Нилуфар Умарова (1972)

Нилуфар Умарова 1972 йилда Қарши туманида туғилган. Қарши Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. “Орзулари бир дунё аёлларнинг”, “Кўнгил рози”, “Дуогўй ёмғир”, “Хаёл кўзлари” каби китоблар муаллифи. Ҳозирда Қарши Педагогика коллежи ўқитувчиси. Ўз­бе­кистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

* * *

Бобом айтган достондек шингил,
Тез ўқилди йилларнинг исми.
Дунё менинг наздимда, сингил,
Қирқ ёшлидир – келишган жисми.

Ҳаёт мисли қадимий урчуқ,
Хаёлимнинг ипин йигирар.
Томчилаган сўз осмонида,
Камалаклар чақиб улгурар.

Юракнинг тор қафасларидан,
Учиб чиқар туйғулар бари.
Шаббоданинг нафасларида,
Варақланар қалбим дафтари.

О, шеърият, бедор қисматим,
Сўзларимга нил тортган қалам.
Хаёлимдан тўкилган хатим,
Дардларимни кўрганим баҳам.

Гоҳо илҳом ёшлари билан,
Мажнунтолнинг сочларин ювдик.
Умр оқиб ўтар, кўнгилнинг
Ҳовурини босмаган сувдек.

* * *

Бир қўшиқ бошлайди бағримда тўлиб,
Настарин ҳидига чайилган шамол.
Паришон руҳимни тебратмоқ бўлиб,
Беланчак солади ҳорғин кекса тол.

Осудалик истар увишган қалбим,
Атроф ташланади ямлаб ютгудек.
Рангпар юлдузчалар кузатади жим,
Масофа бир қадам – қараб етгулик.

Туннинг кўзларига келтирмай малол,
Кўзимда ловуллаб сўнаётир чўғ.
Кетарга рағбатим бордир эҳтимол,
Афсус, бошим оғган бирор томон йўқ.

* * *

Гул ўстирмай қўйдим аёздан чўчиб,
Тариқ экмайди деб, чумчуқдан қўрққан.
Бағридан ифорлар кетганда кўчиб,
Гултувак қўққайиб қолди дафъатан.

Умрлик дўстидан бўлиб-да жудо,
Нақадар зерикди шўрлик дераза.
Қулоққа чалинмай қолганда садо,
Кўчага термулди очгандай аза.

Наҳот, қайтмас бўлиб кетгандир баҳор,
Наҳот, бахт гулларин айламас эҳсон.
Йўлларга термулиб кутаётир зор,
Бағри бўш дераза, қўли қуруқ ром.

О, гуллар бўйини қўмсаган хонам,
Титроқ тарқалади соғинч аралаш.
Фақат юрак ичра битта юпанч бор,
Ўзни гувоҳ санаб, қишни қоралаш.


ЁШЛИК

Йиллар девор оша кўча ҳатлади,
Шўхчанлик ярашар ёшингга чунон.
Сен менинг ёнимда қўл етмас бўлдинг,
Мен сенинг ёдингда ҳур қизман ҳамон.

Улгурмай юмилган кўзни очмоққа,
Ёнимдан лип этиб ўтдинг-да кетдинг.
Келдинг-да юзимга сепкил сочмоққа,
Қадрингга етмасдан, сен кимга етдинг.

Мен-чи, ўзиб кетдим уқувсиз йилдан,
Ўзин оқламоқчи бўлар бебошлик.
Ота уйим қолган бағри кенг йўлдан,
Бугун болам бўлиб ўтасан, ёшлик.

* * *

Ёмғирлар заминга ато этди жон,
Булутлар тарқади ювиб доғларим.
Дарахт дўстларимнинг бошин эгмай ҳам,
Кўзимда барг ёзиб қолди боғларим.

Йўлларнинг ваҳмини сув каби ютди
Нигоҳимни ортган автоуловлар.
Юрагим дарёсин қумлари йитди,
Қулагандай бўлди олдинда ғовлар.

Тўлқинда чалинмас ҳислар қолдилар,
Шамол елканлари бағридан бўйлаб.
Мангуликнинг узун куйи олдида
Тиниқ овозларда ўз сўзин сўйлаб.

Начора, шу юкни кўтармоқ тақдир,
Азал тирикликнинг боғи сўлимдир.
Фақат ўзин ўйлаб, ўзини тинглаб,
Узоқ яшамоқлик оғир ўлимдир.

УЙҚУСИЗЛИКДА

Бунда бутун борлиқ уйқуга чўмган,
Ёлғиз сезмагайман ўзимни бироқ.
Уни ҳам сокин тун хаёлга кўмган,
Мижжасини қоқмас мовий тунчироқ.

