Муҳаммад Сиддиқ 1972 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети Олий адабиёт курсида таҳсил олган (2005). Шоирнинг “Юрт соғинчи”, “Ишқ бекати” шеърий тўпламлари чоп этилган.
СЕВГИ
Севдим —
Тоғни даст кўтардим,
Дарёни ичдим.
Ойга бошим қўйдим,
Қуёшни қучдим.
ШАФТОЛИ
Синиб кетгудайин
Меваси бисёр,
Яна шунча юкка
Етар мажоли,
Бунча болаларин
Яхши кўрмаса,
Серфарзанд ўзбекка
Ўхшар шафтоли.
ҲАСАД
Араз билан хонангга қайтдинг,
Беҳол эшик ўзин зардалар.
Юзингга тик боқа олмасдан,
Икки томон қочди пардалар.
Юзларингни юзига босиб,
Йиғлаяпсан ҳозир, биламан.
Сочинг силаб, кўз ёшинг артган,
Ёстиққа ҳам ҳасад қиламан.
ПАҲЛАВОН ОНАМ
Оловларни пуркаб комидан
У кун ора ҳужум қиларди.
Онам уни енгарди ҳар гал,
Онам жангнинг сирин биларди.
Оҳ, онама, паҳлавон онам,
Аждарҳони енгган тикиб жон.
Косовларни қиличдай тутган,
Узмоқ учун менга кулча нон.
КЎЗЛАРИНГ ҲАҚИДА
Кўзларингда сокин уммон бор,
Кўзларингда юлдузли осмон.
Кўзларинг йўл эрур поёнсиз,
Кўзларингда тўртала томон.
Кўзларингда қуёшнинг акси,
Кўзларингда ойнинг тўлгани,
Кел, кўзингдан узмайин кўзим,
Қолгани не бўлса, бўлгани.
Бир боқсайдинг туннинг ҳолига.
КЎНГИЛ
Чил-чил синди ойнадек кўнглим,
Ер билан бир бўлиб ётади,
Энди юрсам товонларимга,
Кўнглим синиқлари ботади.
* * *
Уялиб кетаман гоҳида ойдан,
Бир пайтлар хилватда туриб,
Узиб бермоқчийдим уни кимгадир.
СОҒИНЧ
Кўнглим сезар, ҳозир ёрим ўсма юлар,
Йўлларимга қарар мени муштоқ бўлиб,
Борсам олдин гапирмайди, араз қилар,
Йиғлаб берар, сўнг юраги тўлиб-тошиб.
Баҳор ёққан ёмғирдайин кўз ёшлари,
Овунади, десам ўзинг кераккинам.
Ана, ҳозир у ўсмасин сиқаяпти,
Сиқиляпти чунки мени юраккинам.
ОЙ ДАРЧАСИ
Ой дарича,
Мўраласам —
Кетганларни
Кўрармидим?