1965 йилда туғилган. Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тугатган.
Айни кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи вазифасида хизмат қилади.
Унинг “Оила омонлиги тил билан”, “Қизларжон!”, номли публицистик рисолалари; “Дийдор”, “Сизга ўхшасин”, “Соғинч манзили” каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Қуёш
Ниҳол эдим, ундим,
сенинг тафтингдан,
Рухсоринг чизгиси
менинг кафтимда.
Суяман, ташнаман,
сенга етиш йўқ,
Куйди қанотларим,
энди кетиш йўқ.
Туннинг сиёҳидан
ёзаман эртак,
Ойдан кулча тилаб,
тутаман этак,
Бутун коинотга
бўлсам ҳам эрмак,
Йўқ, тарк этиш йўқ,
сендан кетиш йўқ.
Камалак жилоси
келтирар рашким,
Чақиндек ёнади
кўкингда ишқим.
Сен борсан, яшайсан,
токи, қиёмат,
Менинг бўғзимдаги
жоним омонат.
Интизор тонгингни
кутганлар қанча,
Васлингга етолмай,
ўтганлар қанча?!
Сенга етмоқ, куймоқ,
йиқилмоқ, ўлмоқ,
Бағри оташ, бағри тош –
қуёш…
Нега, оташларда
қовжираса жон,
Мунаввар атадинг
мени Художон?!.
* * *
Умримнинг ярмини вақтга едирдим,
Ярмисин қисматга этганман тортиқ.
Ҳаёт, мендан нима истайсан яна,
Бошқа бисотим йўқ, шулардан ортиқ.
Мен – улкан чинордан узилган япроқ,
Ҳаёт соҳилида кезган дарбадар.
Надомат ёйидан қочиб, югурган,
Нуҳ тўфонидан, Ҳаввога қадар…
Эй, ҳаёт ҳукмингга эгдим бошимни,
Мағфират этар деб маҳшар тонгида.
Умрим заҳмат билан йўғрилди, зора,
Бошим тик тутолсам, Ҳақнинг олдида.
* * *
Энди сени авайлашим керак юрагим,
Ҳузурингга зиёратга бораман ҳар кун.
Сенга атаб гул ўстирар кўзга авҳарим,
Кипригимни айвонимгга қиламан устун.
Энди сени, сен дейишга бормайди тилим,
Мен не қилсам, сени асрар бу руҳ қафаси.
Ҳол сўрайди: тонгда кўнгил, оқшомда дилим,
Сенга ором бериб турар олам нафаси.
Кўкни шафақ тўлғоғидан тутса ҳам безгак,
Асло, сенга йўлатмайман қайғу-мотамни.
Не бўлса ҳам, сен қибламда қолишинг керак,
Юраккинам, ахир, сенга кўмдим отамни.
* * *
Сени кўрмай, севиш осонроқ,
Сени билмоқ нақадар оғир.
Севиш учун кетайин йироқ,
Фақат менинг тушларимга кир.
Олис бўлдим, билганим сайин,
Тушунганда тун бўлди дилим.
Далли ишқнинг жазоси тайин,
Энди юрак бўлади тилим.
Сени кўрмай, севиш осонроқ,
Майли, ишқсиз оташда ёнсам.
Ўртанасан, тушингда кўриб,
Юлдузларга айланиб қолсам.
* * *
Юрагимда бир кўчки бор
кўчиб турар,
Озор топсам, бир четидан
учиб турар,
Жон юракнинг титроғидан
чўчиб турар,
Ўз-ўзимдан ҳол сўрашга
қўрқаман.
Гар мавжланса бўғзимдаги
туғёним,
Нураб битар тоғдан баланд
қўрғоним,
Кимга керак, сўнг, беюрак
фиғоним,
Ўз жонимни нимталашга
қўрқаман.
Қайғу-ҳасрат бағримни
ўртаган жон,
Топмай омон, қизил
юзим заъфарон,
Кўчса юрак, руҳим
қолса беимон,
Ул эгамдан кун тилашга
қўрқаман.
Кекса дарахт
Бир дарахт қулади, улкан эди у,
Қанча авлодларни кўрган эди у.
Шамолу бўронга кўксини тутиб,
Фидойи мардондек турган эди у.
Бағрига оларди, келса қари-ёш,
Гарданин тутарди учиб келса тош.
Шохига арғимчоқ солиб учганлар
Бугун вужудини этди нимталош.
Чуғурлаб қолдилар беин қушчалар,
Тумшуғида хаслар тишлаб қушчалар.
Ҳоли вайрон, энди борарлар қайга,
Қурган инларини ташлаб қушчалар?
Кўрки – салобати кимгадир малол,
Бўлмаса яшарди юз йил, эҳтимол.
Гўё ўзи қурган уйига сиғмай,
Қабристон ёнида йиғлаётган чол.
Дарахтни кесдилар, инграб қулади…