Неъмат Душаев 1963 йилда Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат маданият институтини тугатган. «Оҳангарон», «Ангрен ҳақиқати», «Довон», «Улуғ йўл» газеталарида, Ўзбекистон Миллий ахбороти агентлиги — ЎзАда фаолият кўрсатган. Ҳозирда «Ўзбеккўмир» АЖ бош директорининг ахборот сиёсати масалалалари бўйича маслаҳатчи — матбуот котиби вазифасида хизмат қилмоқда.
“Сахий хаёлпараст” (“Наврўз” нашриёти, 1993), “Ғалати бўталоқ” (“Юлдузча”, 1995), “Сеҳрли таёқча” (“Наврўз”, 1997), “Ким зўр?” (“Наврўз”, 2004), “Улар довон йўлини қурган эдилар” (А.Навоий номидаги Ўзбекистон давлат миллий кутубхонаси нашриёти, 2010), “Инсон ва довон” (Тошкент, 2011), “Гурумдаги гурунглар (“Наврўз”, 2011), “Ари чақди Набини” (Наврўз, 2018), “Икки думли фил” (Ғ.Ғулом НМИУ, 2020), “Умр дарахти” (Наврўз”, 2020) номли китоблари чоп этилган. 2005 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ОНАЖОН
Меҳрингизни билдим, онажон,
Юракдан ҳис қилдим, онажон.
Бошимизда қуёшсиз-ойсиз,
Фақат бизни-бизни ўйлайсиз.
Кўзга суриб сиз босган изни,
Жойга қуяй ҳурматингизни
Дейман-у эҳ, афсус, мен нодон
Ўкситаман тағин, онажон.
Кейин-кейин эса овлоқда,
Сиздан сал-да олисроқ ёқда,
Қўмсаб қолиб оташ меҳрингиз,
Пушаймонлар чекар ўғлингиз.
Нечун бағрим тилай, онажон?
Айтганингиз қилай, онажон.
Меҳрингизни бергайсиз, ахир,
Одам бўл деб, тергайсиз, ахир.
Энди Сизга солмасам қулоқ,
Юзларимга тортинг шапалоқ!
ИЗТИРОБ
Нима бўлди билмайман,
Менга ўзи нетяпти.
Негадир оёқ-қўлим
Бўшашиброқ кетяпти.
Ҳатто-ки бўйинбоғим
Мени буққандек бўлар,
Нурларини кўзимга
Қуёш суққандек бўлар.
Хафа бўлиб кетяпман
Мен ўзимдан илк бора.
Кўз ўнгимда узунсоч
Юзи ғамгин Дилдора…
Бугун уни мактабда
Хафа қилиб қайтдим мен.
Ўзим ҳам билмай қолдим,
“Етимсан” деб айтдим мен.
Жаҳли чиқди Дилдорнинг,
Қўли таёққа борди.
Лек урмади .. пиқиллаб
Бирдан йиғлаб юборди.
Маюс кўзли Дилдора
Аълочи, чиройли қиз.
Афсус, ота-онаси
Ташлаб кетган-да, эсиз…
Шунга хўрлиги келиб
Йиғлайверди юм-юм.
Турар эдим тош қотиб
Мен мисоли бир буюм.
Энди эса ўзимдан
Хафа бўлиб кетяпман.
Кечир Дилдора, дея
Илтижолар этяпман.
АРМОН
Сингилчам сал нарсага
Хархашасин бошларди.
Қўя қолгин десак ҳам
Кўзларини ёшларди.
Бир куни келиб меҳмон
Пичоғини кўрсатди.
Ва уялмай синглимга
Ваҳимали сўз қотди:
– Бас қил! Ўчир! Йиғлама!
Тузат у-бу ёғингни.
Агар товуш чиқарсанг
Кесаман қулоғингни.
Шўрлик синглимнинг дами
Ичига тушиб кетди…
Шу-шу йиғлаш одатин
Бутунлайин тарк этди.
Индамас бўлиб қолди,
Гапиради камдан-кам.
Кўрпага кириб олар
Келса бегона одам.
Жон, синглим, қўрма, деймиз,
Қўрқма, “тоға”, “почча” у.
Йўқ, ишонмай бекинар,
Кўнглида яшаб қўрқув.
Ўша ёмон меҳмонни,
Ва пичоқни эслайди.
Кечалар алаҳсираб,
Қулоқларин ушлайди.
ПУШАЙМОН
Мактабдан келиб Адаш
Папкасин тўрга отди.
Энди ўқимайман, деб
Тўшакка ағнаб ётди.
Тинчликми, деб сўрарсиз,
Нечун хафа, нечун ғаш?
Муаллимдан бугун ҳам
Койиш эшитди Адаш.
Шунга хафа, гапирмас,
Дардин ёрмас ҳеч кимга.
Ётаверди кечгача
Қасд қилиб муалимга.
Ётаверди кўнглига
Араз уруғин экиб.
Ўз-ўзича ғудраниб,
Ўз-ўзича энтикиб.
