Муслим Мирзажонов (1984)

Муслим Мирзажонов 1984 йил 1 сентябрда Фарғона вилояти Риштон тумани Усмонобод маҳалласида туғилган. 1991-2001 тумандаги 39-ўрта мактабда, 2004-2010 йиллар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида тақсил олган. Турли мавзулардаги шеърлари, ҳикоялари ва мақолалари вақтли матбуотда мунтазам чоп этилади. 2007 йилдан буён “Ёшлар” телерадиоканалида муҳаррир ва радиобошловчи сифатида фаолият юритиб келмоқда.

КЎЗЛАРИНГНИ СОҒИНИБ…

Вақт ўтарми ёки бахт,
Армонлардан оғриниб.
Юрагимда йиғлар ахд,
Кўзларингни соғиниб.

Соддамидим, ғўрмидим,
Ё ғурури зўрмидим?!
Эшик чертиб бормадим,
Кўзларингни соғиниб..

Хижрон—сўқмоқ сўнги йўқ,
Армон тушдир, ўнгги йўқ.
Мажнунгман тенгги йўқ,
Кўзларингни соғиниб…

Тақдир, асли тумандир,
Ёзуғи ҳам гумондир,
Сарсон юрмоқ ёмондир,
Кўзларингни соғиниб…

Айтдинг, охир “Бари хал,
Айрилиққа етди гал”.
Нетай, дил сенга мақтал
Кўзларингни соғиниб…

Кўзингга тўймай кўзим,
Бўғзимда қолди сўзим.
Бугун Соғинчман ўзим,
Кўзларингни соғиниб…

14.07.2012

***

Кўзимга дард тўкилди туришларингдан,
Юрагим қоқ устида юришларингдан.

Нозингга дил розидир, сўзлар ҳайратда,
Гулғунча лабларингни буришларингдан.

Мен сени ким деб атай: Ширин ё Лайли,
Кўнглима Ишқ саройин қуришларингдан.

Хаёлим хур қушлари тузоғ ичрадур,
Сунбулинг хўп майдалаб ўришларингдан.

Асирлик ҳам битта бахт, озоринг роҳат,
Кўксима ғам ханжарин уришларингдан…

Юрагинг дарбозасин очдим кўп чертиб,
Меҳрнинг бўйи келар кулишларингдан.

Сирдошинг—саррин сабо этгай бохабар,
Муслимни ҳар кеча туш кўришларингдан…

16.07.2012

СEВДИМ…

Олис манзиллардан олислаб кетдим,
Излаб муҳаббатнинг харитасини…
Ўзиб азоблардан, орзуга етдим—
Боғлаб диллар аро ишқ риштасини,
Севдим сулувларнинг фариштасини…

Қисмат—ҳикмат экан, ҳикмат—бу ҳиммат,
Бахтнинг йўли узун, бозори қиммат.
Кўнглим дафтарига битдим гўзал хат:
Боғлаб диллар аро ишқ риштасини,
Севдим сулувларнинг фариштасини…

Қўлим узатмадим ҳар юлдузига,
Банди бўлмадим ҳам жоду кўзига,
Вале иқрорим бор, ёлғиз ўзига,
Боғлаб диллар аро ишқ риштасини,
Севдим сулувларнинг фариштасини…

Мажнун саҳролари—жаннатдир асли,
Бунда хоким мудом умидлар фасли…
Кўрдим тушлардаги оташ нафасли
Боғлаб диллар аро ишқ риштасини—
Севдим сулувларнинг фариштасини…

Ёруғ кўнгилларда ёруғ истак мўл,
Ёруғ манзилларга элтар ўнгу сўл.
Тангрим неъматига балки шудир йўл:
Олтин кўприк бўлиб ишқ риштаси ҳам,
Севди сулувларнинг фариштаси ҳам…

20.07.2012

ЁМҒИР…

Ёмғир – муҳаббатнинг кўхна шивири,
Соғинчни етаклаб келган бир сурур.
Пасаймас ҳисларнинг бир дам ҳовури,
Ховури пасаймай тўкилар ғурур.

