Нуриллоҳ (1974)

Нуриллоҳ (Нурилла Нарзуллаев) 1974 йилнинг 16 август куни Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилган. 12 ёшидан бошлаб шеърлар бита бошлаган. 1993 йилда Самарқанд Зооветеринария техникумини, 2003 йилда эса Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетини тамомлаган.
Айни пайтда Нуриллоҳ “Ўзбекистон” телерадиоканалида фаолият кўрсатмоқда. Шеърлари республика вақтли матбуотида мунтазам чоп этилиб туради. Шоирнинг “Фано ёмғири” номли шеърий тўплами чоп этилган.
Қуйида сиз ушбу тўпламга киритилган шеърлар билан танишишингиз мумкин.

***

Ҳаёт – денгиз.
Тўлқин – вақт. Унда бадар,
Сузиб бораётган номсиз кема – жон.
Шамол – тақдир.
Йўлчи-юлдузлар – хабар,
Чайқалиб-чайқалиб сузар кемажон.
Пўртана жаҳдидан эмишман огоҳ,
Армонлар гирдоби тутмоқда мени.
На ўткинчи кема, ва на бандаргоҳ,
Бир номсиз оролча кутмоқда мени.

МУҲАББАТ

Мен шаҳзода эдим, мен шаҳзод эдим,
Жаннатий маъвомда жаннатий насим.
Кўзим чаманига кузак ёт эди,
Паноҳсиз эмасдим, маҳжур эмасдим.
Шаҳзод эдим олтин қасрида ётган,
Занжирбанд айладинг мени беаёв.
Муҳаббат, хобимдан ногоҳ уйғотган,
Менинг кўзларимни очган, эй олов!
Не тонг, фариштамни яширмиш фалак,
Шафақда, булутлар аро дил Сами:
Алвон оташ ичра кўринган малак,
Оловда ўйнаган раққосам қани?!
Қани, айт-да энди, қайда севгилим?
Қайда, тупроқларга ташлаб кетган ёр?
Ҳижрон оғочига осилди дилим,
Менинг осилганим, эй вужудсиз дор,
Муҳаббат! Осмонлар дод солди, не сир?..
Ёмғирлар юртида асрий мардудман.
Телбаман – бепаноҳ, гадоман – баср,
Чақмоқни соғиниб ётган вужудман.
То борман чалажон, то борман хаста,
Дардим тупроғида кўрсат лошимни.
Қуёшнинг нуридан бир қилич ясаб,
Ойдин тунда узиб ташла бошимни.

БОЛАЛИК СОҒИНЧИ

Уфққа сингиб кетди матлабим,
Шомни тутди чирилдоқ уни.
Кўнглим очилмади сен каби,
Номозшомгул, ўтдими куним.
Йитдими гулламоқ хаёли,
Бўм-бўш қолди афтода ҳужра,
Қари-қартанг шайтон мисоли,
Жим йиғладим чангалзор ичра.
О, сарин ел, адашсанг гоҳи,
Дарёга қай йўлдан қайтасан?
Мовий поклик, халоскор соҳил,
Шеърим, кўнглим қуши, қайдасан?!
Дарё эди қачондир содиқ,
Мени нилуфардек асради.
Энди келар тўфон овози,
Ва гулдирак – осмон нафрати…
Тун бўйидан ўтарман қандай?!
Қалб кўринди, униқиб зоҳир.
Жаннатдаги гўзал илондай,
Ер бағирлаб қолмишман охир.
Кўнглим каби тўкилди неча
Мақтул чечак кўшкимда ҳайрон.
Минг йилдирки, бир ойдин кеча,
Бир гўзал тонг армондир… Армон.

***

Кўкламни соғиндим. Ёш сизиб дилдан,
Соғиндим ёмғирли, ям-яшил кунни.
Оппоқ қишларида руҳим қафасбанд,
Қандай яшираман жароҳатимни.
Эй, озод кабутар, кўнгил сўрагин,
Тутқуннинг қошига кел, кўклардан туш.
Яраланган бўлса менинг юрагим,
Нима деб илтижо қилай сенга, қуш?
Соғиндим, ул кўклам – шаддод қиз қайда?
Бунда руҳимга қор ёғар ҳар кеча.
Кўрдим-ку, яхшилик келмайди ойдан,
Бир сендан қўймасин мени, бойчечак.
Қорларни сидириб изладим, эй жон,
Соғиндим мен сени, ошно гулимни.
Қорайган осмонни оқартганда тонг,
Қанийди бағрингга олсанг дилимни.
Шудгорзорлар ичра изғидим тунда,
Оламга сиғмадим заъфар оҳ билан.
Капалак умрини берсайди менга,
Шу кўклам кетардим қизғалдоқ билан.

САНЪАТ

Замин туғён уйқусида ётар беҳуш,
Денгиз – хаёл. Уммон – орзу, олис сароб.
Қатлгоҳнинг осмонида учар Оққуш,
Учар бедод азоб булутлари аро.
Дердиларки, Оққуш улуғлайди Ҳақни,
Мангуликнинг шиддатини туйиб учар.
Бот-бот оловларда куйган каби қақнус,
Ишқ ўтида қанотлари куйиб учар…
Дердиларки, жон савдоси тутмас уни,
Ўтдек сўнмас, ё гул каби сўлмагайдир.
Кўклар ёрилгунга қадар битмас куни,
Маҳшаргача паймонаси тўлмагайдир…
Аммо бугун Оққуш ерда ётар, не тонг…
Силкитмоқчи бўлар синган қанотларин.
Чўкаётган кўзларига чўкмиш осмон,
Тўшлари қон, тўзғиб ётар болу пари.
Тоғ янглиғ бир дард остида ётар энди,
Дард тоғ бўлса қалқарди кўз ёши узра.
Қанотлари тун бағрига ботар энди,
Жонсарак ой айланади боши узра.
Илло яқин келолмайди қуш ёнига,
Унсиз нола чекар мудом, унсиз ёнар.
Куйиб, ҳар тонг қатлгоҳнинг осмонида,
Оппоқ кулга айланади гўзал қамар.
Баҳру барда – қотил аср қўлларида
Жон берар қуш, унсизгина узилар у.
Нигоҳлари сўнар сомон йўлларида,
Хаёллари денгизларга чўкар мангу.