Соат таъқиб қилар қоқ тун маҳали,
Тобора сингийди миямга “чиқ-чиқ”.
Эшик аҳён-аҳён қўяр қарсиллаб,
Гўё шамол имлар: ташқарига чиқ.

Қарарга бир нуқта топмас кўзларим,
Шу дамда ёруғлик балки нокерак.
Ҳалима Аҳмаднинг сўзин эслайман:
“Ғижимлаб ташланган қоғоздир юрак”…

МАВЗУСИЗ ШЕЪР

Мен бу шеърни қачон ёзаман,
Сиғмаяпти нотага куйим.
Ўғирланган туш каби чексиз,
Адоғига етмайди ўйим.

Енголмади қоғоз ва қалам,
Бино қўйган менга қайсарлик.
Тугамади хаёл даштида,
Мағлубият, ҳам дардисарлик.

Нуқсон бордир ойда ҳаттоки,
Ҳеч бир нарса яралмас тугал.
Ҳаёт худди жумбоққа ўхшаб,
Мавзуси йўқ шеъримдек чигал.

* * *

Чорлаб турар чексиз бир кенглик,
Ҳаволари руҳим аллалар.
Қулфин очсам меҳр сандиғин,
Сарпо кутар мендан далалар.

Бутун борлиқ чўғга айланиб,
Қинғир-қийшиқ изга тушар йўл.
Вужудимни қиздирар баттар,
Вужудимда ёнаётган дил.

Кўнглим каби девона шамол,
Куйиб куяр хўп соврилгунча.
Хаёлларнинг узун сочлари
Ўралашди руҳимга бунча?

Қараб тўймам бир гўзал тасвир,
Илдамлайди тасаввур сари.
Қай рассомнинг иши экан бу,
Кўз ўнгимда санъат асари?

Хайрлашар намхуш далалар,
Кун кўзида жимирлар кўзёш.
Қадоқланган оловга ўхшаб,
Лов қизариб ботмоқда қуёш.

* * *

Бугун хаёлимни банд этди ёмғир,
Бугун банд эдим мен хаёллар билан.
Тўрида эдингиз уларнинг, ахир,
Келгандингиз хушбўй хаёллар билан.

Гарчи, йўқловларим ҳаммадан кейин,
Гарчи, изоҳларим туюлар такрор.
Лекин, хаёлимнинг сиз бор жойида
Ёғду улашгувчи фаришталар бор.

* * *

Адашмадинг, шу йўл сеники,
Таъналарни ёғдирма мубҳам.
Гар эгаси бўлмасам ҳамки,
Бир четида юрибман мен ҳам.

Сен қоқилма, равон жойдан ўт,
Тош устида юрарман, майли.
Йиртилмасин ковушинг дея,
Оёқяланг юрарман ҳали.

Игна териб ўтар кунларим,
Оғриқ турар курагимгача.
Тиканлари товондан бошлаб,
Санчилгандир юрагимгача.

Ўзни ўнглаб олгунимча то,
Бош ёрилди, тирналди кўнгил.
Шукур, аччиқ сабоғи ила
Қалб уйига бошлади шу йўл.

* * *

Шамол ҳуриллайди жимликни бузиб,
Ҳаёт сабоғидан ураётир бонг.
Тандиридан кулча қуёшни узиб,
Ийманиб остона ҳатлар оппоқ тонг.

Нурларин улашар нондай синдириб,
Қўлин чўзган борки – дарахт, майсага.
Қалбини ёруғлик ила тиндириб,
Йўлига интизор чиқар қўмсаган.

Кулгуни унутган қийиқ кўзларда,
Тун қийилди эзма гаплари билан.
Қуёш кулаётир тонгги изҳордай,
Қирмизи гулларнинг лаблари билан.

* * *

Кўнглимнинг уйига қамалган ҳислар,
Остона ҳатламай қўйдилар ойлаб.
Ўтиб кетмасин деб эшик олдидан
Кўкламнинг келишин кутаман пойлаб.

Соҳир хаёлларнинг қувиб изидан
Бирдам ғойиб бўлар дайди шамол ҳам.
Тўкилмоқ бўлади булут кўзидан
Ҳаё пардасида яширинган ғам.

Кўкариб кўринар ернинг қулоғи,
Осмон ҳам рўшнолик кутади бунда.
Югуриб чиқаман истиқболига,
Кўзларим порлайди юлдузли кундай.

* * *

Миннатдорман, осмон, ёруғлик учун,
Юлдузлар пар каби кафтимга тўлди.
Қушлардек осилсам нурлар дорига
Феъли кенг ҳаволар насибам бўлди.

Ястаниб ётади хипча бел йўллар,
Аёвсиз зарбларга тикканча кўксин.
Осмон елкасига қўлин қўяр тун,
Нурлар тўкилади йўлларга сим-сим.