Минҳожиддин Ҳайдар (1941)

Журналист ва шоир Минҳожиддин Ҳайдар 1941 йилнинг 3 май кунида Андижон вилояти, Олтинкўл тумани Маслаҳат (Тўн кўйган) қишлоғида таваллуд топган. Андижон медицина билим юртини (1958-1960), Тошкент Давлат дорилфунунининг филология факултетини (1963-1968) тамомлаган. «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») рўзномасида, «Ёш гвардия» ва Ғафур Ғулом нашриётида етакчи муҳаррир бўлиб хизмат қилган.
Унинг биринчи шеърий тўплами 1971 йилда «Инсон юраги» номи билан чоп этилади. Сўнгра унинг «Нина устида қаср» (1979), «Ўчмас бўрон» (1979), «Тирик аланга» (1984), «Булбулсўз» (1991) каби бир қатор шеърий тўпламлари ва 1992 йилда «Мусалло» номли публицистик асарлари босилиб чиққан.

* * *

Мен неки кўрибман бу олам аро,
Балки улар ҳаёт ҳукмигадир хос.
Бироқ омонатдай туюлар дунё,
Баъзан бўёқларга қўйилса ихлос.

Гоҳ сохта ҳуснга мафтунмиз рости,
Ранг пардаси ичра қучиб, суямиз.
Олтиндан афзалку тишимиз асли,
Гоҳ унга тилладан ниқоб қўямиз.

Гоҳ юпатмоқ бўлиб инжиқ гўдакни,
Пуффак тутқазамиз — ранги бир олам.
Э воҳ, баъзан шундай рангдор пуффакни
Тутқазиб қўямиз катталарга ҳам.

Дунёнинг ишлари асли-ку ажаб,
Дур садаф қўйнидан топмиш ошиён.
Ажаб, аслида-ку қилич қон талаб,
Лекин қинни безар ёқуту маржон…

Қалбим садосига қулоқ тутдим жим,
Бир нидо руҳимга сингди илк марта:
Эҳ, қиличку қилич ва лек, дўстларим,
Виждон кўзини ҳеч тўсмасин парда!..

БУЛБУЛ
(Ривоят)

Тили билан чертармиш юрак созини булбул,
Шундан, оҳанг сеҳрига сингиб кетаркан одам.
Тили билан чертармиш юрак созини булбул,
Шундан, митти тилида эриб кетаркан олам.

Тили билан чертармиш юрак созини булбул,
Унинг юраги эмиш — минг битта куйга маскан.
Ҳар бир куйига яширин экан гавҳари кўнгул,
Минг куйни сайраб, бироқ биттасини топмаскан.

Тили билан чертармиш юрак созини булбул,
Йўқолган қалб парчасин нечун қўмсамас куйи?!
Куйларини бирма-бир такрор этиб у буткул,
Йўқолган куй дардида ёнаркан умр бўйи.

Тили билан чертармиш юрак созини булбул,
Балки, йўқолган куй деб юрак янгроқ шу қадар?!
У — эзгу бир сирмиди, айтиқеиз дардми нуқул
Ё олий нафратмиди, қалбда тош қотган кадар?!

Тили билан чертармиш юрак созини булбул,
Ахир, юракда борин айтолмаса найласин?!
Ҳалал бермангиз унга, эй, Одамлар!
Ахир ул
Ўша биттасини ҳам, майли, топиб сайрасин!..

СОҒИНЧ

Қилдайин ингнчка тортдими бардош,
Қалбда жўшар соғинч тўла ҳаяжон.
Киприклар дорбози — тўлғин қатра ёш
Кўзгусида кўрдим Сизни, ОНАЖОН!

Ана, ипак қатмин тортяпсиз сергак,
Тилга кирмоқчидай каштангиз гўё.
У — малак бир қизга аталган палак,
Ё кенжа ўғилга «куёв сарупо…»

Ипакмикан десам товланган қўлда —
Экан сочларингиз кумуш толаси.
О, Онажон, нечун кўзингиз йўлда,
Пурсоғинч нигоҳ-ла ўйга толасиз?!

Қалбим торларига тушади ларза,
Унсиз эзгу куйга қулоқ соламан.
Куй-ла оқиб келар меҳрингиз аста,
Жондай мактубингиз қўлга оламан:

«Болагинам, мунча кетмасанг олис,
Айрилиқда — жонни ўтга қалайман.
Аксинг кўринарми экан деб ҳар кез,
Тўйиб-тўйиб тўлин ойга қарайман…»

Недир тиқилгандай бўлар бўғзимда,
Қайноқ қонларимда ўтли ғалаён.
Онажон, сиймонгиз ўчмай кўзимдан,
Ўқдай отиламан ташқари томон:

Серюлдуз — пахтазор ичра оралаб,
Кимдир келар эди — қадди дол бўлиб: —
Оҳ, ОНАЖОН, Сизми келяпсиз излаб,
Нур каҳкашон ичра бир ҳилол бўлиб?!