***

Ул ойдин кечалардан қолган мунг кўзимдами,
Илғадингми навбаҳорнинг бўйларини сочимда.
Жим тўкилган қизғалдоқнинг доғлари изимдами,
Ҳижрон отлиқ тиғнинг изи борми бағри чокимда.
Қўлларимда ғижимлайман рўмолини бир қизнинг,
Мен тўймаган нур у, ташна кўзларимни тарк этган.
Макру афсунлари ошкор бўлди шабгун кундузнинг,
Офтоб ўша, мен куйганда юзларини беркитган…
Ҳажри мосуво кўнглимни бир дарё этди эзгин,
Дарди ҳижрон тоғларидан лолалар терди менга.
Бу тоғларда мусибатнинг сиртлонига йўқ тизгин,
Яра қалбга чанг солди боз, боз қайғу берди менга.
Хаёл етмас узлатларда бир маъсума қиз кўрдим,
Уни ғуборсиз тонгларнинг ёди билан кўмганман.
Энди танимга ҳам саркаш шамоллардан хок сўрдим,
Юрагимни айрилиқнинг доди билан кўмганман.
…Ул ойдин кечалардан қолган мунг кўзимдами,
Илғадингми навбаҳорнинг бўйларини сочимда.
Жим тўкилган қизғалдоқнинг доғлари изимдами,
Изи борми қиз кўксининг менинг бағри чокимда.

***

О, соҳибим, кўтармассан бош,
Бағринг ниҳон қотил чиройдан.
Кўҳна қаср тоқида наққош,
Қарамассан оқарган ойга.
Энди бўм-бўш қучоқларингда,
Идрамагай сабуҳий доғлар.
Фиғон қилган нигоҳларингдан
Ўртанмайди култўда тоғлар.
Битди умринг – жон юки – сароб,
Сен ўтганлар хайлидан ортиб,
Ажаб фасли маломат аро,
Судрамассан ўзингни ортиқ.
Энди сени ўртамас қалам…
О, ҳаргиз айтилмас бу бардош.
Ҳаргиз айтилмагай бу алам,
Ва ҳаргиз шарҳ қилолмас кўз ёш.
Фақат Ҳақнинг ҳижрони – ўти,
Сени хаста этмишди бошдан.
Жонингданми, чақмоқдай ўтиб,
Маҳкум этган эди яшашга.

ОДАМ

I.

Недир меҳр?
Недир севги?
Недир кўнгилга таважжуҳ?
Токи одам мудом ёлғиз…
Шамолга қул хазон янглиғ,
Судралади ҳовлиларда.
………………………………………..
Кулбадан кулбага йўл бор.

II.

О, нечун ҳужралар бўм-бўш,
Нечун бўм-бўшдир саройлар?
Ул кимсасиз ҳужралардан
Одамни излайди одам.
Ҳувиллаган саройларда
Кутиб яшайди одамни.
Тонг отади, кун ботади, одам ёлғиз.
Одамни излар Мажнундек
Тоғ-тошлардан тоғ-тошларга
Ўтиб, чорлайди беармон…
Бу не дард, кўнгли қонталаш,
Йўл тутади ёбонларга…
………………………………………
Қайғудан қайғуга йўл бор.

III.

Кун куйдирган биёбонда
Бир қултум сув истамайди,
Истамайди бир бурда нон.
Одамни излайди одам…
… Қай тонг, ҳорғин биёбондан
Кўз ёшига чўкиб кетган
Одамни топар одамлар…
Билмаслар, не кечган ҳоли,
Нечун қашқирлар тегмаган?
Нечун емаган қузғунлар?
Унинг очиқ кўзларини
Қумдан тозалаб, оҳиста
Ёпиб қўядилар, кейин…
Кейин бошларида тутиб,
Олиб кетадилар уни…
……………………………………
Фанодан бақога йўл бор.

IV

Ёлғизликда ажин босган
Пешонаси – тун дафтари.
Одам одамни тополмай,
Унсиз кетар Оллоҳ сари.
…………………………..

Улуғ Оллоҳ сари йўл бор.
…………………………..
Кўнгилдан кўнгилга йўл йўқ.

***

Найсон абри кўкка уйилар қат-қат,
Томчилаб-томчилаб бошланар ёмғир.
Шу кўйи ўт тушар менга бешафқат,
Жону жаҳонимда бошланар ёнғин.
Ё Раб!.. Ўту-сувинг ичра кўп қийин,
Соврилдим… ўзимни тутарман қандай?!
Неки бори бўлса, куйгану, кейин
Тошқин олиб кетган эски қўрғондай
Оқдим, зоҳирида шому саҳарнинг,
Ботинида синиб оқади созим.
Мени асраёлмас бинафшаларнинг
Қирдан келаётган гўзал овози.
Ё Раб! Бу тошқинда мен бир жонсарак.
Майсадай бўйлолмам камалакларга,
Жим ўлтирмасман гул юзига қараб,
Тўйиб боқолмасман капалакларга.
Беомон шиддатда омон қолмасман,
Маънисиз ҳаётим йитади мутлоқ,
Билдим, ёмғирчалик яшай олмасман,
Билдим, бир мендан кўп яшар қизғалдоқ.
Фақат билолмасман, охир шом эниб,
Хоким узра хаслар учгай бебаёт.
Не учун баҳордан айиргай мени,
Нечун ҳалок этгай мени бу ҳаёт?!

КEМА

Кўрмай қолди шимол ва на шарқ билди,
Ул фоже кечадан ғарб огоҳ эмас.
Шиддатли тўлқинда йитди, ғарқ бўлди,
Денгизнинг тубига чўкди бир кема.
Ҳижрон денгизида оҳ уриб мунгли,
Оппоқ елканларга урганча тўшлар.
Оппоқ қанотлари қорайиб тундек,
Мангуга кузатди уни оққушлар.
Кема қай замонда топмишди завол?
У қайси денгизда йитди, эй Худо!
Нилуфаргулларга суяниб беҳол,
Ул номсиз кемани эслайман мудом.
Кун – денгиз, тун эса денгизнинг қаъри,
Видо кечасида ютдимми қонлар.
Орзум оққушлари қолди музтариб,
Қалбим чўкиб кетмиш аллақачонлар.
Соҳилга чиқмоққа етмайди ҳолим,
Тун қаърида қолган озурда хасман.
Денгиз тубидаги кема мисоли,
Бир умр Оллоҳга етмасман.