Ётаверди чой ичмай,
Четга сурди нонини…
Наҳотки бирон кимса
Сўрамаса ҳолини.
Ётавериб шўрликнинг
Қорни очар, зерикар,
Юрак чопиб қўчага
Деразадан кўз тикар.
Тенгқурлари тўп суриб
Ўйнашар экан шодон,
Чуқур ҳусиниб қўйди:
“Қасд қилиш ёмон, ёмон!”
МИХ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
– Тешиб ўтди ёғочни,
Темир учраб майишди.
– Шу экан аҳволи?
– Йўқ,
У қавмига қайишди.
КИМ ҚАНАҚА?
Даррозман деб жирафа
Ўзидан бўлар хафа.
Миттиман деб чумоли
Жуда ўйланиб қолди.
Семизман дея чўчқа
Овқат емади бошқа.
Қўрқоқман, деб қуёнча
Кўз ёши қилди анча.
Бўри қилиб вахший иш,
Энди кўзлар яхши иш.
Шум-да, иқрор бўп тулки,
Илк бор ўзидан кулди.
Фақат эшак нишҳўрд еб,
Ханграр “ақллиман” деб.
САХИЙ ХАЁЛПАРАСТ
Ер айланди,
Қиш пайти чақди чақмоқ.
Ва ёғди гупиллатиб
Қор ўрнига… музқаймоқ.
Зум ўтмай музқаймоққа
Кўча-кўй тўлиб кетди.
Дала-ю қир, боғ-у том
Музқаймоқ бўлиб кетди.
Ҳамма ялар музқаймоқ,
У етади барига.
Кўплар тўлдириб олди
Ҳатто папкаларига.
Музқаймоқ ёғаверди,
Гўё ёрда ҳали кам.
Музқаймоқни севишиб
Қолди мушукчалар ҳам.
Кучуклар ҳам тотинар,
Майли есин, етади.
Эртага қуёш чиқса
Бекор эриб кетади.
ФАЛСАФА
Ит мушукни кўрган дам
Еб қўйгудек ташланар.
Адоват бор минг йиллик,
Қайдам, кўнгли ғашланар.
Мушук эса эрта-кеч
Кун бермайди сичқонга.
Сичқонвой кўз олайтар
Қопдаги буғдой-донга.
Бу ҳаёт – кураш дерлар,
Умр қоришиқ жангга.
Алам қилар, кун бермаса
Ҳар ким кучи етганга.
СЎЗ ЎЙИНИ
Ким зўр?
Чиранаверма, Ботир,
Агар бўлсанг зўр, ботир.
Ана, қайнаган сувга
Қўлингни битта ботир.
Ҳайвонот боғида маймун
Конфет отдик битталаб,
Чўчайтирди битта лаб.
Қашиниб ҳўп кулдирди:
– Қўймаяпти бит талаб.
Нима ёқади ўзи?
– Сен яхшисан! Айтгандим шунигина,
Кетди қолди, қилганча шуни гина.
Қиз болага”ёмонсан, демайман-ку,
Сизга айтсам, ғалати шу Нигина.
Бу қайси фасл?
Бир пасда сочларим кетди оқариб,
Бобомдек қолдимми мен ҳам , о, қариб?
Яхшиям уй иссиқ, чопиб кирдиму,
Бир пасда ёшардим, бошдан оқ ариб.
Кимга қандай?
Баҳор ёмғир ёққани
Майсага энг ёққани.
Чумоли дер:
– Бас, офтоб
Чироғингни ёқ, қани…
Устоз ва шогирд
Бу доира, бу рубоб, буниси най, деди,
Чангни ҳам кўтар (устоз буни синай деди).
Машшоқ бўлиш осон эмас экан, дод дер шогирд,
“Вой, белим, (қаерга қўяй буни) синай деди.
Ёмғир ёққанда
Шифтдан сизиб томчилар,
Чак-чак этиб томчилар.
Хона ҳовуз бўп кетди
Қаердасиз “томчи”лар.
МЕҲНАТ ҚУРОЛЛАРИ БАҲСИ
(Болаларга)
БОЛҒА
Дангаса деманг мени,
Мен ҳар ишда чаққонман.
Бултур бир қоп ёнғоқни
Битта ўзим чаққанман.
Бир қоп ёнғоққа, э-ҳе,
Қанча одам тўймоқда.
Мих дейсизми, болтавой
Ўзи қоқиб қўймоқда.
ОМБУР
Хато қилса болғавой,
Хатосин тузатаман.
Қийшиқ михни суғуриб,
Тўғрилаб узатаман.
Икки жағим – бойлигим,
Иш кўп, улгуриш керак.
Ёрдамлашиб юборинг,
Михни суғуриш керак.
ЧЎКИЧ
Менга қаттиқ ер беринг,
Тошлоқ бўлса ҳам майли.
Кўп нарсага қодирман
Мугузларим туфайли.
Аммо ўксиб кетаман,
Хаёлга келмас нелар.
