Мухтасар 1975 йилда Фарғона вилояти Учкўприк тумани Катта қўштепа қишлоғида туғилган.
1998 йилда Фарғона Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
“Тавоф” номли шеърлар тўплами чоп этилган. Айни пайтда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ёшлар” телерадиоканалида муҳаррир вазифасида ишлайди.
* * *
Қушлар куйлаганда руҳи шонимни,
Майсадай саловот айтган онимни,
Атиргул қафасин ёрган жонимни,
Ҳадя қилай десам кўнгилдошим йўқ.
Қуёш теграсидан чиқиб кетарга,
Дилсизлар ҳукмидан олис сафарга,
Мени мен истаган йўлимга, зорга
Элтиб борадиган чўнг бардошим йўқ.
Уч бор тақиллаб ўтдим ойнани,
Эшик, айвонларин кўринг дунёнинг.
Қайга шошилмоқда шунча сарсони
Манзилдан бохабар гулу тоши йўқ.
Ўлан айтганида мезон барглари,
Мени йўқлармикан қўҳна дардларим.
О, менинг борлиғим – дил кўкатлари,
Сизлар бўлмасангиз ёзу қишим йўқ.
Эртами ё кечми бир кун англарим,
Мени чорлагайдир мангу тонгларим.
Кечиринг,эй жигар – қадрдонларим,
Афсус, вафо қилар кўзу қошим йўқ,
Ҳадя қилай десам кўнгилдошим йўқ.
ШОИРГА
Ҳар дам
бир маромда тебраниб
олам чизиқлари руҳимдан ўтар.
Ногоҳ ўчиб қолди бир зиё ,ёҳу,
Энди офтоб ўтар, бошимдан ўтар…
Кетдингиз,
сўз мулкин инжа гулларин
Мисраларга тизиб шодон кетдингиз.
“Она халқим, жоним Туркистон!” дея
Ёниб куйлаб, куйиб нолон кетдингиз.
Дил куяр,
Тутайди ўкинч,аламлар.
Сўз дорин остида кўринмас ҳеч ким.
Қани, қаердадир мардона ғамлар,
Ва дадил сўрамас: “Рауф Парфи ким?”
“Фалакка санчилиб қолган сўзим бор”,
Деган жасоратни кўрдингиз қачон?
“Оҳ, шоир қисмати , Бир Сўзни излар”
Бир Сўзнинг ишқида жон берар шодон…
Йўлин тўсганларга қўлини берди,
Дилсиз “дўстлари”га дилини берди,
Кечирди панд берган барча ёмонни,
Бироқ, кечирмади элга ёлғонни!
Мангулик сафари ҳақ эди унга,
Ҳамон нолалари бағримни ўртар.
Ногоҳон бир юлдуз порлади тунда,
Қачон офтоб ўтар, жонимдан ўтар…
* * *
Кўнгли паришоним, яна келдингми?
Халқ қўшиғидан
Мен нега йиғларман сочларим ёйиб,
Олис йўллара термулиб, сарғайиб,
Қайси ошиқ ўтган дийдора тўйиб,
Кўнгли паришоним, яна келдингми?
Сен нега кулгайсан куйган жонима,
Сарвигуллар соя солган ҳолима,
Бормадим-ку, ўзинг келдинг ёнима,
Ишқи йўқ забоним, яна келдингми…
Қўқон йўлларинда Тошкан тошлари,
Мени қайси йўлларига бошлади,
Бир бор суйиб жаҳаннамга ташлади,
Бўғзима бу жоним, яна келдингми…
Мен бир қушман, олис-олис кетарман,
Кетсам жонинг сўрмай олиб кетарман.
Ишқинг оташида ёниб битарман,
Қасдима олғоним, яна келдингми…
Эмди келмоғинг на, кетмоғинг надир,
Мен сени билмасман битмоғинг надир,
Ўзда йўқ ғавғони сотмоғинг надир,
Тўлса-да паймоним, яна келдингми,
Кўнгли паришоним, яна келдингми…
* * *
Мен узоқ яшадим…
Шу бугун билдим,
Минг бир хил ғавғони ошаганимни.
Раҳматли отамнинг чопони янглиғ,
Ҳокисор дўстлардай сокин жилмайиб,
Ҳаёт кифтига қўл ташлаганимни.
Мен узоқ яшадим..
Қадамим санаб,
Қай кун ғанимим ҳам адашиб кетган.
Кўзларимда қотган аччиқ ёшларим,
«Отасининг қизи» деган бобомнинг,
Нафасидан эриб шалола битган.
Мен узоқ яшадим,
Нега кам билдим,
Онам ёпган ноннинг тафти, қадрини.
Бугун тошларим бор кўксимда оғир,
Ҳар бурда нонимга қўшиб еяпман,
Дўстларим тутқазган дашномларини.
Мен узоқ яшадим,
Узоқни кўзлаб.
Тобора умримни ёндирди шафақ.
Толиқиш нимадир, енгилмоқ нима
Буни қайсар кўнглим билмади фақат.
…Ҳамон яшаяпман бешафқат!
СИЗГА…
Сизми…
қошим қаролигидан
ойдинларни соғиниб кутган.
Икки кўзим оралиғида
зиё истаб зор бўлиб ўтган.
Сизми…
кўзим гавҳари каби
сирларимнинг шайдоси – гадо.
Сочларимдай товонимгача
етолмаган бир умр адо.
Сизми…
бурним чимдилаб ўтган
шаббодага малоллар қилган.
Икки лабим япроғидаги
новвотми деб хаёллар қилган.
Сизми…
“Аросат” деб аталган
бекатлардан кетолмайдиган.
Изларимдан уч кунда келган
чумолини тутолмайдиган.
Тирноқларим гул барги мисол
Титроқлардан тўкилмайдирлар.
Сиз-шеър дейсиз, булар шубҳалар
Шубҳани ҳам ўқигаймилар…