Муслим Мусаллам (1986)

Муслим Мусаллам 1986 йили Наманган шаҳрида туғилган.
Шеърлари вилоят, республика наширларида эълон қилинган. “Келажак овози – 2008” ғолиби. Ёш ижодкорларнинг Зомин, Дўрмон семинарлари иштирокчиси.

* * *

Деразангда яна ўчди шам,
Дайди итлар инграган сахар
Ойналарга юзини босди,
Оппоқ қорни соғинган шахар.

Деразангда яна ўчди шам,
Дарахтларга қарадинг ҳомуш.
Оламдаги жами майсалар,
Яратганни кўрар эди туш.

Деразангда яна ўчди шам,
Юрагинга ғамлар чўкди тиз.
Ҳеч ким сени англай олмади,
Шамдай эриб бораётган қиз.

* * *

Тун қадаҳда сузилиб турар,
Оҳу чопиб тўймайди қирда.
Ҳудо шундоқ турган кўнглимни,
Бой берсама йигирма бирда.

Пойгакларда эзилди кўнгил,
Эриб битди илоҳий шамлар.
Тирноғимдай ўсиб бормоқда,
Тирноғимдай кичкина ғамлар.

* * *

Бу қирларда яшайди тарих,
Тулпорлари туёқ қоқарлар.
Синглимдайин мулойим маъсум,
Ҳўрсинади кунга боқарлар.

Ажриқлари ҳикматга молик,
Гъорларида яшайди хотир.
Томчи сувга маҳтал тошлари,
Эртасидан олар ҳавотир.

Пастлаб борар бунда одамлар,
Баландлашар қирларни қадди.
О бу қирлар не,не зотларни,
Айтолмаган энг буюк дарди.

* * *

Устоз Хуршид Давронга

Бўғзимда куйди сўз айтмоқ истадим,
Кўксимда қовжираб минг додим синди.
Наздимда олислаб бормоқда тоғлар,
Қирларга куниммиз қолгандай энди.

Ногоҳ бир тоғ ўсиб ёрди заминни,
Юрак фориғ бўлди аста доғлардан.
Ё Раббим биз каби ирмоқларга ҳам,
Оби ҳаёт оқсин буюк тоғлардан.

* * *

Сув қуяркан пушти гулларга,
Илдизига келтирай деб наф.
Китобларни кўтара олмай,
Кўнгли билан тўкилар шикаф.

Қалдирғочлар учар қайгадир,
Ҳаётига солмай нафис тус.
Центябр кирар ҳонага,
Креслодан турмайди август.

* * *

Ёлғизликда йиғладим юз йил,
Чинорларни кўксини силаб.
*Дормон*сендан кетаётирман,
Шавкат Рахмон умрини тилаб.

Кўксимдаги оғриқларимни,
Бир бор эшит,бир бора ҳис қил.
Аё Тангрим маним қалбимни,
Миллат деган сўзга эгиз қил.

Бисотингда минглион ҳил ранглар,
Менга бергин яшилдан,оқдан.
Фақат асра бу дунёда сен,
Шунчаки шеър айтиб кетмоқдан.

***

Кет дединг тишимни тишимга босдим,
Палтойим узатдинг нафрат билан сўнг.
Шамол эшикларни қарсиллаб ёпди,
Билдим тақдириммиз ҳеч келмади ўнг.

Менга алам қилди бу дунё ичра,
Шунча соддалигим,ҳоуру ҳаслигим.
Сен ахир билардинг икки дунёда,
Кет деган жумлани ёқтирмаслигим

* * *

Ёшим томди чумолининг сўқмоғига,
Силаб қўйдим мусичанинг патларидан.
Ватан деган бир табаррук гиёҳ унди,
Юрагимнинг қақраб ётган қатларидан.

Бу Яссавий,бу Кубронинг додимасми,
Кетавердим Ҳожа Ахрор ҳоки қадар.
Қаранг тангрим ватан сўзин тикиб қўймиш,
Юрагимни энг омонат чоки қадар.

Не замонлар,не урушлар,не ғавғолар,
Не нафаслар ютилмасдан ташта қолди.
Бешигида гўдаклари инграб,инграб,
Айвонида тикилмаган кашта қолди.

Ундан айро тутолмасман ҳеч ўзимни,
Азиз менга илонларни қолган пъости.
Кўкрагимни ерга бериб ётган эдим,
Мана бугун кўкрагимда Ватан ўсди.

Кузги оғриқлар

* * *

Тақдирлар тақдирга омонат экан,
Нигоҳлар, нигоҳда кетаркан эриб.
Шу бугун эришган соҳир лаҳзалар,
Эртага кетаркан соғинчин бериб.

Дунёлар дунёдан олар имтиҳон,
Кўнгилни четидан ўчиб кетар доғ.
Одамнинг умрига ўхшаб кетаркан,
Ярми яшил, ярми сапсариқ япроқ.

2008 йил куз

* * *

Тун. Ресторан одамлар гавжум,
Қадаҳларда чайқалар кўзлар.
Юрагимга қиларлар хужум,
Энг дахшатли,энг оғриқ сўзлар.

Ташқарида ўксинади куз
Нигоҳлардан тўкилар риё.
Ресторанда ўлтирар маъюс,
Одамлардан чарчаган дунё.

2009 йил куз

* * *

Атиргуллар кўриб сарин туш,
Қолиб кетди ишқ соҳилида.
Кўксимдаги пати тўзғин қуш,
Учиб кетдинг куз ёмғирида.

Қолавердим исминг шивирлаб,
Бунча ишқнинг ғамлари узун,
Кетмоқдаман боғлар оралаб,
Соябонни остида маҳзун.

Ташлаб қўймас шу ҳолда мени,
Куйган бўғзим тирнаб ётган дод.
Оламдаги бор майсаларни,
Бошларини силаб турган зот.

Сен қайғурма,сира чекма оҳ,
Айрилиқ бор ишқ охирида.
Фақат ўзга юракка ногоҳ,
Кириб борма куз ёмғирида.

2010 йил куз

* * *

Деразани бу ёғида мен,
Деразани у ёғи йўлак,
Ўртадаги омонат парда,
Тор ҳонада сиқилар юрак.

Япроқлари сарғарган ўрик,
Бир чеккада қимтинар кактус.
Деразани бу ёғи баҳор,
Деразани у ёғида куз.

2009 йи куз

* * *

Куз яна боғларда йиғлайди ёлғиз,
Ўриндиқни ювар ёмғирлар маҳзун.
Титраниб,титраниб турар бир япроқ,
Бунча соғич узун, айрилиқ узун.

Қайдадир шиллиқурт дили шилинар,
Чумоли саргардон тополмасдан ин.
Ёмғирда патлари синган мусчадай,
Сенинг дийдорингни соғинганим чин.

13.10.2012 йил