Нега қўлимдан фақат
Бузиш, қўпориш келар.
ПАНШАҲА
Хашак ўрса ўроқвой,
Йиғиб, ғарам қиламан.
Бундан ташқари сабзи
Қазишниям биламан.
Уй-рўзғорларга қарашиб,
Ёзу қиш ишим “беш”да.
Буёғин сўрасангиз
Бармоқларим ҳам бешта.
БЕЛКУРАК
Сопимдан маҳкам ушлаб,
Ўнг оёқда босасиз.
Ерни беллаб, белингиз
Чигилин ҳам ёзасиз.
Ишдан қочган номарддир,
Аммо тошларга урманг.
Синдириб қўйиб мени
Қўшнидан сўраб юрманг.
КЕТМОН
Экинларни юмшатиб,
Ҳаттоки лой қараман.
Бекор турмай овулга
Ҳашарга ҳам бораман.
Мен деҳқонга мададкорман,
Меҳнат қилиб толмангиз.
Юзимга оёқ босиб,
Пешонангиз ёрмангиз.
АРРА
Шохми, дарахт ё тахта
Шарт-шурт арралагайман.
Ҳушёр бўлинг, қўлингиз
Йўқ-са яралагайман.
Уста дурадгор билан
Ҳали кўпдир ишларим.
Тишларимми, темирдан
Оғримайди тишларим.
ЎРОҚ
Нимага қиёс этдинг,
Ўхшайманми сўроққа.
Гап-сўзни қўй, ёз келди,
Қани кетдик ўроққа.
Ҳозир ҳашак ўрмасак,
Занглаб чекаман азоб.
Ўшанда саволимга
Не деб қиласан жавоб?
БУ ҚАНАҚА ҚУРОЛ?
Ҳой, супурги, челаквой,
Нуқта қўйинг баҳсга.
Бошга сувлатта ўраб,
Тушиб бераман рақсга.
Сув, супурги кўрмасдан,
Роса ўчибди ранги.
Баҳонада полнинг ҳам
Артилиб қолар чанги!
Ҳар ишни ўйнаб-ўйнаб,
Бажарса бўлар, билинг.
Қани, ўйнаб сув ташиб,
Ўйнаб-ўйнаб супуринг.
ҚОШИҚ
Мен овқатга яралдим,
Овқат бўлса, яхшиман.
Коса билан оғизнинг
Ўртасида таксиман.
Ош-шўрвадан чиқмас бош,
Сўзламангиз одобдан.
Шу десангиз, ҳеч татиб
Кўрмадим-да кабобдан.
РАНДА
Силлиқ қилдим дераза
Ромига мос тахтани.
Қўйсам бўлади энди
Тилим билан мақтаниб.
Дурадгор тиним билмас,
Ишга қўшиб илмни.
Мен ҳам довруғ қозондим
Маҳкам тутиб тилимни.
ТЕША
Қариндошман кетмонга
Болта яқин оғайним.
Чўкич поччам, белкурак
Менинг энг новча қайним.
Иш кўп, йўнаман ёғоч,
Юмшатаман экиннни.
Ишламасанг, йўлдан қоч,
Ёқтирмайман текинни.
ҚАЙЧИ
Тикувчидан розиман,
Авайлаб ишлатади.
Боласига ўрган деб
Дастамдан ушлатади.
Мени кўрса болалар
Чимиради кўзуқош.
Норозиман, ишлатмай
Қўйса мени сартарош.
ЧЕЛАК
Илҳом келса чилдирма
Қилиб чалсанг бўламан.
Ёмғир ёғса бошингга
Ёпиб олсанг бўлади.
Аммо касбим бошқача,
Мен рўзғорга керакман.
Сув ташийман эрта-кеч,
Тешилсам ‒ сув элакман.
ОБДАСТА
Бошимда дўппию
Тилим бир қарич.
Бир қўлим белимда,
Кўкрак кераман.
Ва лекин меҳмонга ,
Минг қуллуқ қилиб,
Қўлига қуйиб сув
Меҳрим бераман.
ОТАШКУРАК
Ёзда қишлаб, қиш пайти
Печ ёнида ишлайман.
Ловуллаб турган чўғни
Бармоғимда ушлайман.
Печ пенсияга чиқса ҳам
Қадрим баланд ва тенгсиз.
Кабобпазлар кабобни
Пишира олмас менсиз.
ХОКАНДОЗ
Оташкурак акамдир,
Асли ҳасан-ҳусанмиз.
Ватандир ‒ўчоқбоши,
Наф келтирсак ҳурсандмиз.
Оташ билан ёнма-ён
Ўйнайман, кулоламан.
Акам қўрқмай ўт ёқса
Эринмай кул оламан.
ЛОМ
Мен даррозман, учлиман,
Билсанг, мени лом дерлар.
Қаттиқ ерга устунни
Чуқурроққа кўм дерлар.
Бетонларни тешаман
Тилим ‒ ўткир уч билан.
Бир, икки, уч… Сиз, қани
Мени уринг куч билан.