Менгнор Олломуродов (1955)

Менгнор Олломуродов 1955 йилда туғилган. Унинг “Юрагимда йиғлаб турган қиз”, “Севги дарахтининг гули”, “Арзимни  ўғлимга еткар”, “Наврўз ёки сиз истаган келин келди” сингари китоблари чоп этилган.

ИККИ ҚУШДАЙ УЧАЙЛИК

Юлдуз-юлдуз боғларда
Самойи ой кўринур.
Соғинч-соғинч чоғларда
Сочларинг сой кўринур.

Тун кўнглима нур бўлиб,
Ой – маҳвашим, келсанго.
Тунд кўнглима ҳур бўлиб,
О, оташим, келсанго…

…Сен баҳорий боғсану
Хори аҳволим надир?
Сен чашмаи шўхсану
Ташнаи ҳолим надур?

Бир-бирга дил очайлик
Сайри сайҳон ичинда.
Икки қушдай учайлик
Сирли осмон ичинда.

Икки қушдай учайлик
Сирли ниҳон ичинда…

САРҒАЙГАН СУКУТ

Ҳисларнинг тоғдайин кўчганин кўрдим,
Тоғларнинг хасдайин учганин кўрдим,
Ойнинг қаро тунни қучганин кўрдим,
Сайраган тилимда – сарғайган сукут.

Ким дунёни бозор деб айтса, нетай,
Қоплонни бир илон даф этса, нетай,
Бол қовунни бир ит еб ётса, нетай,
Сайраган тилимда – сарғайган сукут.

Зуҳр Қоработир майлида ўйнар,
Зилоллар залолат зайлида ўйнар,
Шайтонлар бўстонлар сайлида ўйнар,
Сайраган тилимда – сарғайган сукут.

Тоғларнинг кўзёшин Тошли сой ичди,
Румийнинг руҳини тўйиб най ичди,
Хайём хазонлиғда куйиб май ичди,
Сайраган тилимда – сарғайган сукут.

Йўлману, елману кўчкинчидурман,
Гулману, кулману ўткинчидурман,
Борлиқда йўқликму не синчидурман,
Сайраган тилимда – сарғайган сукут.

КЕЧИРИМ СЎРАЙМАН

Ўзимни йўқотиб қўйганим аён,
Билдим, дунёда не ёмондан-ёмон,
Бошимда маломат тоши беомон,
Кечирим сўрайман сендан юрагим!

Ҳаёт гавҳар берди менга бебаҳо,
Мен уни синдирдим бефарқ, бепарво,
Инграган сасимдир зорли бенаво,
Кечирим сўрайман сендан юрагим!

Дунёда тонглар бор, шомлар-да йўқмас,
Гоҳ кўнглим гулнафас, гоҳида абас,
Кеча дарахт эдим, мен бугун бир хас,
Кечирим сўрайман сендан юрагим!..

…Бир лаҳза кўзимни босган эди хоб,
Тўфон каби босиб келди изтироб,
Битта хато учун шунчалар азоб,
Кечирим сўрайман сендан юрагим!

ОТАШИНГДА ГУЛЛАЯПМАН ИШҚ

Ишқдир менинг сари сайроним,
Ишқдир менинг руҳи райҳоним,
Ишқдир менинг гули найсоним,
Оташингда гуллаяпман ишқ!

Ишқ келдими, мен шўхман, эй, дил,
Ишқ кетдими, мен йўқман, эй, дил,
Ишқ ёндими, мен чўғман, эй, дил,
Оташингда гуллаяпман ишқ!

Ишқсиз ҳаёт, ғавғойи ғашдир,
Ишқсиз юлдуз – музлаган тошдир,
Ишқ навоси нури қуёшдир,
Оташингда гуллаяпман ишқ!

Бағрингдаман, ҳалвойи сўзим,
Меҳрингдаман, ҳумойи юзим,
Сеҳрингдаман, эй, қаро кўзим,
Оташингда гуллаяпман ишқ!

Ишқ оҳида адойим менинг,
Ишқ боғида пайдойим менинг,
Ишқ моҳина фидойим менинг,
Оташингда гуллаяпман ишқ!

Ишқсиз дарё, йўлингдан қолма,
Ишқсиз дунё, қошима келма,
Ишқсиз кунни бошима солма,
Оташингда гуллаяпман ишқ!

Лола каби ловуллар жоним,
Дарахт каби шовуллар жоним,
Олов каби ол гуллар жоним,
Оташингда гуллаяпман ишқ!