КУЛБА

Ғамзададир кўнгил сингари,
Тун қўйнида қоп-қора сийрат.
Ичида сир – бу кулба ғариб,
Ичида сир – бу кулба тийра.
Асрларки, маҳлуқот мудроқ,
Асрларки, занжиман ҳамон.
Кечмишимни бўз каби судраб,
Айланаман кулбани нолон.
Кўкда дунё айланиб сарсон,
Ой ўртанган каби бесамар.
Шу кулба гирдида бемакон,
Руҳим – ерда булғанган қамар.
То бу кулба мангу бебаёт,
Зиллат ва жаҳолат шоҳиди.
Бунда яшар энг олий жонзот,
Ой нурига қўшилган ҳиди.
Мудом йиғлаб ёлвордим Ҳаққа,
Устимдан кулмасин Азозил.
О, коинот сарвари ҳаққи.
Мени бу кулбадан халос қил.
Кетай, фақат кетайин бадар,
Ҳур тонгдан ўзга тонг овутмас.
Қайтмайин то қиёмат қадар,
Мени бу кулбага ёвутма.
Кулба тийра дил азасидан,
Ғам келтирмиш дил топган ўлим.
Унинг қонли деразасида,
Титрар олий жонзоднинг қўли.
Тамуғ сари элтгучи ғамми,
Кулба ғами – сўнгги йўқ ҳасрат.
Раббим!.. Мендан асра одамни!
Раббим!.. Мени одамдан асра!

КEЧ КУЗ

Не кўнгил бу кўнгил, куз каби синиқ,
Не куз бу, кўнгилга ўхшаган куздир.
Умидим куз суви сингари тиниқ,
Куз суви сингари ҳаракатсиздир.
На қуёш хуш ботар энди, на ҳилол,
На куй хуш келади энди ва на сўз.
Кўнглим чўкмиш кузак дарёси мисол,
Озурда кўнглимнинг ҳарамидир куз.
Кўзимдай қизарган чинорлар барги,
Адирлар сийратим янглиғ заъфарон.
Тийрак кўзли дунё кўрмаган дардим –
Руҳим уфқ булути сингари алвон.
Ҳавога осилган мезондай ўксик,
Хаёлим побаста, учмас кўк сари.
Жайронлар адашган ёбондир кўксим,
Қўлим – унутилган сўқмоқдай ғариб.
Менинг-да, танимга қировдан эҳром,
Ҳолсиз хазонларим муножот қилди.
Ёлғиз юрагимни айладим меҳроб,
Мажнунтол сингари ибодат қилдим.
Тоат аро шабнам истамас лабим,
Қатра қўр истамам гавҳардан – тошдан.
Қишга қолаётган қашқаргул каби,
Йиғласам, не маъни қари қуёшга?
Тийра булут тутган туним беҳуддир,
Беқутдир соврилган куз – хонумоним.
Гумбирлайди осмон, ёмғир… О, худди
Бир қатъла фарёдим, минг қатра қоним.
Маломат қиларлар қарғалар ҳайдаб,
Қарғанар бошимда, эрта кун-кеч кун…
Оламга аёнман, манзилим қайда?
Бироқ манзилимни билмайди ҳеч ким.
Қалбимдай очилган қабрлар унсиз,
Шовуллар қорайтиб осмон этагин.
Дарё мисол оқиб бораётир куз,
Оқиб бораяпман куз каби…

ИЗСИЗ ҚАТЛ

Ким у шафқатсиз сайёд, кўнглимга қилич солди,
Қатл этди севгимни – солди қора ўлимга.
Бошимда чарақлаган осмон қорайиб қолди,
Қўлимда қолди ҳилол – қоқ иккига бўлинган.
Кўрмай қолдим, билмадим – кун эдими ё тунми,
Фақат илғадим элас, ҳурлар тушди фалакдан.
Кўкнинг бахтсиз ёмғири билан ювди севгимни,
Кафан қилдилар унга оқарган камалакдан.
Йиғламадим у лаҳза, чекмадим оҳу фарёд,
Фақат ғавғо кўтарди жинлар садрга тушиб.
Ётар эдим чалажон, ётар эдим бемурод,
Билмас эдим бу қатл қайси дунёнинг иши.
Тан бундоқ қолармиш жон бақога қилса ҳижрат,
Билмасдим – шаҳид кўнглим бутми энди ё нобуд?
Ҳайҳот, видо сингари оғир ул шафақ узра,
Кемадай сузиб кетди гулдан ясалган тобут.
Сезмас эди она ер, осмоннинг ярасидан
Зардоб томарди чак-чак – изсиз қатл излари.
Ётар эдим бемурод, сайёдлар орасида,
Бошим кесилган эди, ҳайрон эди кўзларим.

***

Асру асрлар зорин чекар озурда дунё,
Кўҳна дунё қисмати кечади ҳур ёшимдан.
Шом бу, қуёш қатлида бағрим қони чимилдиқ,
Жайҳунча надомат бор ҳар қатра кўз ёшимда.
Эй, азиз, ҳар зарраи харобга урайми бош,
Ва ё ул чўнг тоғларни урайинми бошимга?!
Ҳамиша пушаймонман, ҳамиша пушаймонман.

Сарғайган тавонимда куяр сайри кун доғи,
Ғамнок устихонимда чатнайди заъфарон ой.
Теграмда ётар нурдан яралган соз синиғи,
Осий кипригим узра титрар устунсиз сарой.
Гар кўкрагимга етса, чақмоқ топар ҳалокат,
Нураб ётган елкамда йиғлар ярадор ҳумой.
Ҳамиша пушаймонман, ҳамиша пушаймонман.

Кўйим кўкни куйдирган, куйланмагай бу кўйим,
Итлар дарбадар бунда, қушлар айрилган ҳушдан.
Беор қичқириқларда, бузилган рақсларда,
Чечаклар тупроғига ботар нур ҳам, фаҳш ҳам.
Базм бу – фаришталар лаънатлаб кетган базм,
Мен – шайтонлар масхара қилган базм ичра шам.
Ҳамиша пушаймонман, ҳамиша пушаймонман.

Дўзах фарёди ҳар тонг нафаси билан келар,
Ҳар япроқ томиридан келади хокнинг бўйи.
Ҳар хилқат тўзон бўлиб йитар рубъи маскунда.
Жувонмарг қўлим қани, қайда сарғайган рўйим.
Даврон етти қат ердан шафақ қадар оташин,
Даврон дабдабасида сарғайиб борар ўйим.
Ҳамиша пушаймонман, ҳамиша пушаймонман.

