1958 йилада туғилган. Тошкент Давлат маданият институтида таҳсил олган. “Муҳаббат йўли”, “Эл фарзанди”, “Олтин бешик”, “Мунис нидолар” шеърий ва насрий тўпламлари чоп этилган.
* * *
Мунисгинам она ҳаёт, қўлларингни бер,
Этакларинг манглайимга тўтиё қилай.
Кўзларингни кўрай, ахир, улар нима, дер,
Оппоқ, нурли сочларингни биргина силай.
Тўққиз юз минг темир эшик хизматда бўлган,
Ғайбий етти девор ичи бўлса маконим,
Забт этишнинг илинжида кимдир сўраган
Ва кимлардир ишқ ўтида бўлса сомоним.
Мукаррамам, она, ҳаёт йўлларингни бер,
Сендан ўтиб келақолса, майли, мен рози.
Кўзларингни кўрай, ахир, улар нима, дер,
Мен ўзимни сенга бердим одил тарози.
* * *
Маънавият – қалбнинг қуёши
Нурлантирар умр йулларин.
Эзгулик – соғинчнинг йўлдоши,
Меҳр бўлар, узун қўллари.
Ҳайратида қушлар парвози
Осмонларда ибодат қилар.
Мезонларнинг учқур овози –
Муҳаббатдан яна не тилар?!
* * *
Мен ҳаммага дўстман, менинг дўстим йўқ,
Девона бир умид чарчади, толди.
Хазонрез боғларнинг ками-кўсти йўқ,
“Мевалар…” ер билан бир бўлиб қолди.
Хазон қучоғида барқ урар хумор,
Эҳтирос майсадан гуллар тутади.
Бетоқат ҳаяжон минг йилдан буён
Ўзини унутиб, кимни кутади?!
Мен ҳаммага дўстман, менинг дўстим йўқ…
* * *
Сиз билан умрим,
умидим,
орзуим,
йўлларим,
қўлларим
боғланди.
Бир муштдай юракнинг
ҳужайралари
сизни деб яшашга
чоғланди.
Омонат дунёмнинг
устунлари-ла,
кўтаргансиз қад,
Сизсиз тасаввурнинг
телбавор дунёси:
муваққат,
муваққат,
муваққат…
* * *
Ўз уйингда қадр топиб, учиб кетяпсан, қушчам,
Самолардан не сир топиб, учиб кетяпсан, қушчам.
Бахт, ахир, энди кураш, ўзгинангни чоғлаб тур,
Бир азобни, бир қувончни қучиб кетяпсан, қушчам.
Учирма қуш бўлганларнинг тилаклари бўлсин ёр,
Ихлос билан манзилларни кўзлаб учаётган пайт.
Хаёлларнинг уммонида дуру гавҳарларинг бор,
Уфқларнинг қонашиму чеҳрангдаги лола байт?!
* * *
Оёғим кўмган тупроқ –
Тўрткўлим, беназирим,
Хаёлдан кетмас бироқ
Орзудаги тақдирим.
Мунаввар тонг бошимга
Нурларинг гулчамбар қил,
Эгизмиз-ку, қошингда
Мен, яна мунаввар дил.
Унда яшайди майса –
Ўзбекистон баҳори,
Дил туғёнинг камайса,
Муҳаббатдир оҳори.
Унда яшайди малак –
Кўкларнинг фариштаси,
Бўлаверсин жонҳалак,
Ишқ-дилнинг сариштаси.
Унда яшайди орзу –
Ўзин топмаган имкон,
Бўл, ахир, тош-тарозу,
Шу қизингга, онажон!