Мирза Қайнаров 1938 йили туғилган. Самарқанд давлат университети физика-математика факултетини тамомлаган. Меҳнат фахрийси. “Она руҳи”, “Кўнгил дафтари”, “Дўст дийдори”, “Оталар юрти”, “Ватаннома, ишқнома” каби тўпламлар муаллифи.
ОЛАМ АҲЛИ
Бори олам аҳли истар тинчлигу ҳам офият
Истаюр оройишу осойишу ҳам аҳлият.
Кетди зое меҳнатим дея, курашдан тўхтама,
Дўст, орзуинг ушалгай бўлса дилда пок ният.
Одамийлик бирла ўлчангай одамнинг қадри, бас
Одами эрмас одамда бўлмаса гар қадрият.
Баҳра олса ҳар киши ўз меҳнатидан бахтлидур,
Ул кишининг чеҳрасида барқ урар мамнуният.
Баъзиларнинг қилмиши ҳеч бир китобга сиғмагай,
Суврати одам кабию сийрати ҳайронсифат.
Эзгу ният, эзгу ишлар бирла одам зийнати,
Дейди инсон лафзида эзгу калом бўлсин фақат.
Этма тоғларни қиёс юксак баландлик рамзи деб,
Мирза, тоғлардан баланддир мардларда орият.
ЖОН ҚАДАР
Суҳбат айлайлик кел, эй дўст, тарқасин дилдан ғубор,
Дўстни гар кўрсам қувончдан кўзда ёшим шашқатор.
Барча шодликлардан афзал, дейдилар дийдорлашув,
Айни дийдор пайти келди, келди дилбар — навбаҳор.
Қайда маърифат, адолат, эзгулик устун эрур,
Мамлакат топкай ривож, ҳам тинчлик ўлғай барқарор.
Тўғри йўлдан юрди халқим, ёғига тан бермади,
Халқимизга: «Дил ба ёру даст ба кор» бўлди шиор.
Юртни обод айламак инсон учун фарздир азал,
О, нечоғ хўб она юртинг бўлса боғ-роғ, лолазор!
Барча бирдай жон фидо этмас экан юрти учун,
Чун фақат мардлар курашгай юртни деб мардонавор.
Энг азиз ҳам жон қадар инсонга асли юртидир,
Мирза, ҳар ким она юрти бирла этсин ифтихор.