Муҳиддин Абдусамад (1982)

Муҳиддин Абдусамад 1982 йили 5 январда Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий унивеситетининг журналистика факультети ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва ЎзМУ қошидаги Олий Адабиёт курсини тамомлаган. 2005 йили бўлиб ўтган IX анъанавий Зомин анжумани ғолиби. «Онажон», «У», “Парвозга шай дарахт”, “Учаётган киприклар” шеърий тўпламлари нашр этилган. Шеърлари инглиз, рус, озарбайжон, қозоқ тилларига таржима қилинган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

* * *

…фақат дарахтларга ошино кўнглим,
фақат дарахтларга ошиқадирман…
…Миртемир талпинган маҳзун мажнунтол —
Машрабнинг патила сочларимикан?..

…фақат дарахтлардан изладим калом,
бир ҳақнинг каломин, ҳур эрк каломин…
…заминга санчилган патсимон терак —
Навоий ушлаган ўтлиғ қаламми?..

…йиғласа ёшини ютади дарахт,
на ерга, на кўкка бўзлар додини…
…манов каллакланган озурда шотут —
бирорта бечора шоир зотими?..

…элга ҳам, ерга ҳам эркалик қилар,
самимий тушунар алдоқларини…
…дарахтлар тушунмас модернизмни,
кўз-кўз қилаверар бармоқларини…

…дарахтдай тобора кўкараяпман,
жонимга озуқа бахш этар тупроқ…
…қўлларимни кўкка кўтараяпман,
ҳавода силкинар сап-сариқ япроқ…

КУТИШ

Йўллар узилмади қадаминг тегиб,
Кўзим деразага қоришиб кетди.
Сохта йўловчилар кириб кўзимга,
Зулмат чўмган дилим ёришиб кетди.

Сендан висолингни қилмайман талаб,
Сендан дийдорингни қилмайман тама.
Аммо шуни фақат тушунтириб кет,
Сенинг қиёфангга кирганми ҳамма?

* * *

Катта бўлаяпман шекилли
Тобора кўзимга тор кўриняпти
Дунё…

* * *

Сотиб олмоқчи бўламан дунёни
Чўнтагимдан тўкилиб борар
Ой – чақа…
Чойчақа…
Бола-чақа…

* * *

Ота,
меҳнат дегани
бемаврид абр экан,
қора сочларингизга
ҳижжалаб қор элабди.

Она,
заҳмат дегани
қип-қизил шоир экан,
қаранг, пешонангизга
сатрлар қоралабди.

* * *

Бу қандай сукунат,
бу қандай бўшлиқ,
нечун шамс кундану ой тундан айро?!
Танимни титратиб тўкилар қўшиқ,
Вовайло, вовайло, вовайло…

Қанча бўлди сенга бўйламагандим,
менинг ташрифимга интиқ ғо р—
юрагим…
Истиғфор, истиғфор, истиғфор…

Бу қандайин фасл —
баҳорда кузак —
борлиғим,
вужудим ям-яшил хазон.
Бир насим елмоқда кўнгилга безак,
Руҳафзо, руҳафзо, руҳафзо…

* * *

Икром Отамуродга

Бир одам…
ич-этини кемиради
Ватанни деб,
Бир одам…
соат сайин семиради
Ватанни еб…

* * *

учиб кетмоқчи бўлади дарахт
япроқларин қанот деб ўйлаб
чангалини ботириб ерга

* * *

юрагингга қамалиб
оқиб кетаяпман
кўзингда

* * *

Баҳор –
Ўзига бино қўйган йигит,
Бойчечак – алданган қиз.

ИЧИКИШ

Сени соғингандан
Бош кўтаришар
Кўксимда
Қолган
бошинг
излари.