Одам заҳмимга сингиб кетар ёмғирлар, қорлар,
Етса номсиз узлатга етгайдир лошим менинг.
Юлдузлар ёнар ҳануз, дарёлар оқар ҳамон,
Чарақлайди соҳиби зарра – қуёшим менинг.
Илло фалак ноласи жонимга тушар мудом,
Бот-бот бош тутарману, бағримда бошим менинг—
Ҳамиша пушаймонман, ҳамиша пушаймонман.

ҚИЗ ПАРИ

(Лутфий ғазалларини ўқиб)

Сўз истадим гўзал сўзлардан гўзал,
Ҳар гўзал сўздан-да, ўзинг соҳира.
Сенга кўз тикканлар энг аввал сезар,
Ки, севиб қолурлар охири.
Вужуди руҳсан сен, сенинг юзингда
Бокира субҳнинг ҳаваслари бор.
Оҳу нажот истаб юрар кўзингдан,
Сабо яноғингда сезар: надир бол.
Сендан бўса тилаб учар болу пар,
Ҳар санг нафасингдан истаб ётар жон.
Қумрилар илкингга юкинмоқ истар,
Белингга ўранмоқ истар оқ илон.
Шаффоф товонингни ўпар сочларинг,
Киприкларинг ишқи қошингга тушган.
Тонг эмас, хор бўлса кўзи ёшларинг,
Шамсу ҳилоллари келмаса ҳушга.
Сен – нур ичидаги бокира хаёл,
Либосинг нурдир, нур эса-да, ситам.
Келмасмикин дейди эгнингга малол,
Сенга раҳми келар капалакнинг ҳам.
Озурдаман шеърим чамани аро,
Келсанг бу водийга, Лутфий билан кел.
Сени тутолмайман, эй нозик адо,
Тонг чоғида кўкка олиб учса ел!

***

ОНАМГА

Юрак – наволардан қолган адойим,
Унсиз нидолардан қолган адойим.
Минг бир адолардан қолган адойим,
Ёмғир, юрагимни ерга олиб кет.

Энди оққуш бўлиб учгим келмайди,
Шеър истаб, шафақни қучгим келмайди.
Не кечмиш, кечиргим, кечгим келмайди,
Ёмғир, юрагимни ерга олиб кет.

Тотсам лаззат, чексам жабр топилгай,
Ҳар не дард зуғмига сабр топилгай.
Қабр сўрамайман, қабр топилгай,
Ёмғир, юрагимни ерга олиб кет.

Дунё одамлардир, дунё ўзимман,
Истасам, юлдузлар чақнар сўзимда.
Ул чексиз осимон менинг кўзимда,
Ёмғир, юрагимни ерга олиб кет.

***

Деб: “Гар севсанг, ёқангни чок эт…”
Лайли даъво қилмаган ҳатто.
Сен эгил, гар ёр синдирса, кет!
Қолсанг, бу бир мусибат, хато.
Майли, кетмас бўлса кетмасин,
Шу аламли севгининг доғи.
Лайли шавқи қилмаса насиб
Унга, малол келмоқ кўп оғир.
Ҳижрон, висол… аслида қисмат,
Тадбир қилма васли қасдида.
Бошингними силар, жон истаб
Қолсанг оёқлари остида.
Бу ачиниш! Йўқ, бу ишқ эмас!
Агар севса, айламагай хор.
Айрилмагай, ўздан айирмас,
Айирмаса гар чархи даввор.
Кўнгил, кўнгил, сўнган ахтарсан,
Ёр ҳаққига қолдими хуним?
Гарчи энди меҳр истарсан,
Бироқ сендан истарлар жунун.
То ўртасин сен чеккан фироқ
Ёт ёр қолиб, олам хайлини.
Сендан жунун истарлар, бироқ
Ҳеч бири эслатмас Лайлини.
Мен – таҳқирдан озурда банда,
Аён меҳр истайсан нечун.
Эшикларга қўймадинг танда,
Ё куймадинг бир малак учун.
Кўнгил, кўнгил, ахтари бақо,
Жим йиғладинг, бу дунё эски.
Сен ҳеч кимга қилмадинг вафо,
Ахир, сени севмади ҳеч ким.

***

Йўқдир фано уммонида ҳеч бир қайиқнинг паноҳи,
Гар тоғ бўлсам, бошдан-оёқ совургай йиллар сипоҳи.
Бир зум келиб-кетди баҳор, доғида абад зор қилди,
Бир зум кечди лайли-наҳор, бир умр гуноҳкор қилди.
Энди ғафлат водийсига ой каби ботарман ҳар тонг,
Бевақт узилгандай жоним, бош тутмай ётарман ҳар тонг.
Қайдан келар ўқлар менга, нечун ингроқларим унсиз,
Нечун тинсиз?.. О, онажон, бу не лашкар, яроғи йўқ?

Қочай дейману на кундан, на тундан бир паноҳ дерлар,
На Дашти Карбало ва на Сайҳундан бир паноҳ дерлар.
Шафақ ичра гар жим ётай десам, шомга бегонаман,
Мў‘жизалар хайли аро нурга, тонгга бегонаман.
Минг йил қайнатса қўшилмас бул пок Жайҳунга кўз ёшим,
Минг йил порлаб ҳам кулбамни ёритмас олам қуёши.
Асраб қолмоқ истаб ўзни, айладим кўнгилга ҳижрат,
Не хилқат бу?.. О, онажон, бу не ҳужра, чироғи йўқ?

Хатоларнинг вайрон бўлган хонумони эдим азал,
Бу дунёнинг гуноҳкори, пушаймони эдим азал.
Кўнгилбоғда қайтиб ўсмас, учгайдир чечаклар руҳи,
Юзимга тупургай зоҳид, оёғимдан осар сўфи.
Ёмғир истаюрман мангу, нигоҳимдан абр қочар,
Мени таъқиб қилар кирлик, кадар, қайғу – қабргача.
Ё Раб, комрон бўлмасмидим, китоб бўлса агар тақдир,
Ўқиб бўлса?.. О, онажон, бу не ҳаёт, сабоғи йўқ?

Эй куз, кўнглимдек оламни буткул унутмоқ истарман,
Ва ё оламда кўнглимдек буткул унут боғ истарман.
Ўзга ҳар боғки, бир олам — тупроққа етгунча ёлғон,
Гўзаллик асрагай дерлар оламни, ай, бунча ёлғон?!
Рост бу – нафсим хаёлидан бир зум бўлолмадим халос,
Тошдек мардуд қолдим мудом, капалакдек ўлдим, холос.
Қай тонг, севгидан айрилсам, йитарман дердим бегумон,
Не ҳасрат бу?.. О, онажон, не айрилиқ, фироғи йўқ?

