Муҳаммад Исмоил 1964 йилда Сирдарё вилоятининг Ховос қўрғонида туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. Шоирнинг “Тазарру саодати”, “Тасаввур чизиқлари”, “Кўнгил мулкига сафар”, “Саҳройи гуллар”, “Сиз ҳамон ўшасиз”, “Сизни севмай бўладими”, “Баҳорнинг энг сўнгги лоласи”, “Чиройлисан, тенги йўқ”, “Кўксимни куйдирган аланга”, “Осмон тўла орзулар”, “Мени кучлироқ сев” каби китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Истиқлол тонгги” мукофоти совриндори.
НИДО
Ватан, аслинг улуғ, қудратинг буюк,
Фақат шер зотидан туғилгайдир шер.
Қалбинг жавҳарида жон каби суюк
Туғилмиш дунёга зийнат Алишер.
Ўзбек табиатин ҳикмати мисол
Рамзи мисол шу тоғ, қир-адирларнинг.
Сен бердинг бу улуғ миллатга тимсол,
Амир Темурларни, Яссавийларни.
Ватан, ким бўлгайман, сени унутсам,
Ҳайбатинг, даъватинг унутсам — хорман.
Кўкларга кўтардинг ерга йиқилсам,
Ўзингга ўргатдинг, мен қарздорман.
Ватан, кўнглим учун сўрамам асло,
Бир шеър бер, таъзимим бўлсин мужассам.
Куйлайин шеър ила кўксим бўлиб чўғ,
Ўзга ҳеч нарса йўқ сендан мукаррам.
Ватан, аслинг улуғ, қудратинг буюк…
* * *
Деразам ортида ҳар тонг, ҳар саҳар,
Ҳали уйқу ичра ётганда шаҳар.
Ер-у кўкни шавқу завққа тўлдириб,
Пок ният қушларнинг қўшиғи янграр.
Бу ғамза, бу ишва, бу авж, тарона,
Бу нола, бу чаҳ – чаҳ, бу шодиёна.
Бу оҳанг, бу жаранг, бу ноз мастона,
Бу сеҳр, бу садо, соз байрамона…
Не-не шаҳар, не-не Ватан оралаб,
Не-не диёр, не-не чаман оралаб.
Не-не ўлкалар-у, маскан оралаб,
Не-не қитъа, сарҳад ичра саралаб.
О, юртим қушларнинг сайраганлари
Шаънингга достондай туюлар бари!
Қанотига олиб эзгу тилаклар,
Сенинг иқболингнинг нурли хабари…
Биламан, шамолдай шошиб елгандир,
Узоқ-узоқдан йўл босиб келгандир.
Бироз ҳоригандир, бироз толгандир,
Талпиниб келгандир, топиб келгандир!
Юртим бу қушларнинг сайраганлари
Шаънингга достондай туюлар бари!
* * *
Бу олам бағрида бир митти зарра
Каби умримиз бор, бугун ё эрта.
Гарчи, ожизмизу, аммо юз карра,
Буюкмиз шу умр акс этса шеърда.
Коинот қошида дунё тангадек,
Гарчи ҳориб, толиб ботади терга.
Бироқ тафаккурда олам мангудек
Агар жо бўлолса бир улуғ шеърга.
* * *
Қара, осмон қандай бесарҳад,
Кўкда оппоқ ой сузиб юрар.
Хаёлимда абадул-абад,
Чеҳранг шу ой сингари турар.
Ер юзида қолдирмай белги,
Бир кун танни тарк айласа жон.
Кўкда қолар бизларнинг севги,
Ҳамда шу ой, юлдузли осмон.
ОДАТ
Бу нозми ва ёки араз билмадим,
Нима гуноҳим бор, сўйлашгингиз йўқ.
Сизни севмоқни ҳеч орзу қилмадим,
Фақат юрагимда ловуллаган чўғ.
Майли масхаралаб кулинг устимдан,
Бир ҳақиқат аён менга ҳар қалай.
Барча гўзалларнинг одати зимдан
Севдириб қўймоқ сўнг, кетмоқ қарамай.
ХАВОТИР
Кетаяпман яна саргардон,
Дилни тўкди ғуссаларингиз.
Сизга нима бўлди, онажон
Бунча чўкди жуссаларингиз.
Қартайибсиз. Кўзим ўяр ғам.
Жазолама, кўкда Қодир зот.
Худо, бергин онамга малҳам,
Яна бир йил бахш этгин ҳаёт.
Ҳар дам учун шукрона айтай
Ҳар дам учун бўлай қарздор.
