Мухтасар Тожимаматова 1975 йилда туғилган. Фарғона давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Тавоф” ҳамда “Кўнглим шуълалари” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.
* * *
Нима у қалбимни уйғотган оҳанг,
Нигоҳларинг аро сирғалган севинч?
Юрагим кафтига қўйдим юрагинг,
Атиргул мисоли очилди илинж.
Киприкларим узра эриди қайғу,
Елкангга бош қўйиб яйради кўнгил.
Эй, дунё, шунчалар дилгир бу туйғу,
Майлига, алдасанг шундай алдагил.
Бандаси тақдир, дер, жимгина кўнар,
Тангри эса қалбга тўлқин йўллайди.
Айт, қандай бу тўлқин довулларидан
Сенсиз ўтиб бўлар, ўтиб бўлмайди.
Юзимга сув урар ўтли нигоҳинг,
Қайси оламларга ўтдик адашиб.
Ортга қайтгил, дерлар, қайтолмам, ахир,
Кўнгил қўймайдилар, ахир, кенгашиб.
Гарчи умидсизман. Хаёл боғидан
Хотиржам боқаман ҳар неки содир.
Сени оғринтирмай кетиб боряпман,
Фақат сенга томон, олма хавотир.
* * *
Ўзи меҳрибонда, ёлғиз қўймагай,
Фақат андак ташвиш, синовлари бор.
Озгина сабр қил, ноумид бўлмай,
Эй, дил, муҳаббатнинг сўровлари бор.
Ажаб, кутилмаган савдолари бор,
Не бўлса ҳам қалбим сўзидан топдим.
Айтилган тилакнинг садолари бор,
Демак, адашмадим, ўзидан топдим.
* * *
Нотаниш қўнғироқ. Хўрсиниш.Сукут.
Балки бундан шодсан ва ё сен дилхун.
Ростдан таниш бўлсам яна бироз кут,
Айт, не дейин, дилхуш чорлашинг учун?
Таниш рақамлардан йўқламоқ мушкул,
Балки ҳорғиндирсан недир ташвишдан.
Балки унутгансан номимни буткул,
Мен сени чалғитгум энг муҳим ишдан.
Гоҳо шундай бўлар бирдан юрагинг,
Тўхтаб қоламан дер соғинч заҳридан.
Шунда англагайман сенинг керагинг,
Кечгим келар ҳатто дунё баҳридан.
Овозингни тинглаб тортаман сокин,
Бу қандай малҳамдир, бу не синоат?
…Афсус, етмаяпти бу сафар оҳим,
Ғаш тортган кўнглимга санчилар тоқат.
Наҳот, танимадинг мени, муҳаббат?
* * *
Ой фонуси кезар тун ичра,
Қайси йўлни ёритмоқчи у?
Балки бу дам ғамларин ича
Диллар гардин аритмоқчи у.
Гарчи кўпдир ҳаётда имкон,
Нега ҳар дам эмасмиз хушҳол?
Нега бунча гўзалдир ҳижрон,
Йиғлаб оҳлар чексак-да пинҳон?
Ой фонуси кезар тун ичра,
Эртанги кун не бўлар содир?
Мен бахтлиман соғинчлар кеча
Бу кеч сендан олсам хавотир.
Эртанги кун не бўлар содир,
Феълинг ўжар, ўтли нигоҳинг?
Мен қўрқаман ғанимлар бордир,
Дўстларингда пойлар ҳар онинг.
Гарчи кўпдир ҳаётда имкон,
Нега тинмай озор чекамиз?
Бироқ сен, ҳув, юлдузга ишон,
Қайғурма, биз бирга эканмиз.
Нега тинмай озор чекамиз,
Шукр, ғофил билмади тақдир?
Зўр синовга жонни тикканмиз,
Бу дунёда фақат ишқ – ҳақдир.
Мунажжимга дарс берар бу кеч,
Сени топган қалбим сабоғи.
Ухласангчи мен ҳам бўлай тинч,
Қизариб кетибди қабоғинг.