Раббим, Сенинг райҳонингдан умидимнинг бўйи келар,
Ҳар ўйдан кўнгилга икки оқибатнинг ўйи келар.
Вақт юлдузин малаги ой – сўлим, қайда қолгай охир?!
Сомон йўлига туташган йўлим қайда қолгай охир?!
Майли, бугун яширгайман, дилни – ғанимни кўрмаслар,
Эрта… қабр деворига бош урганимни кўрмаслар.
Қайда қолгай чўнг савдолар, ўлим қайда қолгай охир?!
Не савдо бу?.. О, онажон, бу не умр, адоғи йўқ?

КУЗ

Бир кўклам келмади боғимга,
Қуёшнинг нурлари энмади.
Менинг бул озурда руҳимда,
Хазонрез – ҳазин куй тинмади.
О, зўрдир фалакнинг қудрати,
Кўрдим совургучи қўлларин.
Телбаваш шамоллар судради,
Сочимга етмади қўлларим.
Куярман шаклсиз жабрдан,
Хазонлар улийди бағри қон.
Во ажаб, бебақо умрда,
Бир фасл учратдим – жовидон.
Бахт асли фожеа, фасли куз –
Кўкламдир, у йўқсил, у ғаний.
Сийратим шаклидир фасли куз,
Фасли куз – кўнглимга муғанний.

***

…Ухлайди париваш, бул ҳурни излаб,
Олис маъволардан келади ҳилол.
Васли умидида ёнар юлдузлар,
Кўклардан қошига қайтади хаёл.
Ухлайди париваш. Сокин бу оқшом,
Зуғмини қиличга эвирган қотил.
Ҳеч шак йўқ, курбонлик бўлади шу тонг,
Қиличнинг дамидан бўса олган дил.
Кўкайим кесилган, озурда ҳар дам,
Босган изларига юз босдим бедор.
Ёғду шаршараси остида шабнам,
Ухлар кун боғидан чиққан гулрухсор.
Тонг эмас, бу кеча соврилса қамар,
Тонг эмас, рашк қилиб бағримга ботса.
Сеҳрига ғизосан, эй жон, қўрқаман,
Ухлайди оловдан чиққан раққоса.
Кул бўлар экансан, кўнгил, қўй, ёнма…
Зулфларига етмай сен ўт ол, қўлим!
Ухлар қиз, то хушим учгай, уйғонмас,
Қумрол сочларида ухлайди зулм.
Қисматим не бўлур? Айтмас махлиқо,
Ҳаргиз эшитмагай, куйган сўзим – тун.
Бир бор, фақат бир бор ўларман, аммо
Ўзим – ўзим учун.

КАПАЛАК

Мовий гўзалликка ажал чанг солди,
Уни кўп кўрди гул баргида фалак.
Бечора, ўзини тутолмай қолди,
Оҳиста-оҳиста битди капалак.
Тинди чаманзорда товланган ўлан,
Алвон гуллар аза очдилар беҳол.
Капалакни нафис вужуди билан,
Тош йўлга супуриб ташлади шамол.
Билсам, капалакнинг жонини узган
Гардунда беҳуда чекарман нола.
Ки, одамга қандоқ меҳр кўргузгай,
Капалакка шафқат қилмаган олам.

ЎЙИНЧИ

Тўйхонани чўғдек танинг куйдирар,
Бўз йигитларнингми, бузилган тинчи.
Оҳ урарлар сархуш, сархуш қийқирар:
Бўса, дер, бир ширин бўса, ўйинчи!
Сочилиб неча ой, неча кун ошиб,
Ҳилолни таманно қиларсан қиздек.
Шавқингга беланар ичган тўйбоши,
Рақс осмонида порлоқ юлдуз, деб.
Ўйна, гарчи рақс нима билмайсан,
Сарв қаддинг телбарар алам измида.
Хуммора кўзларинг қизарган майдан,
Сочларинг тўзғиган…
Сийнангда синади куйнинг жаранги,
Қизил ёноқларинг шафқатсиз лаъма.
Қабоғингда занги маломат – рангин,
Маржон у – бўйнингга осилган лаънат.
Қизиган тўйхона, аласт аҳли эр,
Сени-да, бағрига тортар бемалол.
Азоб тўдасига чанг уфурар ер,
Қон пуркайди сенинг юзингга шамол.
Ўйна, гарчи ғам… эй, бадбахт илоҳа!
Гарчи ёсуманнинг қисмати сенда.
Тундай қорайса ҳам мангулик оҳи,
Аросатнинг бўйи келса ҳам сендан.
Сен ҳурсан, кун сайин сарғайган осий…
Йиғладим… қаламдан эмас қийлу-қол.
Миллион йил илгари ўлганман балки,
Сени севгандирман эҳтимол.

***

Бани мардумга чоҳ олам, жилвакорсан,
Иддаоси кўкни ёргучи дилдорсан.
Не кўзгусан, Ҳақ ёдидан адаштирган,
Бир бағритош керак сенга ёвуз ёрсан.
Хастаи гирёнман, менга бардош керак.

Шамсга ётман бир ноёб нури толам деб,
Ётман денгизларга қатраи жолам деб.
На ўтда аёнман, на сувда, недир сўз?
Мен ҳам олам ичра оламман оламдек.
Менинг ҳам тийра кўнглимга қуёш керак.

Керакмас, нурсиз шон бўлса умрим менинг,
Бу кўйи жовидон бўлса умрим менинг.
Ўнгингда оламдек комрон бўлсаму,
Киши билмас хазон бўлса умрим менинг.
Бу айём ичра на тахт ва на тож керак.

Бир дард бордир, мудом сенга малол келар,
Одам изидан одам – хастаҳол келар.
Хас қолмагай беҳудуд гулхан ичинда,
Сендан келса, охир, ўти завол келар.
Оқибат ҳақ шамолидан фаррош керак.

Сенким, азал макри бедод чарх бўласан,
Ўқиб билсам, аламимга шарҳ бўласан.
Кўнглим тўфонида сузар Нуҳ кемаси,
Кўнглим каби кўз ёш тўксам, ғарқ бўласан.
Сени буткул ғарқ этмакка кўз ёш керак.

