Муҳтарама Туркой (1957)

Муҳтарама Туркой 1957 йилда Навоий вилояти, Хатирчи туманида туғилган. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтини тамомлаган. “Туронгул”, “Кечиккан баҳор”, “Соҳир оқшомлар”, “Ишқ найсонлари”, “Кўнгилга мактуб” каби китоблар муаллифи.

ЭСКИ СУВРАТ

Уй тўрида қадимий бешик,
Чақалоққа зор кўринади.
Куёвнавкар кирмаган эшик
Остонаси хор кўринади.
Сочлари оқ бир пари момо
Боқиб йиғлар эски сувратга:
“Сизни кутдим бегим доимо,
Ишонмадим мен “қора хат”га.
Уруш – аждар кўпларни еди,
Сизни кутдим бўлиб интизор.
Биз ҳам бахтли бўлардик, деди,
Сиз қайтсангиз эди, азиз ёр”.
Карнай-сурнай, ноғора чалиб,
Куёвнавкар келарди, аттанг.
Ажал келди ҳаётдан ғолиб,
Жанггоҳ узра кечди қонли жанг.
“…Қаҳрамонлик кўрсатиб ўлди…”
Юрагини юлди “қора хат”.
У бир ўзи йиғлади, кулди,
Тақдир азал қилмади шафқат.
Қирқ кокили товонин ўпган
Сулув эди, сулув қизлардан.
Мана энди елкаси чўккан,
Қуввату нур кетган кўзлардан.
Ғижимланган қоғоздай юзлар
Чўп-устухон қўлларда асо.
Юрак ҳануз севгисин излар,
Ардоқлашдан чарчамас асло.
Садоқатин этмайди таъна,
Вафо бўлди умр йўлдоши.
Муҳаббати айлар тантана,
Томар эски сувратга ёши.
Сочлари оқ бир пари момо
Боқиб йиғлар эски сувратга…

* * *

Сен ёнимда эдинг, инжа бахт учун,
Шукрона айтардим борингга ҳар кун.
Мангу жудоликдан энди бағрим хун,
Йиғлай-йиғлай мана дийдам тош қотди.

Тақдир экан, унсиз икки ён кетдик,
Армонни етаклаб оҳ, қайга етдик?!
Айрилиқда кулиб оғулар ютдик,
Киприкларимизда аччиқ ёш қотди.

Афсус, чуқур экан қисмат қазган чоҳ,
Йиқилдик, орзулар қалбга солди доғ.
Жонимизни тилиб ишқ отлиғ пичоқ,
Тиғи суякларга воҳ, ёндош етди.

Тириклай айрилдик фарёдлар чекиб,
Энди йиғламсираб қаддимиз букиб.
Бўм-бўш юракларнинг қаърига чўкиб,
Бахт-қувончсиз қанча оқбош тонг отди.

Яшадимми билмам, ўлдимми билмам,
Неча йиллардирки мен дилдан кулмам.
Бу ишқ саҳросида тўзғиган гулман,
Боғбони йўқ боғим жонталош ётди.

Самога юзландим, о, тортди хира,
Туркойману нечун айланмам сира?
Худойимдан сенинг умрингни сўраб,
Кўксимда қон йиғлаб бир қуёш ботди.

СОҒИНЧ

Билмам яна қанча умрим бор,
Яхшиликка боғлайман умид.
Дунё гўзал, дунё бетакрор,
Бугун бўлар эртага унут.
Кеча-кундуз айланаверар,
Қуёш чиққач ой ботар ҳар кун.
Кўнглим ишққа бойланаверар,
Мен ҳаётга бўламан мафтун.
Гарчи бизни айирди қисмат,
Мен жимгина измига кўндим.
Сен ҳам кўндинг, о, илоҳий хат –
Ёзуғига тан бермайди ким?!
Йиғласам-да, кулсам-да тақдир
Инъоми деб бахт, ғамни севдим.
Эзгуликнинг бағрида кўп сир,
Ёвузликни дилимдан қувдим.
Момо Ҳаво қурган қўрғони
Меҳрим асрар самимий, содда.
Қусури бор ҳар бир инсоннинг,
Пок севгингни сақладим ёдда.
То чубин от олиб кетгунча
Ишқим сўнмас, сен бор тилакда.
Умид гули тўкмасин ғунча,
Мен соғиниб яшай юракдан.

ЭЪТИҚОД

Дардни берган Худодан
Шифосин ҳам сўрадим.
Юз буриб ғам – ридодан,
Дилни нурга ўрадим.

Умид узсам Тангридан
Кимдан кутарман нажот?
Дўстдан кўнглим ранжиган,
Ишончим бўлган барбод.

Ҳаёт китоби ёлғон,
Ечими йўқ саволин.
Ким ҳам ўйлар бу замон
Мен ушоқнинг уволин?

Молпараст, нафс қурбони,
Инсонлардан зерикдим.
Ўқий туриб Қуръонни,
Мен кўк билан бирикдим.

Эътиқодим, ор-шаъним,
Қувват берди, дил кулди.
Енгил тортди руҳ, таним,
Қалбим зиёга тўлди…

БИТТА НАРВОН УСТИДА

Бу кенгга кенг, торга тор,
Дунё энг катта бозор.
Барча нафсга харидор,
Битта осмон остида.

Эзгуликдан юз буриб,
Шайтонга ҳам дарс бериб,
Ким-кимга бергай фириб?
Тўни илон пўстидан.

Ишқли қалб чекар озор,
Жафо чекар вафодор.
Дўстнинг икки тили бор,
Сўзлар ёлғон-ростидан.

Кўнглим-ей меҳринг бало,
Севдингу сеҳринг бало.
Кулмадинг – қаҳринг бало,
Умр ўтар жон қасдида.

Ҳаёт – синов, боқ Туркой,
Ким ўгай, ким эркатой.
Бир-бир кетар шоҳ, гадой,
Битта нарвон устида.