Ёмғир пичирлайди.
Сени ўйлайман.
Томчилар – тўкилиб ётган ахдимиз…
Ёмғирга қўшилиб, унсиз куйлайман,
Томчилар – тўкилиб ётган бахтимиз.

Ёмғир севалайди.
Хаёл севалар.
Ўкинч ёғаётир забтига олиб.
Ховлида бегуноҳ гулни савалар,
Мен телба қолиб…

Ёмғир томчилайди.
Ҳисларим тошган –
Юзимга осмоннинг юзи тегади,
Кўксимда пешонанг изига тушган,
Томчилар буғланиб кетар, негадир…

Ёмғир эзиб ёғар.
Бахтсиз гулларнинг
баргига илинар кўкнинг жоласи.
Ёмғир – муҳаббати армон дилларнинг,
Кўхна бир сурурга дўнган ноласи..

КУН САЙИН…

Нигоҳинг қучоқлаб ётганим – тарих,
Мумтоз табассуминг кўзимдан нари.
Кун сайи кўксимдан улғаймоқда тиғ,
Сенга етаяпман кетганим сари…
Мен нима ҳам дердим. Дардларим тинглаб,
Агар омон бўлса, деворлар айтсин…
Меҳр қуёшида исиниб, сўнгра
Кўзларингдан кетган баҳорлар айтсин.
Булутлар…
Кўнглингдек оппоқ булутлар–
Лабимда буғланган кўзларинг ёши…
Кўксимдан бош олиб кетган юракдир,
Уфқни қизартирган шомнинг қуёши…

ҚИСМАТ ҲУКМИ

Сен кетдинг.
Мен кетдим.
Қолган – хотира,
Тўрт тараф йўл очди кетмоғимизга.
Биз бахтнинг элига яқин эдик, лек
Тақдир ҳеч кўнмади етмоғимизга…

Сен кетдинг кўнглингдан олис ерларга,
Мен кетдим елкамга дардларим ортиб.
Муҳаббат гуллари тўёмай нурларга
Қисмат баҳорларни олди-ку, тортиб.

Кўзингда армонли ўйлар музлайди,
Қалбимда қақшайди ҳоким тилаклар…
Энди дил не тилар, кимни излайди.
Недан таскин топар ғариб юраклар?

Тўрт фасл—баҳор, деб ўйлардик гўё,
Яшардик заррача қайғудан нари..
Мўлжални ноаниқ олганмидик ё,
Нишондан адашди орзу ўқлари.

Синган сознинг саси заиф ва ночор-
Кўнглидан чиққани махзун қўшиқлар.
Аросат чўлига бўлади дучор,
Олисга кўз тиккан не-не ошиқлар…

Мен кетдим.
Сен кетдинг.
Содиқ – фақат ИШҚ!!!

НАҲОТКИ…

Наҳотки, севги ҳам эрир бир шамдек,
Наҳотки, хонишдан зада бўлар най?
Кўнглимдан ҳайдалиб кетганим камдек,
Сен ҳам “кетинг” дейсан, ўйлаб-ўйламай.

Кўксимга оғриқлар йўл солар зумда,
Ҳайбатли тоғ мисол ўсар саволлар…
Бир умр ёмғирни туш кўрган қумдан,
Булутни қизғаниб, ҳайдар шамоллар…

Ишқнинг тақвимида байрамлар унут,
Белгисиз кунларнинг сўнгги кўринмас.
Сен, ишон, йўлдаги бахт карвонин кут,
Олисдан келмоқда ўша қадим сас…

Нафснинг қиёси бебурд чанг экан,
Бахт – асли, бир Тоза Дилга етганинг.
Дарди йўқ кесакдек холи танг экан,
Кўнглидан кўчага чиқиб кетганнинг….