***

Ой сайри… На осмон сайри у,
На тун, на каҳкашон сайри у.
Ой сайри – умрлик қасди жон,
Умрлик зимистон сайри у.
Мени кун-кунида ўлдирма,
Мени ой сайрида қурбон қил.

Ойдинда ҳилолдай бир дилдор,
Тикмиш ой нуридан гўзал дор.
Ўшал дор ҳажрида ётибман,
Шамс тиғи остида ярадор.
Мени кун-кунида ўлдирма,
Мени ой сайрида қурбон қил.

Бори дун ғанимга ўхшайди,
Оташ ҳамдамимга ўхшайди.
Ҳилолни уч кунлик, дедим, у
Минг йиллик ғамимга ўхшайди.
Мени кун-кунида ўлдирма,
Мени ой сайрида қурбон қил.

Дил ерда, дил офат устида,
Дил йиғлар қабоҳат устида.
Мен осмон остида ётибман,
Пешонам жароҳат устида.
Мени кун-кунида ўлдирма,
Мени ой сайрида қурбон қил.

***

Фасли куз, фасли куз, бенаво, беҳуд,
Кўзларида зардоб килкиб турган жон.
Қояга бағрини босар қай бургут,
Шафаққа тикилар қай хаста жайрон.
Чўкади тиниқ сув тубига вола,
Чўкар мунг, дунёвий туғёнларга ёт.
Шу тонг яралгандай бебадал олам,
Ўзи шундай маъюс яралган гўё.
Ай куз, фасли хазон, хассос, хастаҳол,
Ай, жарлар лабида истаган нажот.
Сен азоби ёмғир, фиғони шамол,
Ўзинг ёлғиз хазон, ўзинг муножот.
Ҳақдан ўзга илоҳ йўқдир билгучи,
Йўқса ҳилол бадр бўлмас – тўлмагай.
Сенинг заволингни бита билгучи
Бир шоир ўтмаган. Йўқдир. Келмагай.
Фасли куз, фасли куз, дил – хокисорим,
Ахир севгучиман, ахир, мубтало.
Руҳимга ватансан, шеър – жон нисорим,
Ҳажрингда битарман… битарман, холос.
Менинг ҳаётимдан қолар узун из,
Қалбингга етмаган сўқмоқдай нигун.
Сен менга яқинсан, мен сендан олис,
Сендан ташқарида яшайман, нечун?!

МEН

Яралдим. Тўзимсиз вулқонлар уйган,
Култўда ичинда яралдим – гумроҳ.
Ҳалок бўлдим қуёш қулаган кўйда,
Фақат ҳалок бўлдим, ўлмадим илло.
Қаҳрабо заволим тутган борлиқда
Бир дод кетмас субҳи шомимдан йироқ.
Мен йўқотилганман, сўнгсиз хорликдан
На осмон асрайди мени, на тупроқ.
Чарх урарман чархи даввордай зор-зор,
Еру кўк ўқида мен беҳимоя.
Бори жисмим тўзон чекар хокисор,
Ҳасрат ёбонига соларман соя.
Бир оҳ макон топмас, токи гумроҳнинг
Йўқдир мангуликда ойдин қазоси.
Мен – манзилсиз банда, қодир Оллоҳнинг
Ул Одам Атога берган жазоси.
Эй шамол, маъно топ, увла, маъно соч!
Тўзғит, телба кулгу – ҳилол – тўлмаган.
Ҳар сари юз бурдим, кулдим яланғоч,
Қадримга йиғламам, қадрим бўлмаган.
Ҳайдалишим ҳасрат, ҳасратдир такрор,
У хато лаззати Одам Атода.
Мен тонгни кўрмаган зиндон янглиғ хор,
Фарёдким, мен оғир келдим бақодан.

***

Бу сокин ҳарамда қийналар жоним,
Умрим сенсиз кечса, кечар бебаёт.
То абад ўртайди мени ҳижронинг,
Бир нафас умрида айлармисан ёд?
Мени эслармисан?!
Шу ошиқ дилимга қасам келтириб,
Ҳижронинг тоғини йиқа олмайман.
Энг баланд чўққимдан йиқилайвериб,
Энг чуқур чоҳимдан чиқа олмайман.
Жабрларинг заҳми кўнглимни суяр,
Минг қайта тураман – мудом сенга зор.
Нигорон кўзларим минг қайта куяр,
Юз тубан танимда қолмайди мадор.
Эй нажот, кўклардан чорлайман сени,
Юлдузлар чиқмайди хобхонасидан.
Маломат итлари талайди мени,
Бир қатра меҳрнинг остонасида.
Умрим ўта қолмас сув каби оқиб,
Тошларни қучоқлаб ётаман афгор.
Танда на жон қолар, на у бесоҳиб,
Эй, мени нотавон айлаган дилдор!..
Агар гуноҳ бўлса, менда у гуноҳ,
Ўзим севиб қолдим энг гўзал тунда.
Бўйнимга дор илсин, илкимга пичоқ
Берсин, бошимни ҳам қўймоққа кунда.
Мен фақат кетмакка қодирман, зеро,
Фалак қузғунлари ғамимни емас.
Кетарман, ҳаргиз қол, демайди дунё,
Кетарман, абрлар яшайвер, демас.
Аммо кетгим келмас, гарчи дилафгор,
Бир ором топмаган саргашта дилман.
Мени хаёлига боғлаган гулнор,
На маҳжур, на мискин – энг бахтли қулман.
Яшасам бўлурми?

***

Асли бору йўғинг бир аччиқ бода,
Ҳеч кимнинг чекига тушмагансан, бас.
Ҳеч ким қолмайдиган ёруғ дунёда
Ҳеч қачон, кетаман, дема қасдма-қасд.
Кетма, эй, умидвор кетгучи, кетма,
Кетсанг, кетмоқ бўлса агар матлабинг –
Кетолсанг, ортингга қарама, кутма,
Фақат куз каби кет, фақат куз каби.
Куз кетар, ҳеч кимга айтмайди аммо,
У чорлов доғида қараб турмайди.
Кузнинг келганини кўради ҳамма,
Кузнинг кетганини ҳеч ким кўрмайди.

***

Эшигим олдидан кетмади нари,
Шовуллаб ўртанди азалий ғусса.
Дунёдан ҳеч нарса топмаган ғариб,
Гайга ҳам элтарди агар қўл чўзсам.
Ётардим – ғарқ этмиш эди ашк сели,
Ётардим, кўнглимда йўқ эди шарор.
Шу кеча тонггача чорлади мени,
Эшигим олдидан кетмади шамол.