Ҳар дам учун бошим кўтармай,
Сажда қилай токи онам бор.
Унга ўн йил умр бер, Тангрим
Унга юз йил ҳаёт бер, Худо.
Мукка тушиб минг йил сўрардим,
Минг йил бизни этмасанг жудо.
Кетаяпман, аммо биламан,
Айирасан бизларни бир кун.
Тириклайин дорга иласан,
Олисларга кетганим учун.
Сўнгра дорда ўтади умрим,
Балки бир йил, ўн йил… осилиб.
Қайғулардан қораяр турқим,
Қора кунлар нуқси босилиб.
Бизни боғлар ердан Худога,
Она берган жоннинг риштаси.
Она лойиқ мангу дуога,
Она – кўкнинг ҳур фариштаси.
Кетаяпман яна саргардон,
Билолмайман, қайтаман қачон.
* * *
Сиз бунча яхшисиз, кўнглимни
Шод этдингиз, сархуш, сармастман.
Ҳар ён чопиб, энди ўзимни
Қўярга жой топаолмасман.
Қанча кутдим бу лаҳзаларни,
Неча йиллар уриндим нолон.
Юрагимда бахт ларзалари,
Кўринмоқда яшамоқ осон.
Кучга тўлдим мен фавқулодда,
Гадо эдим, шоҳ бўлгандайман.
Энди келгандайман, ҳаётда
Мен қайтадан туғилгандайман.
Атроф гўзал. Боқаман мафтун
Гул-чечаклар очилган каби.
Юзингизда балқиган ҳусн,
Кенг оламга сочилган каби.
Муҳаббатга эга ҳар инсон,
Яшаш сирин кашф этар экан.
Севмаганлар қул ва нотавон,
Келар экан ва кетар экан.
* * *
Қара, осмон қандай бесарҳад,
Кўкда оппоқ ой сузиб юрар.
Хаёлимда абадул-абад,
Чеҳранг шу ой сингари турар.
Ер юзида қолдирмай белги,
Бир кун танни тарк айласа жон.
Кўкда қолар бизларнинг севги,
Ҳамда шу ой, ҳамда шу осмон.
* * *
Бу оламда заррамиз-зарра,
Бугун келиб, кетармиз эрта.
Ожизмиз-у, аммо юз карра,
Буюкдирмиз акс этсак шеърда.
Олам ҳатто арзимас гоҳо
Жон куйдириб ботмоққа терга.
У ҳам гўзал, буюкдир аммо
Акс этганда биз ёзган шеърга.
* * *
Бу тўртлик шеър эмас, сўз эмас, фарёд
Ёнаётган юрак ҳайқириғидир.
Одамнинг Худодан ахтариб нажот,
Одамнинг одамдан айрилиғидир.
Юрак кўксимизда турган фаришта,
Яшайди бўйсунмай ўзимизга ҳам.
Ҳар он қарармидик кўкка ташвишда,
Ерда бўлса бизлар излаган одам.
* * *
Шу ҳам қор бўлдими, бўронми шу ҳам
Руҳимизда тентиб юрганда аёз.
Бир кун табиатни қутқарар кўклам,
Аммо айтинг, бизни ким қилар халос?
Келмас неча йилки баҳор бағримга
Кўз ёш тўкай десам музлаб қолгандир.
Эй ёр, сен кетдинггу, абгор қалбимга,
Қаҳратон ўз уйин қуриб олгандир.
ТЎРТЛИКЛАР
* * *
Юракда урар туғён, ўзимни унутганман,
Дунёни унутганман, шошаяпман сен томон.
Гўёки мен соғинчнинг ёйидан узилганман,
Гўё манзил томонга учган сингари камон.
* * *
Бизга орзу ҳаёт бағишлар ҳар дам,
Умидсизликдадир барча иллатлар.
Умидсиз қолса гар, нафақат одам,
Ҳалок бўлар ҳатто буюк миллатлар!
* * *
Бизни таъқиб этар хаста яшамоқ,
Эрксизлик тўсади гоҳ йўлимизни.
Аммо ижод ичра кўтариб байроқ,
Биз енгиб борамиз ўлимимизни!
* * *
Ҳар тонг вужудимни қамрайди ҳайрат
Шукрона айтаман ҳар тонг Ўзига.
Борлигим дунёда қандай буюк бахт,
Тириклигим қандай буюк мўъжиза!
* * *
Ишонмайман демагин минбаъд,
Жаҳаннамни этмагин инкор.
Сен минг бора этсанг ҳамки рад,
Бу олов бор ва ўчмас зинҳор!