ГУЛ…

Гул, сени севганим – гўзал гуноҳим,
Нигоҳларинг дилим мангу меҳмони.
Лабларинг ибонинг бўлса паноҳи,
Қабоғинг ҳаёнинг нафис таҳмони.

Энди ҳаловатнинг кўйлаги юпун,
Ранглари турфа хил туйғуларимнинг.
Энди соғинчларнинг куйлари узун,
Сўқмоғи узундир қайғуларимнинг.

Хижронлар – ўзимни унутган паллам,
Хаёлинг ҳасратлар гардин ювади.
Ҳатто юрагимни ташлаб берсам ҳам,
Тушимда кўчангдан итлар қувади.

Хилолга илган соф тилакларимни,
Гулобларга пишиб, тақдим етайми?
Ишқдан гуллаб кетган суякларимни,
Ё шартта синдириб, гулдек тутайми?

Гул, сени севганим бир гўзал гуноҳ,
Кўзларим барига сўзсиз жавобдир.
Бир куни энг нафис бўйинг етган чоғ,
Қувончдан мен ўлиб қолсам – савобдир!

* * *

Ноламдан висолгул унди бу кеча,
Кўнгилнинг бурчида фироқлар ёнди.
Юрагим танамга сиғмайди хечам,
Тушимда кўзингни ўпиб – уйғондим.
Оёғим Ойгача югурмоққа шай,
Юзимни шабнамнинг юзига босдим.
Гулнинг тиконига – қоним қуримай,
Бутун азобларни азоблаб осдим…
Юрагим соғинчдан кетганда толиб,
Таъбирини бахтга йўйгим келади,
Ўша ойдин тушда бир умр қолиб,
Ўнгимни унутиб қўйгим келади….

СОҲИР ТОНГЛАР

Хушбахт маконларда тириклик тошар,
Дилдан беиз тушдек ёйилар ғамлар.
Бугундан барокот топмоққа шошар,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Тоғдан баланд кўкси осмонга туташ,
Лафзни юксакда кўрган одамлар!
Ғайрат, шижоати хирмонга туташ,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Бир нақли – бир китоб! Сўзи озода,
Муҳаббатга меҳроб кўзи озода,
Имони, ҳам ризқу рўзи озода,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Меҳмонига интиқ тўрда жойи тахт,
Юзи каби иссиқ нону чойи тахт,
Қозонларга сиғмас оши, мойи тахт,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Саришта ҳовлига тушмай гарду чанг,
Дарбоза овози – янги кунга бонг!
Ғафлатни ғафлатда қолдирар ҳар тонг,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

Не топса, барини тўйларга атар,
“Болам” деб, бой бўлиб юрган одамлар!
Офтобни уйига кузатиб, қайтар,
Офтобдан илгари турган Одамлар!

ҚАРОКЎЗ ФАРИШТАМ

Сабрлар эриди тўзим тоғида,
Кўзларинг кўрар кун қачон айтасан?
Минг Мажнун туғилди ДАРД қучоғида
Қарокўз фариштам, қачон қайтасан?

Холимни адашган йўллардан сўра,
Водию, воҳаю чўллардан сўра,
Кўксимга тиғ урган миллардан сўра,
Қарокўз фариштам, қачон қайтасан?

Ҳар ёнда суратинг кўринар нуқул:
Гоҳ дилҳун найдасан, гоҳо майдасан.
Дард чўғи боримини кул айлади, кул…
Қарокўз фариштам, қачон қайтасан?

Бир жонга минг жафо—жафоинг гўзал!
Кўзимга нур бўлган сафоинг гўзал!
Тушдами, ўнгдами— вафоинг гўзал!
Қарокўз фариштам, қачон қайтасан?

Фироқнинг йўллари умримдан узун,
Ердами, кўкдами, айтгин, қайдасан?
Ўзимни ўзимга қайтармоқ учун,
Қарокўз фариштам, қачон қайтасан?

