Нозима Ҳабибуллаева (1996)

Нозима Ҳабибуллаева 1996 йил 4 ноябрь куни Фарғона шаҳрида туғилган.  Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетини “Олий адабиёт курси”ни тамомлаган. “Мовий қўшиқ” номли шеърий тўплами чоп этилган.  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

* * *

Ўн асрми, юз аср,
Каҳкашонлар узра сир.
Бир ғафлатки муттасил…
Ғорлар бу – мудраётган
Тоғларнинг ҳомузаси,
Уйғонасизми, йўқми!?

Узлатига босиб лаб,
Сукутга ўзин созлаб,
қақраётган овозлар,
Бир-бирига ўраниб
бетоб ётган қоғозлар,
Аё, Ҳазрати Сўзлар,
Аё, Ҳазрати Сўзлар
Уйғонасизми, йўқми!?

Эй, соҳиби дилим як,
Умрим умрингиз ичра.
Минг йиллар у ёғидан
Минг йиллар бу ёғига
Қўшиқларимиз учар
Ва улар қанотидан
Томар анвойи чечак.
“Ҳақ ҳадяси – тақдирдан… ”
Эртак айтгум минг кеча –
Уйғонасизми, йўқми!?

Ўртан-ей руҳи аюб,
Илоҳий туйғуларнинг,
Аржуманд кулгуларнинг,
Ифори нечук заиф?!
Субҳидамга юз чайиб,
Асл гулин тополмай,
Сандулочлар йиғлаюр!..
Уйғонасизми, йўқми!?

Эй! Покиза ранг қани?
Та’масиз жаранг қани?
Осий сиёҳдонига,
Бегуноҳлар қонига
Чўмилмаган тонг қани?
Уйғонасизми, йўқми!?

Ўз онаси бир замон
алла айтгандан буён
Элиниб мудраётган,
Ҳалиям ухлаётган,
Аё, ғафлати инсон!
Уйғонасизми, йўқми?

* * *

Димоғингга кириб ишқ
Бутун умр маст бўлсанг
Ва ё тирилтириб ишқ
Руҳи забардаст бўлсанг.

Кўк ордай ўсаверса,
Туводай ўсаверсанг,
Фақатгина Раббинг ва
Расулингдан паст бўлсанг.

Сужуднинг ҳар беш вақти
Пешонанг этиб тақдим
Ёр-ла учрашув вақти
Йўлга поёндоз бўлсанг.

Пардада турса жонинг,
Ва ҳарир урса жонинг,
Икки дунё ҳаёнинг
Юзида пардоз бўлсанг.

Ҳақиқатда ўлмаган,
Ва дунёга келмаган,
Ҳали ҳеч ким билмаган
Қадимий овоз бўлсанг.

Энг бахтиёр йиғи, Эй!
Умримдан ортиғи Эй
Тангримнинг тортиғи , Эй!
Ҳадясига хос бўлсанг.

Ҳоли ҳулвойим ичра,
Руҳи анвойим ичра,
Ёлғон дунёйим ичра
Рост бўлсанг-о, рост бўлсанг!

* * *

Мен ўзимдан ўзим хафаман,
Дилнинг шакли камонми, ака?
Балки жазо, айбдир билмадим,
Яхши бўлиш ёмонми, ака?

ҒУРУР

Бироз қаҳва тўкилган мактуб
Қўлларимда қурирди сафсар.
Демак, ҳолинг паришон,
таажуб,
Демак, яқин…
шу кўчамдасан…

Хат бошида биз севган сатр,
Ўша қўшиқ янграр янгидан
Ва исмимни бағрига босган
Бир юрак бор кўзинг рангида.

Шошилганча чопдим эшикка
Бўғзимда товушлар ғарами
Кетиб борар шошиб, эшитгин
Юрагимда уриб қадаминг.

Бўрон тортди кўйлакларимдан
Югурмадим, туравердим жим.
Изларингни шамол-ла ўпиб
Сочларим-ла чақирган эдим…

Қўлимда оқ бўлган фараҳга
Жавоб ёздим кўзим ўнгида.
Давомига тўкилган қаҳва…
(Ё атайин тўкилган қаҳва…)
Не дегандинг мактуб сўнггида?

* * *

Тасаввур этмайсиз мусиқаларнинг
Ҳумори бепоён гирдоблигини.

Тушимга киради эски уйимиз,
шимол ёғдусидай таралган оҳанг
Ва бунда
қадрдон пианинамнинг
куз мисол сарғариб клавишлари
қитиқлаб чиқдилар бармоқларимни…

Қуруқшаб кетганда қароқлар,
токи,
шеър ёзиб тўкилсам
шаррос, руҳма руҳ,
тарона тўлқинлар йиғиб борарди
ритмма- ритм.
руҳма руҳ.

