1974 йилда туғилган. Андижон Давлат университети ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Андижоним менинг”, “Талаба таронаси” тўпламларида шеърлари чиққан. “Ой билан суҳбат” номли шеърий тўплами муаллифи.
Осмоний шарар
Яна таом тагига олди,
Таъналарга қолгум муқаррар.
Яна шеър ўз кўйига солди,
Тинч қўй мени, осмоний шарар.
Юрагимга суқилар яна
Ханжар каби совуқ бир нигоҳ.
Бўғзимга сўз тиқилиб, мана,
Кўзларимдан сизиб чиқар, оҳ.
Тинч қўй мени, осмоний шарар,
Турмушимга ботқоқдай – ботай.
Сенсиз куним ўтмаса агар
Саҳроларга бош олиб кетай,
Десам Мажнун эмасман, ахир,
Маҳкума бир аёлман, нетай?
Тинч қўй мени, осмоний шарар…
Интизорлик
Келмайсиз, кўзимга изтироб
Суратин жо айлаб кетганча.
Хаёлда кезиниб хушу хоб,
Юракни безовта этганча.
Ҳазинлик тарк этмас дилимни,
Кўздан ёш боладай югурур.
Исмингиз банд айлаб тилимни,
Қўлимдан ишимни тушурур.
Қийналдим, эзилдим, чарчадим,
Сиз йўқсиз-рўзғорим бефараҳ.
Кундузим безиё, тунлар жим,
Гумонлар тахланар таҳ-батаҳ,
Бечора ақлимга тасанно,
Мажнуна кўнгилни юпатар.
У ҳам зор, тўсиқлар бор, аммо,
Ўксима, барибир, у қайтар.
Қайтдингиз – соғинчдан сўзлаган
Кўзингиз оловдир, чақиндир.
Кулбамга ёғилди дур – маҳзан,
Қалбимда қандиллар ёқилди.
Кўзёшимга чўмилса дунё
Юракни тарс ёргудай тилсим –
Қароғларга қалқиган маржон.
Мени тушунсанг-чи, севгилим,
Афсус, шунча ширин экан жон.
Истаганда тўлиб йиғлолсам,
Кўзёшимга чўмилса дунё.
Хазонлардан дарахт йиғолсам,
Ўзим унга айлансамми ё?
Мендан кўнглинг тўладими, айт,
Совуқ тунни берсам иситиб?
Тузиб берсам туркона шоҳ байт,
Ҳарфларин дил қонимдан битиб?
Гул юрагим йиғлайди сим-сим,
Мени тушунсанг-чи, севгилим!
Дуолар чиқади тилимга
Руҳимнинг устуни синиб қолмасин,
Кўксимдаги қумрим тиниб қолмасин,
Кўзларим зулматга кўниб қолмасин,
Ота, тушларимда йўқлаб туринг гоҳ!
Бодроқдек сочилар хаёлим, сабрим –
Тилимга дуолар чиқади бодроқ.
Асранди боладай мунғаяр қадрим,
Ота, тушларимда йўқлаб туринг гоҳ!
Оддий сўзларингиз дуоларга тенг,
Сиз берган ўгитлар тиллоларга тенг,
Борлигингиз Маккатиллоларга тенг
Эканлигин жуда кеч билдим, э воҳ,
Ота, тушларимда йўқлаб туринг гоҳ!
Куйган юрагимда ягона малҳам –
Тилларимда дуо, кўзларимда нам,
Раҳматига олсин Яратган Эгам,
Ота, тушларимда йўқлаб туринг гоҳ!