КEТДИ

Ёрим бугун ёнимга,
Келдию кетди.
Азоб қуриб жонимга
Келдию кетди.

Борим десам, жилмайиб,
Юракни қилди майиб,
Билмам кимда, деб айб,
Кулдию кетди.

Қизми бу оҳанграбо,
Балки хурдан хур Хумо?!
Ё макони йўқ сабо
Елдию кетди.

Хаёл бўлди бу чоғлар,
Қолдим девор қучоқлаб,
Хижрон деган пичоқ-ла
Тилдию кетди…

Ўнгми бу ё туш ширин?
Англай олмадим сирин.
Дилга Ишқнинг занжирин
Солдию кетди…

Қиз беқарор сўзига,
Таслим бўлди ўзига.
Мана, қайтиб изига,
Қолдию кетди…

15.07.2012

КУЗ

Заррин мезонларнинг карвони ўтар
Орзулар қадимий, азоблар янги,
Япроқ хўрсиниғи юракка ботар,
Кўнгилга кўчади заъфарон ранги.

Ўриндиқ устида тин олар шамол,
Энг сўнгги япроқни қулатмоқ ўйи,
Хазонлар остида тунайди хаёл
Дунё шовқинидан чарчаган кўйи.

Самода совуқнинг қора излари,
Фаслнинг кунлари битиб қолгандек,
Мезонга илиниб, шаффоф хисларим,
Шаҳардан қишлоққа кетиб қолгандек…

Дарахтлар суратга айланган тўзим,
Бирига юракни чирмаб бойладим,
Хазонлар остига аза тутмай, жим
Марҳум соғинчларни дафн айладим…

ҲАДИК

1

Ойдин кеча.
Ҳайҳотдек ҳовли.
Хаёлларим карвони узун,
Нима кечди Унинг аҳволи?
Нега бунча тўлғондинг узум?

Девор, менга бўзарма ортиқ,
Юзинг баттар кўчиб кетмасин.
Хилол , шошил, айвонига чиқ,
Ва аста айт, ортиқ кутмасин.

Гъунча , қўйгин, буриштима лаб,
Санчма менга баргинг қиёқгул!
Таъна қилма насим шивирлаб,
Соғинчларим омон ,ҳартугул.

Қулоқ қизир лов-лов ўт бўлиб,
Олислардан гулқарғиш уқдим,
Асли беайб кўзга термулиб,
Гуноҳ қилиб қўйишдан қўрқдим!!!

2

Ҳижрон бизга жудаям таниш,
Висол эса бироз бегона,
Менга керак ёниш, ўртаниш,
Сенга нима керак, ягонам?

Эй, киприги шабнам қучган гул!
Мен телбани севиб нетардинг?
Агар соғга берганингда қўл,
Осмонларга чиқиб кетардинг…

Майли, мени қарғагин тўйиб,
Ортиқ гуноҳ олгим келмайди,
Борсам, қучиб, ўлдириб қўйиб,
Уволингга қолгим келмайди!

ДЎСТИМГА ДEГАНЛАРИМ

Майда-чуйда гаплар қурсин, юргин, дўстим,
Қайлардадир ғамдан холи жой бўлади.
Дардларингни келгин, менга бергин, дўстим,
Икки ўн беш бир ўттиз бир ой бўлади.

Эккан уруғ бўй чўзмаса ҳамалида,
Қонуният пуч бўлган тош-тамалида,
Ёзғирмоқдан не наф, чунки амалидан
Кимнинг лаби қон, кимники мой бўлади.

Демишларки, хуш каломдан йўқ осони,
Шундан обод эмиш кўнгил хиёбони.
Сўз-ла олган бордир Хитой-Хуросонни,
Лек қаламга ниш жойланса, ёй бўлади.

