Минҳожиддин Мирзо (1965)

Минҳожиддин Мирзо (Ҳожиматов Минҳожиддин) 1965 йил 30 июлда Андижон шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (2002). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1990). «Нилуфар» (1994), «Висол хабари» (2003) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Р. Ҳамзатов, А. С. Пушкин каби шоирларнинг шеърларидан ўзбек тилига намуналар таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).

САЖДАГОҲИМ

Малаклар дуоси ёғилган чаман,
Ҳақ ўзи раҳматин сочган диёрим.
Ҳар сабзанг, райҳонинг суйиб қучаман,
Эй менинг жаннатим, боғу баҳорим!

Минг йиллик чинорлар Форобий каби
Ғурур бахш этади ҳар мурғак жонга.
Асрий минорларинг Бухорий каби
Саодат тилайди жумла жаҳонга.

Зулматлар бағрини тилкалаб ўтган
Қуёш қучоғида афсонам, Ватан.
Ўтинч дуолари фалакка етган,
Қутлуғ саждагоҳим, остонам, Ватан.

— Халқ йўли — ҳақ йўли, истиқбол йўли,
Эзгу қадамлардан яралур бўстон.
Давру давронларинг қайтгани чиндур,
Бугун ҳар гўшангда янги бир достон.

Дерлар, тоғ ўсишин сезмайди инсон,
Илғолмас чўққилар юксалган чоғин.
Аммо бутун олам гувоҳдир бу кун
Қандай ўсганлигин озодлик тоғин.

Ободлик йўлини азм этди бу эл,
Фарҳодлар яралур фидоларидан.
Шунчалар азиз ва хислатли бу ер,
Темурлар яралур дуоларидан!

 КЎНГИЛ СОҒИНЧИ

Кўзларингда қуёшни кўриб,
Эриганди муз қалбим бирдан
Бошим узра ўриклар гуллаб
Нур олганди дилдаги сирдан.

Настаринлар шивирлаб сокин,
Ифорларга кўмгач оламни.
Ҳайрат ила қўлга олгандим,
Қизғалдоқлар унган қаламни…

Қанча йиллар ўтди, фасллар
Қайтмади ҳеч у сирли онлар.
Тушларимда мени қуршар гоҳ,
Хушбўй сочлар — садарайҳонлар.

Қор қўйнида очилмас лола,
Муз бағрида гулламас дарахт.
Энди қалбим сенга ҳавола,
Баҳорларим олиб кетган бахт…

 ШИВИРЛАМА, ШАББОДА

Шивирлама, хаёлим бўлиб,
Лабларимга томизма бода.
Жоним ҳозир кетар тўкилиб,
Шивирлама менга, шаббода.

Нафасингни ўхшатдим жуда
Менга азиз бўлган нафасга.
Қўй, жонимни учирворасан,
Зўрға солдим ўзи қафасга…

Шивирлама менга, шаббода,
Қўзғатма дил япроқларини.
Кўтаролмас энди вужудим,
Бу юракнинг титроқларини.

Сочларимни силама, кетгил,
Чидолмайман меҳрингга ортиқ.
Қўйгил мени, буткул унутгил,
Энди қалбим ўзгага тортиқ.

Шивирлама менга, шаббода,
Сўнгги чўғни қўзғаб нетасан.
Қўйгил энди, ўз ҳолимга қўй,
Дардим айтсам, ёниб кетасан…

Шивирлама менга, шаббода…

* * *

Ҳамид Олимжон ғазалига мухаммас

He толе бу келиб дунё, ишқ тилаб хаста ҳол бўлсам,
Юзинг гулин кўргач дилим туголмай гул, лол бўлсам,
Сен эй, феруза осмоним, йўлингда бир ҳилол бўлсам,
На бўлғай бир нафас мен ҳам яноғинг узра хол бўлсам,
Лабинг япроғидин томганки гўё қатра бол бўлсам.

Ўтар бўлди мени Мажнун ҳолига солиб бу кунлар,
Муҳаббат кўшкида борми, бахтга ёр бағри бутунлар,
Сен эй гул сен талаб этсанг бу жонимга оғир хунлар,
Бутоғинга кўниб булбул каби хониш қилиб тунлар,
Ўпиб ғунчангни очмоқлиққа тонг чоғи шамол бўлсам.

