Мушкин (1903-1976)

Мушкин (Ҳусанхон Абдулхайрхонов) 1903 йилда Тошкентнинг Ялангқар маҳалласида туғилган. Эски мактабда таълим олган. Шоир Мискиндан шеърият сирларини ўрганиб, Камий, Хислат каби шоирлар даврасида, ижодий суҳбатларда қатнашган.
Навоий, Машраб, Фузулий каби улуғ шоирлар ижодмни ҳурмат ва ихлос билан ўрганган.


ТОШКЕНТДАДИР

Эй биродарлар, келинглар, ошно Тошкентдадир,
Ҳар кишининг истаги, ҳар муддао Тошкентдадир.

Шаҳду шаккардан ширин лаззатда ҳар хил меваси,
Катта-катта боғу роғ хушҳаво Тошкентдадир.

Олиму фозил, заковатли кишилар беадад,
Бир-биридан нуктадон ақли расо Тошкентдадир.

Ишламоқда эрта-кеч ҳозиқ табиблар, офарин,
Бўлса дарди бедаволарга даво Тошкентдадир.

Танга дармон бахш этарда нозанинларни кўринг,
Кексаларга сарвқоматлик асо Тошкентдадир.

Барча атрофу шаҳардан жалб этиб тортмоқ учун
Бағри кенг, меҳмоннавоз, меҳри гиё Тошкентдадир.

Ўзбекистон аҳлига олий муборак пойтахт,
Муҳташам зўр шону шавкатли бино Тошкентдадир.

Маърифатга бир макон бўлди ажойиб юртимиз
Деса бўлгай эмди Мушкин кимё Тошкентдадир.


ОТА ҲУРМАТИ

Эй, азиз фарзанд, нечоғлиқ қадрдонингдур отанг,
Шафқату ҳам марҳаматли меҳрибонингдур отанг.

Лойиқи ҳурмат, итоат ҳам азизу мўътабар,
Қиблагоҳинг, хайрихоҳинг, танда жонингдур отанг,

Кеча-кундуз тарбият айлаб камолингни тилаб,
Беғараз, холис дуогўй посбонингдур отанг.

Кўзда нуринг, белда қувват ҳам суянчиқ тоғ ўлуб,
Мавж уриб юрган томирлар ичра қонингдур отанг.

Қил тафаккур, яхши ўйлаб кўкдаги юлдуз эсанг,
Бағрига юлган шарафли осмонингдур отанг.

Яхши ният бирла тун-кун фикр-зикрингда бўлиб,
Қалбида меҳринг турарга бир маконингдур отанг.

Сол назар Мушкин чуқур ҳар бир муаммоларга ҳам,
Маслаҳат бергай ҳамиша нуктадонингдир отанг.


ИНТИЗОР ЎЛДИМ

Начук бир келмадинг, эй лайливаш ёр, интизор ўлдим,
Фироқинг ичра қолгач бир ажаб Мажнун шоир ўлдим.

Қиё бир боқмадинг ҳолимға найлай марҳамат айлаб,
Қолиб ҳажрингда доим телбаю девонавор ўлдим.

Хато айлаб вафосизларга бердим ихтиёримни,
Кетиб ақлу ҳушим қўлдан букун беихтиёр ўлдим.

Васли ёр истаб тинмайин ишқида зор йиғлаб,
Қарорим қолмади бир лаҳза ҳам, кўп беқарор ўлдим.

Югурдим ҳар тарафларга кўрай деб ой жамолингни,
Хижолатман кўролмай, гоҳ йўқман, гоҳ бор ўлдим.

Жаҳонга келдиму кўзни очиб аввал сени кўрдим,
Аёғинга сурай деб юзни Мушкининг ғубор ўлдим.