***

Ортиқ қайғурмагай мендан безорлар,
Кечар осон ки, қай кўнгилда озорман.
Мендан сир кўрмайди мушфиқ ғамхорлар,
Мен-да, сир кўрмасман аҳли бозордан.
Қўлимдан тутгунча узлатга ёрлар,
Баломан ўзимга, ҳам гирифторман,
Ўзимдан безорман!

Бир суруд кўнглимда ўртанар ҳоло,
Тордир томирларим – бағри қон вола,
Нурдан музроб айлаб, куй чалар олам,
Жоним пардасидан чиқар бу нола:
Ўзим сенинг бшинг боғланган дорман…
Ўзимдан безорман!

Тўққиз қатдир осмон, ер етти қатдир,
Ҳар қат ҳар қатра ёш учун шафқатдир.
Ва лекин жон учун тонг машаққатдир,
Одамман – ўзимни севарман қаттиқ.
Дард кулбасида тинч ётар беморлар,
Армон ҳужрасидан чиққан беморман.
Ўзимдан безорман!

Мангулик тоғларни айлайди ғорат,
Вафосиз жисмимга бу бир ишора.
Гарчи ҳаёт – жанггоҳ, мен – жигарпора,
Мангулик энг улуғ шиддатку, ё Раб!
Шафақ ҳар шом мени бағрига чорлар,
Азал шаҳид кетган тан ичра хорман.
Ўзимдан безорман!

Дил ёнар, ёлини юзимда ўйнар,
Сояи азми ер юзинда ўйнар.
Бу на бало базми, кўзимда ўйнар!
Худойим! Ўзимни ўзимга қўйма,
Ўзингдан айроман, ўзингга зорман.
Ўзимдан безорман!

***

Созим – ёлғиз юпанчим синди,
Кирмай кетди кулбамга баҳор.
Тинган ёмғир сингари тиндим
(Тўкилмадим аслида бир бор).
Куй кўйида мунгли, бенаво,
Дарз кетган тош янглиғ ўксинган.
Ёришмайди кўнглим не маъво,
Ҳилол қўнганда ҳам кўксимга.
Куйлолмасман. Не тонг, гар шафақ
Умрим шомин ёдимга солса?
(Куйса дардим куйгайдир фақат
Агар чақмоқ остида қолсам.)
Куйлолмасман… томиримда қон –
Куй қатлидан қолган алвон из.
Гарчи кечар умрлик тўфон,
Лекин умрим кечади унсиз.
Куйлолмасман… мунг қирғоғида,
Кеч куз янглиғ хаёл сургайман.
Фано боғларида оқибат,
Ғафлат ҳужрасига киргайман…
Ва сезмасман – хабарчи йўқлар…
… Чақалоқдай ухлайди қўлим.
Мен ухларман. Юрагим ухлар,
На тириклик ўртар, на ўлим.

ҲАММОЛ

Демишларки, яра заҳрини,
Вақт айлармиш одамдан йироқ.
Гар вақт олса юрак заҳмини,
Кексайишни истар у тезроқ.
Ахир ҳилол кетди қошидан,
Севгани йўл бошида кетди.
Ўтмай туриб ўттиз ёшидан,
Қари дунё бошидан ўтди.
Ғаддор давр дам урар ҳар дам,
Ғами кечар эзилган дилда.
Ҳатто жони тинч бўлмаса ҳам,
Ётмоқ истар ул тинч манзилда.
Унга бегонадир гул, қўшиқ,
Шафақ ётдир – жигари эмас.
У тириклик билан олишиб,
Яшар тирикликка қасдма-қасд.
У на саёқ, ва на-да дарвеш,
Хор, шунчаки, тупроқнинг тенги.
Роҳат нима билмайди ҳаргиз,
Эй шоир! У шоҳ эмас сендек.
Тунми, пешонаси аслими?
Тонгми, унинг орзусими ё?
У билмайди ойнинг шаклини.
Билмас, қандай гўзал бу ҳаёт.
Йиллар ўтар, тин олмас, беун,
Тизигача қаддини букиб,
Аравада юк тортар мазлум,
Бу юк – кўҳна дунёнинг юки.

***

Оғир юки – ҳасратлари, армонлари,
Бежо кезинади гумроҳ сарбонлари
Бу йўлларда… изғир шамол, изғир шамол…
Ўтиб борар охиратнинг карвонлари.

Емирилган, бир пурвиқор тоғ қолмаган,
Бақо боғбонлари кетган… боғ қолмаган.
Бу йўлларда изғир шамол, изғир шамол…
Қизил, сориғ гулханлардан доғ қолмаган.

Сув қаърига чўкиб кетган каби олам,
Уммонга бош қўйиб уфқ чекар нола.
Бу йўлларда изғир шамол, изғир шамол…
Изғир ҳасрат, изғир ўкинч, изғир вола.

Зулмат ичра қолур гоҳ вайрона сарой,
Юлдуз сўнар унга бермак истаб орой.
Бу йўлларда изғир шамол, изғир шамол…
Олис-олисларга ботиб кетади ой.

Бадбахт кўнгил зиндонига боқмай қиё,
Хаслар аро ерга сингиб кетар зиё.
Бу йўлларда изғир шамол, изғир шамол…
Зериктирар, бирам хунук кулар қуёш.

Бағрда баҳр тўфони – доғи – ғамдир,
Мовий осмон – рубъи маскун оҳи – ғамдир.
Бу йўлларда изғир шамол, изғир шамол…
Кун узра тун чекар фарёд, доғи ғамдир.

