Носир Муҳаммад (Насриддин Муҳаммадиев) 1946 йилнинг 2 декабрида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ қўрғонида туғилган. 1968 йили Тошкент давлат университетининг филология факультетини битирган.
“Тошкент оқшоми” газетасида кичик адабий ходим, бўлим мудири, 1976-79 йиллари Эронда таржимон, “Ёшлик” журналида масъул котиб (1985-1993), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг халқаро ахборотлар таҳририяти бош муҳаррири (1993), “Жаҳон” ахборот агентлигида (1994), Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида Матбуот котиби (1996-99), Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг етакчи консультанти (1999-2005) бўлиб ишлаган. 2005 йилдан буён Республика байналмилал маданият маркази директори.
Носир Муҳаммад Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси (1972) ва Ёзувчилар уюшмаси (1989) аъзоси, 20 га яқин шеърий ва илмий-оммабоп китоблар муаллифи.
2017 йил 5 июль куни Тошкент шаҳрида вафот этган.
СОҒИНЧ
Диёрим, жисмимга жон берган тупроқ,
Сенинг меҳрингга ҳеч бормикин поён?!
Бағрингдан қанчалик кетмайин йироқ
Ишқинг ҳамроҳ бўлур менга ҳар қачон.
Сендан гўзал юртлар бордир дунёда,
Бойлиги сендан мўл ерлар бор ҳатто.
Вале менинг учун сендан зиёда,
Сендек севимлиси йўқ эрур асло.
Қалбим саёҳатлар завқига тўла,
Кўплаб ўлкаларда бўлганман меҳмон.
Қайда бўлмай, буюк бир соғинч ила
Сенинг қиёсингни изладим ҳар он.
Мевазор боғларинг эсладим рости,
Қайинзорлар ичра кезганда масрур.
Лол этганда улкан дарёлар басти,
Аму ва Сир ёди бахш этди ғурур.
Шаҳарлар чиройи очганда баҳрим,
Оврупо бағрига қилганда сафар,
Кўз олдимда турдинг жонажон шаҳрим
Осиё қуёши тобланган гавҳар.
Мен учун ҳар жойда бўлди бир ҳужжат
Бепоён Ватаннинг безавол номи.
Хорижий тилларда қизиса суҳбат
Менга эшитилди ўзбек каломи.
Сенинг борлигингга шукрона айтдим
Ҳар қадамда меҳринг сезган онимда.
Гоҳо изтиробда ўртанган пайтим
Мунис она каби турдинг ёнимда.
Узоқда билинар юрт қадри ҳар вақт,
Кўзларда ёш билан ёдлашар отин.
Қадру қимматингни билмаган фарзанд,
Майлига айрилиқ заҳрини тотсин.
Сафар гар завқлидир, поёнсиз эмас,
Соғиниб қайтурман бағрингга хушҳол.
Учиш завқи ила бўлса-да сармаст,
Уяга талпинган полапон мисол.
* * *
Гаҳи шодлик, гаҳи қайғу, ажаб дунё экан дўстлар,
Бу бир бошда неча ғавғо, неча савдо экан, дўстлар.
Пишарму қайнамай одам гаҳи турмуш қозонида,
Синовда ким музаффардир, ўшал доно экан, дўстлар.
Ҳаёт устод бўлиб доим мени кўп имтиҳон этгай,
Унинг ҳар бир сабоғида неча маъно экан, дўстлар.
Дилимда қанча доғ қолди, муҳаббат ташнасидурман,
Агарчи ишқ адо бўлмас азим дарё экан, дўстлар.
Гаҳи оби ҳаёт истаб саробга дуч келиб қолдим,
Мен интилган зиёлар гаҳида рўё экан, дўстлар.
Сафарлар завқига ошиқ неча элларни кездим мен,
Ахир билдим, азиз юрт — баридан аъло экан, дўстлар.
Ҳамиша куйлагай Носир диёру ёрнинг васфин,
Улар ишқи юракда доимо танҳо экан, дўстлар.
* * *
Дунё кезиб, теграмда турфа хил одам кўрдим,
Етти қават ер узра етти ранг олам кўрдим.
Нодонларнинг юзида бахту қувонч жилваси,
Оқилларнинг дилида гоҳо ниҳон ғам кўрдим.
Англадим, нечун дерлар доим “бири кам дунё”,
Қисматидан шодумон комил зотни кам кўрдим.
Ёмонларнинг заҳридан озурдадир бу кўнглим,
Яхшиларнинг сўзида дардимга малҳам кўрдим.
Замонлар суронида, йўқ, ўлмаган муҳаббат,
Ошиқларнинг кўзида инжумонанд нам кўрдим.
Ярим аср йўл юриб, топган бойлигим — дўстлар,
Ташвишу қувончимда барин жамулжам кўрдим.
Меҳру садоқат билан куйлагайман элимни,
Носир, азиз бағрида иззату карам кўрдим.
МАТОНАТНИ ЎРГАНДИК
Озод Шарафиддинов хотирасига
Азиз устоз, номингиз дилимизда ёд бўлгай,
Ахир Сиздан бир умр ҳақиқатни ўргандик.
Элим деб ёнган зотлар доим барҳаёт бўлгай,
Ватанга муҳаббату садоқатни ўргандик.
Шогирдларнинг кўзида милтирайди ёш бугун,
Кўксида армон деган аламли бир тош бугун,
Қани Сиздек донишманд устозу сирдош бугун,
Гарчи Сиздан бардошу шижоатни ўргандик.
Чорбоғнинг боғларию шатранж ҳам қолди етим,
Дилкаш суҳбатларингиз гоҳо тинглар эдик жим,
Давраларнинг тўрида ўлтиради энди ким?
Тўрт мучаси бутунлар сабр-тоқатни ўргандик.
Не-не азоблар билан синади Сизни ҳаёт,
Тинимсиз меҳнатда гоҳ топдингиз ором, нажот,
Давримиз Афлотуни, элу юртга суюк зот,
Эзгулик учун кураш, риёзатни ўргандик.
Ҳаётингиз тилларда бир умр бўлар достон,
Сиз яратган чаманлар асло билмагай хазон,
Улуғлар даврасида ёдланурсиз ҳар замон,
Сиздан инсонлик илмин, матонатни ўргандик.
* * *
Саломга яраша алик дейдилар,
Бу қадим ҳикматда минг йиллик савдо.
Адолат тоғи бор қаршингда мудом,
Сўзингга боғлиқдир қайтар акс-садо.
* * *
Шу заминда дўзах ҳам, жаннат деган макон ҳам,
Ҳамроҳ эрур ҳамиша куфр ила имон ҳам.
Гуноҳу савобларни самолардан қидирманг,
Одамзод вужудида яшар Раҳмон, Шайтон ҳам.