Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1998). Рус тили ва адабиёти институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган (1978). Илк шеърлар тўплами — «Таниш тераклар» (1985). «Булбулга бир гапим бор» (1987), «Илтижо» (1988), «Уйқудаги қиз», «Ҳалима энам аллалари» (1989), «Ишқ кемаси» (1990), «Кўнглимда бир ёр» (1991), «Бевафо кўп экан», «Ёлғончи ёр» (1993), «Эрка кийик» (1995), «Осмонимга олиб кетаман» (1998), «Улуғимсан, ватаним» (2004) каби шеърий китоблари нашр этилган. 2001 йил 31 июлда Элликқалъа туманида вафот этган.
ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ
Мендан нима қолар: икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб, бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан нима деса дер,
Мен сени ўйлайман ўзимдан кўпроқ –
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!
Мен кетсам, ёмондан йироқ бўл, оҳу,
Чунки сен чиройли, кўркли бир жувон.
Ёмон кунлар бир кун яхши бўлару,
Ёмон одам яхши бўлмас ҳеч қачон.
Яша, чегарада тургандек огоҳ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!
Уйда ётибману, сезиб турибман –
Кўкда кетаётир қушлар қайтишиб.
Хайрлар ёғдириб қанотларидан,
Хаста шоирига видо айтишиб.
Бор, менинг учун ҳам уларга қўл қоқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Уларни мен яна кўрарманми-а,
Айвондан одамдек кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди, юрагим пора –
Битта қизимни ҳам узатолмадим.
Демак, тақдир экан тўй кўрмай ўлмоқ,
Лола, лолагинам, лолақизғалдоқ.
Бироқ кўнглим сезар, мендан кейин ҳам
Бир кун бу ҳовлига одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим энг бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги руҳимдай оппоқ –
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Гулим, яқинроқ кел, қара, не савдо,
Бу ажиб ишларнинг дил лавҳига ёз:
Кимга қаср етмас, кимга мол-дунё,
Менга эса ҲАВО етмайди холос.
Тириклар мудроқда, ўликлар уйғоқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Кўксим куйиб борар, кўкрак ёнмоқда,
Айтинг дўхтирларга, ёришса ёрсин!
Жисм ўз улфати – жондан тонмоқда.
Бечора жон энди қаерга борсин.
Энди осмон йироқ, энди ер юмшоқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Буни ҳаёт дерлар, унутма асло,
Бир кун очиласан, бир кун сўласан.
Қалбимда-ку фақат сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан хотира – байроқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Аёл қалбинг билан сув кеч, олов кеч,
Ғам келса, бошингдан ҳушинг учмасин.
Худодан сўрадим: мендан кейин ҳеч –
Номард кимсаларга ишинг тушмасин.
Уларнинг қўлида ҳамиша тузоқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Ишинг тушса, иним Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида ишонганим шу.
Бир оз ичишини айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола, ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ, фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Жон сўнгги бошпана топаркан онгда,
У юрак остида дердим мен бўлсам.
Ажабланма, агар эртага тонгда
Сени ўпиб, Ўшни қучоқлаб ўлсам!..
Ўтинчим – тепамда йиғлама узоқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!
БИЗ БАХТЛИ БЎЛАМИЗ
Н.га
Майли-да, кимгадир
Ёқса, ёқмаса,
Уларга қўшилиб
Йиғлашармидик.
Биз бахтли бўламиз
Худо хохласа,
Худо хоҳламаса
Учрашармидик…
Райҳон ҳидларингни
Йўлларимга сеп,
Кут мени, ҳар оқшом,
Кўкка ой чиққан.
Фақат, йиғламагин,
Гуноҳим не деб,
Айбинг – онанг сени
Чиройли туққан!..
Менга бир табассум
Ҳадя эт, эй ёр,
Нур томсин
Лабларинг соҳилларидан.
Ўзинг айт, сендай қиз
Яна қайда бор,
Киприклари узун –
Кокилларидан?..
Ийманиб яшама
Хаёл пинжида,
Ёйил, яйра жоним,
Ўртанма ғамда.
Ғийбатларга чида,
Туҳматга чида,
Сен биттасан, ахир,
Ёруғ оламда.
Мен эса ошиғинг
Сенинг – энг ғариб.
Тундан сўз қарз олиб,
Тонгга тутгувчи.
Сенинг ёнингда ҳам
Сени ахтариб,
Сенинг ёнингда ҳам
Сени кутгувчи.
Иста, тиз чўкаман
Ҳозир олдингда,
Севдим, севганимдан
Уялмоқ нечун.
Барча фаришталар
Сенинг қалбингда
Ижарада турган
Қизлар мен учун!..
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса,
Учрашармидик?!
* * *
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени само тушунгайдир,
Сен, эй инсон, тушунмайсан..
Куйиб кўксим ўтар бўлсам,
Оқар бўлсам, кетар бўлсам,
Мени дарё тушунгайдир,
Сен, эй уммон, тушунмайсан.
Мен ҳам шайдо, мен ҳам мафтун,
Мен ҳам ҳеч кими йўқ Мажнун,
Мени лайло тушунгайдир,
Сен, эй жонон, тушунмайсан.
Менинг йўлим узун армон,
Ўзим довон, ўзим карвон,
Мени саҳро тушунгайдир,
Сен, эй сарбон, тушунмайсан.
Менинг борим эрур кўнглим,
Менинг ёрим эрур кўнглим,
Маъюс танҳо тушунгайдир,
Сен, эй хандон, тушунмайсан…
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени Оллоҳ тушунгайдир,
Сен, эй хоқон, тушунмайсан.
Кўнглим гул, кўзларим гулдир,
Юзим гул, қўлларим гулдир.
Мени сабо тушунгайдир,
Сен, эй тўзон, тушунмайсан…
Ғуборимдир бўйи райҳон,
Миноримдир тилим бийрон.
Мени дунё тушунгайдир,
Сен, эй нодон, тушунмайсан.
ИҚРОР
О, ота маконим.
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам.
Римни алишмасман бедапоянгта.
Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,
Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.
Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,
Тоғларинг ортимдан эргашиб юрар.
Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин.
Ё худбинман мен ё бир содда касман мен –
Парижнинг энг гўзал ресторанларин, Б
итта тандирингга алишмасман мен.
На гапга кўнайин,
На тил билайин,
Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат –
Уч кунда соғинсам нима қилайин,
Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.
Билдимки, баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,
Араб оҳусидан азизроқ менга.
Сен билан ўтган ҳар кун байрам – базм,
Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади.