Одил Ҳотамов 1950 йили туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг “Умр шами”, “Нигоҳлар”, “Дала йўли”, “Нафас” каби шеърий тўпламлари ҳамда “Юксакдаги дарахт” насрий китоби нашр этилган. 2023 йил 13 январь куни вафот этган.
* * *
…Саҳфаларда чайқалар дунё,
Дилга мезбон турфаранг сўзлар.
Вужуд ва руҳ тентиб, зим-зиё,
Кечалардан исмингни излар…
…Еллар ифор сочар, тупроқ йўл,
Чангдан ортиқ не берар танга.
Севилганга қадрдондир ул,
Ундан яқин севилмаганга…
* * *
1. Шакллар сурати, суратлар шакли,
Қаҳратон қаҳридан музлаган, қотган.
Ҳаётга ташналаб илдизлар шаксиз,
Она-ер бағрига чуқурроқ ботган.
Суратларга сиғмас кўнгил саҳроси –
Ялдо кечасидай узун ингроқ, зор.
Қоп-қора туйғулар ошиб сафроси,
Рангларга йўл бермас, кутқу – нобакор…
…Ташналаб илдиздай бағрингга ботиб,
Поклана олсайдим, улуғвор ҳаёт.
Қаҳратонда қотган гулни уйғотиб,
Самога ўрласа музаффар баёт.
Ранглар қатларида мўъжиза бисёр –
Руҳ ила пайваста бўлгани чоғи.
Ям-яшил бонг чалиб уйғонар баҳор,
Бошланар бойчечак, майса тўлғоғи…
2. Шакллар сурати, суратлар шакли.
Маъно-мазмунидан фикр тўқисам.
Ўсмир Алишердай адашмай асли,
“Мантиқ ут-тайр”ни ёддан ўқисам.
Синдириб аламлар харсангтошини,
Бобур нигоҳида Тожмаҳал тарҳи.
Синдирар ғофиллик зилдай лошини,
Аниқ аён бўлар фасллар шарҳи.
Яратган ишқида Машрабдай куйсам,
Қайта тирилтирса исмин нафаси.
Ҳолим баён этгач, қайтадан суйсам,
Мавлоно Румийдан қолган най саси.
Курашлар, қиёслар тинмагай асло,
Бедор тафаккурга келмагай малол.
Мангу жумбоқларни ечгайдир, аммо,
Одамзоднинг ўзи энг улкан савол…
* * *
Пастак кулба – уйимда,
Ўйлайман дунёларни.
Ҳайдайман зил ўйимдан:
Сароблар, рўёларни.
Келар айлабон шукур,
Улкан олам хам бўлиб,
Тонггача тушгай зикр –
Юрак жамулжам бўлиб.
* * *
Қалбим аро ўтли туғёнлар
Ўтга солар жону жисмимни.
Менсиз ҳолдан тойган имконлар
Нажот билиб чорлар исмимни.
Юлдузларин ёқади оқшом,
Ҳилол – орзу қалами билан.
Армонларга умрлар ош-нон,
Ошиқ ёнар алами билан.
Узун кеча. Соялар дилдош,
Қўшиқларим айтавераман.
Ипак қурти – энг содиқ сирдош,
Ўзлигимга қайтавераман.
* * *
Бахтдан кўзим ёшлаёлмайман,
Сидирганча кўлка, лошларни.
Йўлдан олиб ташлаёлмайман,
Товонимни тилган тошларни.
Боғланганман шунчалар ортиқ,
Минорадай ҳақиқатларга.
Юрагимни айлайман тортиқ,
Нур уммони – тариқатларга.
Тинсиз чорлар ям-яшил эпкин,
Яқинлашар юрсанг гар қуёш.
Юзларимни ювади секин,
Бахтдан ортган бир томчи кўзёш.
* * *
Қирлар зинапоя осмон сари,
Тоғлар мангуликка тахтиравондир.
Боғларда шамоллар машваратлари,
Минг йиллик балхтутлар ҳамон омондир.
Юрсанг, сурилгайдир уфқ кўздан нари,
Қайтмаган изларим қай йўлда йитмиш.
Олис болалигим қизғалдоқлари
Томлардан даштларга аразлаб кетмиш.
* * *
Ҳайрат асли тилсимланган ранг,
Тушни ўнгга йўйгайдир ҳилол.
Сир-синоат сандиғи-жаранг,
Тафаккурдан топгайдир камол.
Ҳайрат асли бедор, тинсиз жон,
Руҳ сувратин мусаввиридир.
Камалакка аталган эҳсон,
Чечакларнинг тасаввуридир.
Кишанларга азал кушанда,
Зиндонларга сиғмаган шуур.
Унга ноил бўлсин ҳар банда,
Пешонасин силасин ишқ, нур.
…Ҳайрат асли…