ғижирлатиб,
қайлардадир юргим келди…
Бўлди. Етар. Бас.
Кетаман.
Хаёлимда ғужғон қор – сўзлар.
Пальто
жимгина илинди елкамга.
Шляпа
ювош қушчадек беозор
қўнди бошга.
Қўлқопларнинг
қўлларда ажинлари
билинмай кетди.
Остонада этигим ётарди:
асабий.
Кимдир ё нимадир шивирлади:
кетгиси йўқ
этикнинг.

* * *

Онам булоқ бўлгин, дерди,
Денгиздек тошаман, дердим.
Болам, бир сомеъ қулоқ бўл, дерди,
Ҳайқириб тоғлар ошаман, дердим.
Денгизларнинг кўз кўрмас
наҳанглари бор экан.
Пўртаналар ичинда адашдим.
Ҳайқириқнинг ҳеч тинмас
оҳанглари кўп экан,
чин (жин) қириқлар ила талашдим.
Энди,
булоқ бўлгим,
бир сомеъ қулоқ бўлгим
келади она!
Сен йўқсан, йўқ!