Менингдек дилхаста сендин шифо истаб тилар соғлиқ,
Самандек кўкка сапчирман, кетолмам лек дилим боғлиқ,
Бу гулшандин йироқлашсам кўнгилда гул тугар оғриқ,
Бўйинггни тарқатиб оламни қилсам масту мустағриқ,
Ўзимни санъатимга сўнг ўзим ҳайратда лол бўлсам.

Қуёш пойида ул ой ҳам васл истаб чўкодир тиз,
Инонсиз бир бол аридек қошингда бўйлагум ғиз-ғиз,
Бу дил измингга бўйсунмиш кетиб бор ихтиёр, эй қиз,
Сенинг бир-ла қолиб масту лол оламда мен ёлғиз,
Ўзимни ҳам тополмай, майлига, охир хаёл бўлсам.

Етолмасдан куйиб ўлмай, Қайс каби қатра болингга,
Учирма, қўй, қўнган кўнглим булбулин юрак торингга,
Шукур дейман сенингдек Лайлидил соҳибам борингга,
Кезиб саҳрою водийлар етишсам бир висолингга,
Фидо жонимни қилдим йўлингга, майли, увол бўлсам.

КИМ ВАТАНГА ЁРДИР ВАТАН АНГА ЁР

Булбулга тикондин етса-да озор,
Унга азиз эрур шу жой, шу гулзор.
Юртим, булбулларинг нафасин туйдим,
Ким Ватанга ёрдир, Ватан анга ёр.

Муҳаббат иймонли ҳар дил зиёси,
Кўнглимга ўт солса бир гул ҳаёси.
Ёрдин диёримни ортиқ севмасам,
Куйсин мендай ошиқ икки дунёси.

Майли, боғларингда тер тўкай тинмай,
Майли, яшай бир зум роҳат не билмай,
Бошимдан зар тўкиб, тилло сочса-да,
Ўзгага бир сиқим туфроғинг бермай.

Меҳринг – юрагимнинг нури-қуёши,
Тегса малҳам дейман шу замин тоши.
Майли гўжа бўлсин, майли у ёвғон,
Мен учун энг тотли шу юртнинг оши,

Мардинг шод қаршилар, ҳар синов онни,
Бир кун мендан сўрсанг, шу азиз жонни,
Танимни калхатлар нимталасинлар,
Магар бахт демасам мен бу имконни.

Эркинг, муҳаббатинг, дилга оқмаса,
Сенинг қайғуларинг кўнглим ёқмаса,
Розимасман агар кўзим туғингни
Қуръондай муқаддас билиб, боқмаса.

Сенга кўтарилган у қўллар синсин,
Ундайин юракнинг дукури тинсин,
Баҳорингни ҳеч вақт урмасин аёз,
Сенга тушар қиров кўзимга инсин.

Ёв келса камонинг ёйинг бўлай ман,
Белишта боғланган шойинг бўлай ман,
Пешонамга битмиш ёрлақаб танфим,
Фақат пешонамда сени кўрай ман!

* * *

Шеър ўзи нимадир, ишқий калима,
Ойдин булоқ гули – шаффоф бир туйғу!
Ё, кўнгил йиғиси, шуур гавҳари,
Ё, ҳайрат, ё ҳасрат, энг ширин қайғу!

Шеър нима, пайконми, руҳга санчилган,
Ёки, қалб дарахтин сирли япроғи.
Балки нилуфардир дилда очилган,
Кўнгилда улғайган Мажнун титроғи?

Шеър нима, дардми у ё зикр ажиб,
«Аналҳақ» деган ул кўнгилнинг оҳи.
Дилдаги жаннатми, боғлари нажиб,
Қайда у рухдаги дарвеш даргоҳи?

Шеър нима, тилсимли зулмат вужуднинг
Қаъридан ой каби чиққан ифода.
Кўнгил тоғларига қўнган бургутнинг,
Ўтли нигоҳидан тўқилган бода?