***

Дейдиларки, чигалдир ҳаёт,
Қайғу бахтдир ва оғудир бол.
Дилдор йиғлар, севинчданми, ё
Қайғуданми, нима фарқи бор?
Ёғар йиғлаётган дилдорнинг
Шуурида олов ёндириб –
Шодлик тўла эрта баҳорнинг
Чўх ҳасратли кечки ёмғири.
Гарчи ёри кетмас ёнидан,
Мағрур қалби куймагай ўтда.
Аммо аён, унинг жонидан
Қачонлардир, нимадир ўтган.
У унутган кузни… барини,
Ногоҳ кўрган каби, бу – баҳор!
Боз қаттиқроқ қучиб ёрини,
Кўзига ёш олади дилдор.
Фалаклардан ой боқар балқиб,
Ойнинг ширин кулгуси қайда?
Ўткинчидир муҳаббат балки,
О, эҳтимол мангудир, қайдам?!
Дилдорни бир Оллоҳ тушунгай,
Ўртарми орзиқиш озори…
Ҳайҳот, менинг мунгли тушимда
Жилмаяди дилдорнинг ёри.
Ёри кулар, нени ёд этган?
Кулар масрур, кулар бахтиёр…
Ҳаргиз билмас – нечун шодликдан
Кўзига ёш олади дилдор?!
Тақдир сийлар ёр бўлиб бахти,
Кулганларни, севинганларни.
Севганларку, ҳамиша бахтли,
Худо севсин севилганларни.

***

Қуёш нури гулни гарчи қиличдек
Кесмас, лекин уни куйдиргай охир.
Бутун яралмишда мавҳум тириклик
Ва ўлимдан бошқа ҳодис йўқ, ахир.
Кўклам туни эди, тонггача қолиб,
Капалак умрича кўрдим ёшимни.
Ўлим чақмоғини бўйнимга олиб,
Ҳаёт ифорига тикдим бошимни.

***

Охир не бўлурман? Ўзимга аён,
Биламан, бу тунлар не этар охир.
Кўнглимнинг беҳиштий чамани пайҳон,
Ғамзада қушларнинг қаноти оғир.
Дунёга тикилдим, қорачуғда ёш,
Изтиробда сездим абадиятни.
Бу шом ҳам йиқилди ярадор қуёш,
Бағри яра экан башариятнинг.
Охир не бўлурман – ўзимга аён,
Титрайверди менинг қаршимда оғоч.
Энг гўзал хаёллар қилдилар исён,
Энг гўзал ёлғонлар бўлди яланғоч.
Не умид?.. кетсам ҳам бўларди аммо,
Қатра шаҳд қолмади дил бисотида.
Муножот тунида мен бўлдим яғмо,
Ачиндим бу кеча одам зотига.
Фақат оғриқ экан сийратим – қурим,
Нурга тутолмайман бағримни ўйиб.
Менга ҳалал берманг – ўлмасдан бурун,
Йиғласам, тупроққа бошимни қўйиб.

“ЛИСОНУТ-ТАЙР”НИ ЎҚИБ

Ҳурмат билан устоз Мавлоно ХУМИЙга

Гар ўнгимда қалб янглиғ бир чўнг тош уйғонса, боққим йўқ,
Бу олам аро бошқа бир қуёш уйғонса, боққим йўқ.
Кўрдим-ку, ёр ўшал бедод, дўст кун сайин бегонадир,
Исо тонгида тўрт қибла нурга чулғонса, боққим йўқ.
Қачон ерга оёқ қўйдим, ҳанузки, кўкка муҳтожман.

Осмон на шамс, ва на кавкаб, ва на моҳ учун яралган,
Замин на-да уммон учун, на-да тоғ учун яралган.
Қат-қат синоат яралмиш – олис сайёралар қадар,
Қалб учун яралган бари, лек қалб доғ учун яралган,
Мен шу қалбни куйдиргучи бебадал ўтга муҳтожман.

Кошки йитмаса баҳорим, синмаса бошимдаги тож,
Хазон бўлсам гулшанга кўм, гар гул бўлсам гулханга соч.
Очиқ оят, деб осмонни, шамсни, ҳилолни кўрсатма,
Асли ҳайрат водийсида бўлмадим ҳайратга муҳтож.
Жавзога эҳтиёжим йўқ, ва на-да ҳутга муҳтожман.

Бас, койима, қуш тилига ҳавас қилма, – деб. – Эй башар!..
Қоп-қора парда ичинда асли офият сўз яшар.
Қирда қолган қизғалдоқни куйдирар самум жунуни,
То тириклик шами билан қисмат шамоли ўйнашар.
Нетай, чорасизман бунда, ўшал Ҳудҳудга муҳтожман.

***

Олам яралгандан буён кетмас тун,
Кимнидир кутади, кутади ҳануз.
Ва ҳамон шовуллар – шамол олмас тин,
Ва ҳануз милтирар – сўнмас бир юлдуз.
Олам яралгандан буён маҳкумман,
Оллоҳдан айрилган нурман – бекамол.
Ҳануз умидворман… Мен ўша тунман…
Мен ўша юлдузман… Мен ўша шамол…


АЗАЛИЙ МУҲИТ

Азалий муҳитдир бу, чақинлар топгай завол,
Титрар сўнгги бинафша – Заҳҳокнинг қўйнидадир.
Девми – ғорида шафқат, илонми – тишида бол,
Мен туш кўрган жавоҳир иблиснинг бўйнидадир.
Тиғларини яширди ботил, суронли сарой,
Мангу кун зулумоти кўзларимга қасд қилар.
Ҳар тонг ғам водийсига тўкилади ҳазин ой,
Ҳар шом забун қуёшни судрайди алвастилар.
Ўлик тошлар бағрида мезонларим узилди,
Бошимдан тўкилди боз хокнинг заъфарон фасли.
Эй сайёд, менинг телба хаёлимда бузилди,
Башар устихонидан тикланган умид қасри.
Шоҳбозлар саробини кўзларимга суртдим зор,
Оққушлар лоши узра жилва қилди-ку ўлим.
Қонади севги гули – ит теккандай ярадор.
О, жаллод кундасидан ўсган гул каби сўлим.
Хўрлайди суруди мунг, тупроққа белар мени,
Дайрига нисорманам, руҳ қатлидан аломон!
Эй дил, кўз ёш шомида қайдан топарлар сени,
Жинлар тўзони ичра йўқолиб кетсанг ёмон.
Азалий муҳитдир бу…

***

Ой соврилган каби қуёш изида,
Ўрлар алвон-алвон ўтинчим – талош.
Нур ёғилар моҳи тобон юзидан,
Менинг кўзларимдан эса ёш…
Гар дийдор қиёмат бўлса, берай жон,
Ошиқни то маҳшар ўртар фироғинг.
Ахир етиб бўлмас Сенга ҳеч қачон,
Бу оламда йўқдир васл булоғи.
Фақат сомеъ бўлдим Сендан айрилиб,
Бир Сени тингламоқ истар жон қуши.
Мен учун туганмас қисмат – айрилиқ,
Ҳаёт – мангуликдан узилган қўшиқ.