Мунаввара Қурбонбоева 1971 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг рус филологияси факультетини тамомлаган. “Келдингми, баҳор”, “Жайҳун чечаги”, “Зангори шамоллар” шеърий китоблари чоп этилган.
ТАЪЗИМ
Одам ерни макон тутгандан буён
Олган устозларнинг хўп таълимини.
Ой, қуёш мударрис, мураббий жаҳон,
Кун ва тун энг кўҳна дорилфунуни.
Шаксиз шамс ва қамар буюк мураббий,
Лек ғамхўр бўлолмас улар сиз каби.
Бепоён чўллару саҳрода йитиб
Кетмоқлик даҳшатин карвонлар билар.
Йилт этган юлдузнинг ёғдусин кутиб,
Илҳақ инсон бахти юлдуздек кулар.
Зуҳро ҳам одамга шаксиз муаллим,
Лек сиздек меҳрдан беролмас таълим.
Фасллар алмашар беришиб сабоқ,
Жазирама, совуқ, ёмғирдан, қордан.
Кулгу мавсумидан ғам фасли узоқ,
Кўнгил водийсида ҳаёт — баҳордан.
Фасллар анжуман қургайлар — базм,
Қишда наср дарси, Баҳорда назм.
Йиллар залворидан чеҳраларда из,
Синовлар орқали олар имтиҳон.
Эзгулик букилар, лекин букмас тиз,
Йилларга толибдур ошуфта бу жон.
Умр ҳам устоздир турфа фанлардан,
Яхшиликни сиздан ўрганар одам.
Майса ва қушлардан уққанларим бор,
Садоқат, вафони, муҳаббатни ҳам.
Капалак эмасдир сиздек ғамгусор,
Энг олий туйғулар фақат сизда жам.
Табиат одамга устоз азалдан,
Лек сиздек жоннисор бўлолмас у ҳам.
Устозлар, тоғлар – тоғ, буюклар – сизсиз,
Дунё минбарида соҳиби билим.
Ҳаётим сиз ёққан ёруғ, нурли из,
Узолмасман балки бир умр қарзим.
Қаршингизда толиб башар ҳам ҳамон,
Боқийликни сиздан ўрганар жаҳон!
КИМДИР
Мен баҳорга энтикдим,
Юрагимга гул тикдим.
Қачон келар экан деб,
Ҳар кун манглайда кафтим.
Ҳар бармоғим букканда
Тўкилибди кунларим.
Мен кимнидир кутганда
Унутибди кимларим.
Ҳаёт ўзи шу экан –
Кимни деб умринг ўтар.
Кимдир букиб бармоғин
Умрбод сени кутар…
РИШТА
Сен учун совурдим бойлигим – вақтни,
Йўлингга кунларим тўшадим бир-бир.
Қурбонлик атадим лаҳзамни – нақдни,
Умримдан бир бора сўрамай узр.
Кунларга кўрсатдим турфа нағмалар,
Унинг дийдорисиз кетмайсиз, дедим.
Куздан талаб қилдим инжа ғунчалар,
Баҳорда сокин куз ҳажрини едим.
Фироқ қозонига йиллар масаллиқ,
Мўл қилиб қовурдим аямай-нетмай.
Ҳижрон капгирининг бандин, ақалли
Қўймадим қўлларим қавариб кетмай.
Юрагим селини доғладим ёғдек,
Тановул қилсанг, деб, жигар “жиз”ини.
Зиравор – кўнглимнинг заҳми – камроқдек,
Ростладим кўзёшим билан тузини.
Кўнглим кўчасини айлаб саришта,
Вафо гули билан қўйдим супуриб.
Қалбим уйин сақлар мисли фаришта:
Садоқат ва соғинч соқчидек туриб.
Кунларни шу тарзда айладим қатл,
Йилларга ҳам раҳм қилмадим шундай.
Фидолик илмига толиб бўлди дил,
Ишқдан ўзга оят учди тутундай.
Лек бугун ҳайронман: сенгами ёки
Ўзимга, умримга қилдимми жабр?
Аммо ишончим чўнг – бахтлиман, токи,
Менга ҳамроз экан шу буюк сабр.
Мумкин сенга қиё боқмаслигим ҳам,
Исминг ўгирсам-да тасбеҳлар мисол.
Ҳижронлар сен томон қўйилган қадам,
Сенга боғлиқ экан: фироқ ҳам висол!
БИЛСАМ
Хаёлимга торлик қилмоқда кунлар,
Лаҳзага қувончим бўлганидек тор,
Фасллар зарбидан қиличим синар,
Йиллар босқинидан қалқоним абгор.
Руҳимнинг ғилофи – вужудим ўнгиб
Бормоқда соатнинг “чиқ-чиқ”и билан.
Ранг бераяпман хотир упадонида
Қолган ёшлигимнинг гул юқи билан.
Асбоб-анжомимни итқитдим охир –
Ҳаёт қонуни бу тўзимоқ, йитмоқ.
Гулгун ранглар менсиз қолдилар сағир,
Гал келди кузларнинг чангини ютмоқ.
Рангдонимни олди соҳир мусаввир,
Баҳорнинг суратин чизаркан фақат.
Юрагимга ўйди мангу ёш тасвир,
Билсам, унинг исми экан муҳаббат…
ДАРС
Айрилиқ илмининг қоидалари
Менга жуда-жуда келади малол.
Айрилиқ машқини қилганим сари,
Сўнгакларим синиб, қурийди мажол.
Бу фанни ўқитиб моҳир устозим,
Қулфи дилинг борар кун-кун очилиб.
Саводсиз толибдан бўлиб норози,
Бехос дил дафтаринг кетар сочилиб.
Сочилган саҳфалар қилишиб исён,
Сенга хоинона кўтарарлар бош.
Азиз сирларингни олиб мен томон
Учарлар, юрагинг бўлади одош.
Ҳа, энди забунсан, соҳир устозим,
Илму амалинг ҳам кетиб борар дарз.
Гўзал битик экан учган қоғозинг –
Муҳаббат фанидан бераётир дарс.
КУЗГИ БОҒДА
Мунгли боғ, турибсан нечун мунғайиб,
Дарахтларинг маъюс, юпун ва ғариб.
Баргларинг борарлар сўлиб, сарғариб,
Келмаётир қушинг сени ахтариб –
Шу учунми, боғим, қолдинг мунғайиб?
Боғим, сен сарғардинг, кўзим қорайди,
Қорайиб-қорайиб йўлга қарайди.
Кўнглимдан не араз, кўзимдан не арз –
Дунё мени қисди, олам торайди –
Ичимда бир ёмон ғам тентирайди.
Сен – бир боғ, мен – тақир, кимсасиз ёбон,
Гулларинг – чаманзор, гулзорим – армон,
Сенга баҳор бордир, меники – гумон,
Сенга нажот бордир, мен унга зорман,
Менинг ҳолим ёмон, кулфатим омон.
Боғим, мунғаймагил, тургил чайқалиб,
Кузларнинг устидан бўлолгин ғолиб.
Ичимда бир ҳасрат ётар узалиб,
Бўғзимда дардларим кўксимни чалиб,
Қовурғам чанқовуз қилар андалиб.
Чанқовузни чалиб сенга қўнади,
Баргларинг ям-яшил куйга дўнади,
Ана шунда баҳор…
Баҳор унади!