Англамоқ кўйида дил сўйлар тошиб,
Чин шеърки, бир қақнус – дилга раводир.
У – мужда – етти қат осмондан ошиб,
Ҳақдин келаётган тоза ҳаводир…

БАҲОР БУ АБАДИЙ ҲАҚИҚАТ ЭРУР

Чўлпонни эслаб

Ҳақиқат йўллари эмасдир осон,
Ҳақ қарор топаркан кураш бор жойда
Маъюслик чеҳранга ярашмас инсон,
Уйларинг курашсиз эрса бефойда.

Эсладим бир зотни, ҳақпараст ўктам,
Замоннинг залворин четга отди у.
Тобелик оғусин тотган дилни ҳам,
Уйғотиб офтобдай эрта ботди у.

Ҳақиқат йўлида йиқилди ҳориб,
Кўзлари сўнаркан жилмайиб кулди.
Кун келиб минглаб дил чора ахтариб,
Уйғонди, демакки ўрнидан турди.

Аммо, у туролмас мангу тупроқнинг,
Мунис ҳамдамига айланиб қолди.
Чироғи бўлди у яқин-йироқнинг,
Дунёда ҳақпараст нигоҳи қолди.

Ҳақиқат, ҳақиқат – баҳор асли бу
У ўша баҳор деб ахир яшарди.
Баҳорнинг борлигин исботлаб воҳ у,
Эрта юз кўрсатган гулга ўхшарди.

Илк чечак эди у аёзга рақиб,
Бу зотлар дунёга яшиллик берур.
Аёзлар қилмасин минг бора таъқиб,
Баҳор бу – абадий ҳақиқат эрур.

ОНАМ ЭККАН РАЙҲОНЛАР

Ҳовлимизга жаннат бўйин таратган,
Саболарга ифор тутган, яйратган,
Кўкдан ойу офтобни ҳам қаратган,
Борлиғида малакларми ниҳонлар,
Ризвон экан онам эккан райҳонлар.

Капалаклар аримасди қошидан,
Боларилар кетолмасди бошидан,
Унганмиди онамнинг бардошидан,
Оҳ кафтдаги жаннат, дерди гирёнлар,
Эҳсон экан онам эккан райҳонлар.

Гарчи гул кўп бу оламда ифорли,
Қўл чўзсанг гар озорлигу, тиконли,
Тароватли, муслим каби иймонли,
Уни аршдан туширмишми посбонлар,
Жаҳон экан онам эккан райҳонлар.

Ҳар тонг туриб сийпарди гул юзларин,
Эркалаган она каби қизларин,
Сирдош билиб айтганми дард, сўзларин
Ўша чоғлар нени қилмиш баёнлар,
Достон экан онам эккан райҳонлар.

Бошим қўйсам мен кўксига онамни,
Райҳон иси чулғар эди танамни,
Оҳ, у жаннат тарк этдими оламни,
Япроғига йиғлаб тақдим маржонлар,
Фиғон экан онам эккан райҳонлар.

Она десам зор титрайди бу жоним,
Кетдими-я бор давлатим, жаҳоним,
Меҳрибон йўк, кайда у меҳрибоним,
Дардим энди кандай тутай пинҳонлар
Дармон экан онам эккан райҳонлар.

Соғинчимга бу дунёда йўқ чора,
Ғариб боғман, боғбонсиз қалб минг пора,
Онамсиз мен ким бўлдим, бир бечора
Татирмиди менга бу ширин онлар,
Даврон экан онам эккан райҳонлар.

Бир кун мен ҳам бу дунёдан ўтарман,
Балким, қўлда райҳон билан кетарман,
Шундай онам дийдорига етарман,
Даркор эмас бундан ўзга унвонлар,
Имкон экан онам эккан райҳонлар…

БУЛБУЛ ҚЎШИҒИ
Расул Ҳамзатовдан

Булбул қўшиғини тинглаяпсанми,
Унда янграётган тантана тинмас.
Нима ҳақда куйлар англаяпсанми,
Аммо номаълумдир ҳеч кимса билмас.

Иймоним комилдир, ишонч-ла айтгум,
Ватан ҳақидадур бу қўшиқ – бонглар.
Агар ўзга мавзу бўлганда шаксиз,
Жонига тегарди аллақачонлар.