Муҳайё Рустам қизи 1973 йилда туғилган. Навоий Давлат педагогика интститутининг ўзбек филологияси факультетини битирган. Шеърлари республика матбуотларида чоп этилган.
* * *
Эй ёри меҳрибон, дилсултон,
Қирмизи қирларга кетайлик.
Лолалар қатлида уздим жон,
Ул алвон сирларга етайлик.
Боқ, ҳануз дарёлар солланар,
Мовий тус осмон-ку, изҳорим.
Кўксимда турналар жонланар,
Келсанг-чи, ишқ – ташна, баҳорим.
Эй ёри меҳрибон – нуржаҳон,
Кўкда ой – бинафша, уволим.
Намозшом гулига тўкдим қон,
Капалак руҳида хаёлим.
Мен каби ёнмагай хуршид ҳам,
Шом маҳал йиқилар ул аста.
Тун бўйи дардимга баҳам шам,
Ёстиқлар ингранар шикаста.
Эй ёри меҳрибон, мен – хазон,
Оввора япроқлар чирпирак.
Ям-яшил исмимда заъфарон,
Мезондай тентийди соф юрак.
Яланғоч дарахтлар – меҳмоним,
Куз каби сарғарган етимман.
Ёмғирлар бостирар исёним,
Келмасанг, айт, кимман, мен, кимман?
Эй ёри меҳрибон, ишқ ёмон,
Қарғалар тилида қисматим.
Қовоғинг заҳмида қаҳратон,
Довулми, изғирин исматим?
Сочимда қировлар илдизи,
Чучмома ҳидидан гуллайман.
Мен – сенинг қишингда қор қизи,
Ёзиғим на бўлғай… билмайман?!
Эй ёри меҳрибон, қадрдон,
Васлингни истарман муттасил.
Ҳисларим тўлқини нопармон,
Кўзларинг измида тўрт фасл.
Тақдирми, иккимиз туташмиз,
Севгилим: мен – тупроқ, сен – осмон!
Не ошиқ-маъшуққа ўхшашмиз,
Бу дунё кўрмаган ҳеч… ҳамон?!.
Эй ёри меҳрибон!..
* * *
Гўшангада йиғлар ёр,
Ғужгон айланар ари.
(Гулга томади азоб…)
Оҳ, бунчаям тун узоқ,
Узилади бармоқлар?
(Қурт босар гулғунчани…)
Ерга сиғмас баҳодир
Қиличдан ўтказади
Бир-бир гулнинг ҳидини.
Узун кокил хуррам қиз,
Талашар чумолилар
Ари тишлаган гулни.
Қулади сойга ҳилол,
Қон туфлайди баҳодир.
Эски чориқ кийди тонг…
* * *
Бахт қасридан каптарларимни
Бир кечада қўйдим учириб.
Умрим битган дафтарларимни
Қайта ёздим, ишқни ўчириб.
Менга маҳтал кўнглингда соям,
Киприкларим – ёмғирга пана.
Аламингда эзилган қоя
Тўқияпти ғамгин афсона.
Совуқ урган кузги гулларни
Тақдим этдинг севгимга атаб.
Мен муз қотган мунгли унларни
Яшар бўлдим бўғзимга қадаб.
Туртиб ўтса бемаврид шамол,
Чайқаланса кўҳна хотира.
Сенга қайтсам – ўзимга завол,
Ажабланма, шунда ҳам сира.
* * *
Ҳар гал мени
унутиб қўяверар вақт.
Кераксиз матоҳдай қоламан четда.
Ўксиниб-ўксиниб йиғлайман кейин.
Ҳолимга бош чайқаган каби
чиқиллаб жимликни бузади соат.