Дўстим, кулма, бошини соч тарк этган кал
Қанча тароқ тақдирини этгандир ҳал.
Туёқлари шалвираган тулпор аввал,
Ерни чангу тўзон қилган той бўлади.

Қиш қуёшин алдовига учган бодом,
Эртасидан эрта жудо бўлар мудом.
Ўз қавмини ўзи ғамга солган одам
Лек маймунлар аҳволига “вой” бўлади.

Капалакнинг Ватани Гул! Ҳаммага чин,
Япроқ тупроқ, гар мангуга олганда тин.
Кунлаб, ойлаб, самоларда сузсин, лекин
Гъоз, ўрдаклар юрти кўлу сой бўлади.

Қўлимда бир пиёла чой (кўнглимга тенг)
Сенга тутмай, тўксам ерга лой бўлади
Дилида соф Ишқи бўлган, дунёда энг
Бой бўлади, бой бўлади, бой бўлади!!!

БИР ЙЎҚСИЛ ҲАҚИДА МИТТИ АФСОНА

Қайлардадир битта йўқсил ўтган экан,
Лахм-гўштдан ётдай бўлган дошқозони,
Товонидан қўним топган ҳамма тикан,
Мою ошни кўрмаганмиш ошқозони.

Бир сония ўз жонини ўйламапти,
Минг йил ишлаб, охир мою ошга етган.
Лекин тақдир бечорани сийламапти,
Таомидан суяк чиқиб, бошга етган…

МEНИ ТУШУНМАЙСИЗ

Билсангиз, ошиқлар бўлмаслар золим,
Айтинг, нечун мастман бир қултим майсиз?
Сира юлдузларда эмас хаёлим,
Мени тушунмайсиз, мени билмайсиз.

Тун-кун нигоҳингиз кўзимдан оқар,
Маҳзун сийратимни оловсиз ёқар.
Азоблар дилимга тош бўлиб ёғар
Мени тушунмайсиз, мени билмайсиз.

Биламан осмондай димоғингизни,
Капалакка берган сабоғингизни
Бир зум кўтармайин қабоғингизни,
Мени тушунмайсиз, мени билмайсиз.

Кўксимда оғриқлар қоялар бўлган,
Қоялар қоп-қора соялар бўлган,
Соялар дардимга доялар бўлган
Мени тушунмайсиз, мени билмайсиз.

Кулгучингиз ҳаққи дилда ишқ лим-лим.
Ёввойи фироққа эмасман таслим,
Қандоқ азоб берай, ахир, мен Муслим,
Мени тушунмайсиз, мени билмайсиз

Қарони кўрганман, оқни танийман,
Текисда юрганман, чоҳни танийман,
Сизни, ўзимни ва Ҳақни танийман,
Қачон тушунасиз, қачон биласиз?..

ОЙҚИЗ

Йиртилгандир халоватнинг кўйлаклари,
Юлдузлар бу унинг ўтли бўлаклари,
Кўпдир ҳали айтилмаган тилакларим,
Хуш ифори деворидан ошган ойқиз,
Юрагини юрагимга қўшган ойқиз.

Бўй-ку, майли, нигоҳ етмас деволлари,
Садди Чиндек келар бисёр заволлари.
Тутмайдими сарсон юрак уволлари,
Лабларида ноз- фироғи жўшган ойқиз,
Юрагини юрагимга қўшган ойқиз.

Сирдошлари тунда юлдуз, ойлар эмиш,
Белларида қирқ кокили сойлар эмиш,
Лабларини қаро холи пойлар эмиш,
Кулгучидан кулгулари тошган ойқиз,
Юрагини юрагимга қўшган ойқиз.

Кўчасидан ўтсам, сирли ҳандон отиб,
Қўяр кўзим эшигига банди этиб,
Девор экан, осмон бўлсин, ошай тиб,
Бир бўсамсиз ўн саккизга шошган ойқиз,
Юрагини юрагимга қўшган ойқиз.