1969 йилда туғилган. ТошДУнинг ўзбек филология факультетини тугатган. Айни пайтда Тошкент Педиатрия тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицейи ўқитувчиси. Унинг “Юрагимнинг зангори ранги” номли шеърий тўплами нашр этилган.
* * *
Бу йўлларнинг йўқдай охири,
Юравердим куз боғларида.
Хаёлимни сочиб юборди,
Таниш анҳор ирмоқларида.
Қуёш чиқди бугун эртароқ,
Шаббодалар шошиб қолдилар.
Қўлларидан тўкилиб мактуб,
Дарахтлар ҳам қотиб қолдилар.
Майсаларда ялтираб шабнам,
Қуёшидан чарчади ақраб.
Иккимизга интиқ йўлларда,
Чинор қолди номимиз сақлаб.
Унутилди ҳатто йўлаклар,
Қалбимизга чўкди изтироб.
Орамизда сочилиб ётар,
Айрилиқлар ёзган бу китоб.
Бу йўлларнинг йўқдай охири,
Кетиб бораяпмиз бесамар.
Бир умид бор, ер-ку айлана,
Тўқнаш кела ололсак агар.
Бу йўлларда…
* * *
Дарахт япроғига мактублар битдим,
Қўлларимда ухлади юлдуз.
Кутдим сени, кўп узоқ кутдим,
Келдингми ё маъюсгинам куз?
Новдаларни тебратди сабо,
Куйладилар куйларида сўз.
Боғларингда тентираб юрдим,
Келдингми ё маъюсгинам куз?
Пойимизда хазон шивирлар,
Ариқларни тарк этди ялпиз.
Сочларимга оралади оқ,
Келдингми ё маъюсгинам куз?
Мажнунтоллар сочини ёйиб –
Остонада йўл қараган қиз.
Мен юрибман жавзодан ҳориб,
Келдингми ё маъюсгинам куз?
Сен ҳижронлар фаслимисан ё,
Ё боғлардан тўкилган афсус?
Сокинликнинг гўзал манзили –
Келдингми ё маъюсгинам куз?
Келдингми ё маъюсгинам куз?
* * *
Ёмғирлар шивирлайди қулоқларимга,
Чала бошлайди куй, деразам чертиб.
Гўё, эшитмадим унинг овозин,
Сукут сақлайвердим пардани тортиб.
Чертаверма ёмғир дераза ромин,
Шундоқ ҳам юрагим дарахт ёнида.
Ахир, сезмадингми, сабримни синаб,
У кутиб турибди… Соябонида?!.
Ёмғир шивирлайди, ёмғир – xаёлим,
Қуп-қуруқ жисмни қамадим уйга.
Қара, юрагим ҳам жўр бўлаётир,
Фақат сен бошлаган алёрга, куйга.
Ёмғир шивирлайди, ҳар томчисида
Тўкила бошлайди фироқ унлари.
Ёмғирми, ҳижронми, айрилиқларми
Aсрларга тенг деб айтган кунларим?
Ёмғир шивирлайди…
* * *
Ниҳоят, тўлдими сабр косаси,
Дарахтлар бўлдими яна заъфарон?
Қайси рўмолингни излаб юрибсан,
Хазонлар тагидан, пушаймон?
Энди туну куннинг йўқми ё фарқи,
Яна алдадими ё лоқайд ғафлат?
Ёки сочларингга оқлар тушдими,
Ўзидан-ўзи ҳам зериккан, тоқат?
Тақвим варағидай тўкилди япроқ,
Тўкилди, тўкилди оёғимга куз.
Нега тушмаяпман ғурур отидан,
Кутиб чарчадингми йўлимни, афсус?
Ҳориган боғларга етаклайди дил,
Ютиниб қўяди гўзал фаввора.
Орзулар овозин эшитар кўнгил,
Пушаймон, тоқат ва афсус – бечора!..
Ниҳоят…
* * *
Ҳар куни шаббода олиб келади
Висолнинг кечиккан изҳорларини.
Ҳар куни намозшом олиб кетади
Айрилиқнинг зилдай ғуборларини.
Ҳар куни саҳарлар олиб келади
Умидимнинг оппоқ пояндозини.
Ҳар куни оқшомлар олиб кетади
Ишқнинг биз эшитган пок овозини.
Ҳар куни такрордир дилда бир туйғу,
Қишдан ўпкаланманг, маъюс майсалар.
Бизни шом-саҳарлар чорлайверади,
Ҳаёт карвонида умр чайқалар…
Ҳар куни…