Хотира альбомдек нота дафтарим
титраниб вароқлар нафасларимни.
Деворда чаламан-
Садо йўқ!
Ҳавода чаламан-
Садо йўқ!
Қуёш нурларини чаламан-
Наво йўқ.
Йўқ!
Ҳавотир чалинар…
Қўлим унутса-я товушларини?
Ҳозирми навога мендек гадо йўқ…

Мени қутқарманглар,
Демак куй яқин,
Яна озроқ агар чидай олмасам
Оҳангга айланиб кетаман ўзим!…

* * *

Умримизга дастурхонин тўшар Тошкан,
Эй юзи шамс,
елкалари ҳиёл адир.
Юзларимдан ҳарор олиб сизга шошган
Қўлларимда пиёлалар уёлади.

Жилмаясиз, нафасимда вақт синади
Кўзингиздан раволаниб боққан сарим.
Рўмолимнинг учларига беркинади
Кулгуларим,
Чимматимга улгуларим.

Тушларимиз хушларимга эмиш эгиз
Айланадир- ҳаёлимдай ишқи роҳлар.
Айланадир — кўнглимизга ташрифимиз
Ва осмонга элтиб қўяр арғимчоқлар.

Овозингиз қаламимда қилар хониш,
Ҳилпираган киприкларим куйи сизга.
Синдирилган нон мисоли ташрифи хуш —
Тонг нафасли ҳилол ботди елкангизга…

Умримизга дастурхонин тўшар Тошкан,
Эй юзи шамс,
елкалари ҳиёл адир.
Юзларимдан ҳарор олиб сизга шошган
Қўлларимда пиёлалар уёлади.

* * *

Йўлдаман…
Қадамим сиздан иборат
Томирларим ичра сўқмоқ айланар.
Учар гиламларда этдим ибодат
шайлана-а шайлана…

Йўлдаман,
сочимда туннинг либоси
елпиб бораётир ҳаёлингизни.
Сарғайган соғинчлар бўлиб силовсин
ютмоқчи бўлдилар ғизолингизни.

Ахийри,
қанотим остида борлиқ,
Ахийри, тонгларнинг бари парирўй.
Йўлдаман —
Манглайда Ишқ деган ёрлиқ,
Ахийри, сўнгагим сипқоради куй.

Оҳангдек қўнаман кўк ҳовузига,
Кўзимга тўлдириб ойнинг нурларин.
Чорлайди
осмонни ларзага солиб
бунда кўксингизнинг чўнг дупурлари.

Йўлдаман…

Бағрингизга қўйиб энг гўзал тузоқ,
Бир кутинг, сўнгги бор кутинг-у,
ёнган
келган йўлларимни нурга оқизоқ
этинг-у
Чўктиринг икки дунёга!…

***

Бир соҳилда
дунёдан нари…
Фурсатларинг китобга қулаб
Вароқласанг саҳифаларин
Тўлқинларнинг нафаси билан.
Мўралайди олислардан бир
Алвонланиб боради елкан.
Китобларга шўнғиган умр
Китобларга айланар экан.
Юлдузли тун пойида қалқди
Иқрорларнинг бошида чидам.
Ғойиб бўлди болалик балки
Оқ кемалар чўккан жойида.
Бир қўлимда оқ байроқдир тик
Ўткан кунлар тарозисида.
Чиқиб келдим,
кўнглимда ҳадик
Марғилоннинг дарвозасидан…

УЧРАШУВ

Тиззаларим қалтираётир,
учар гилам, муҳташам гилам.
Пардоз қилдим кўзингга боқиб
севгим билан, ҳаяжон билан.

Сен ҳақингда сўйлар олти ёқ,
қуллуқ қилдим кўксим қармоқда.
Юрак эса сенли борлиқнинг
эшигини тақиллатмоқда.

Ва йўл очдинг, ташаккур айтдим,
Ич – ичкарим, ҳужайрам чаман.
Қачон келдим? Ўлдим?
Билмадим
Аммо аниқ тирилмоқдаман!

Оҳ, бунчалар улкан ишқ бердинг!
Изинг излаб бошимни эгиб
изҳор айтсам пичирлаб,
ернинг
қулоқлари кетади эриб…

Бу учрашув шавқим бугуннинг
беш лаҳзалик буюк ташбеҳми? !
Қўлларимга тақиб қўйдинг энг
қимматбаҳо маржон – тасбеҳни!